Мусулмонлар айбини яширишнинг фазилати (1)

0

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримизга ҳамда у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин.

Сатр қилиш (айбларни яшириш) подшоҳлар подшоҳи бўлган Аллоҳнинг энг улуғ сифатларидан, сатр неъмати эса неъматларнинг энг буюкларидандир. Агар бизнинг устимизда Аллоҳнинг сатр қилиши бўлмаганда ҳаётимиз тотли бўлмас эди. Бу дунёдаги ҳаёт фақатгина билувчи ва ҳикматли бўлган Зотнинг гўзал сатри билангина ёқимлидир. Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ҳаёли ва Ситтийр (яширувчи) Зот бўлиб, ҳаё ва сатрни яхши кўради. Бас, бирортангиз ғусл қилса, ўзини тўссин», дедилар”[1].

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Нуния»сида айтади:

“У ҳаёли Зотдир, бандаси тарафидан маъсият содир бўлганда уни шарманда қилмайди. Балки, унга Ўзининг сатрини ташлайди. Зеро, У сатр қилувчи ва мағфират соҳибидир”.

Барчамиз Аллоҳнинг сатр қилиш неъматига мушаррафмиз. Ҳар сафар одамлар билан кўришганимизда улар бизга қараб табассум қилсалар, Аллоҳнинг бизга бўлган сатр неъматини эслашимиз даркор. Зеро, одамлар бизнинг юзимизда кўрадиган илк нарсалари карамли Аллоҳнинг гўзал сатридир. Ушбу неъмат Аллоҳдан ҳаё қилишни тақозо этади, унинг учун шукр қилишни ва ундан маҳрум бўлиб қолмаслик учун кўп амал қилишни вожиб этади. Сатр неъматидан маҳрум бўлиб қолмаслик учун қилинадиган энг яхши амал ва умидбахш тоат –одамларни сатр этиш, уларнинг айбларини яшириш ва бошқаларни шарманда қилишдан воз кечишдир. Аллоҳ таолонинг айбларни чиройли яширишини кўрган мўмин инсон учун одамларни бошқалар кўз ўнгида чиройли қилиб кўрсатишга интилиши энг муносиб ахлоқдир. Ҳадиси шарифда мусулмонлар айбини сатр қилишнинг буюк ажри сифатида дунё ва охиратда Аллоҳ таолонинг сатр қилиш неъматидан баҳраманд бўлиш таъкидланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунёю охиратда унинг  айбини яширади»[2].

Шайх Абдуллоҳ ибн Жибрин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусулмон киши агар маъсиятларга енгил-елпи қарайдиганлардан бўлмаса ва унинг кўп гуноҳлар, ҳаром ишлар қилгани билинмаган бўлса, унинг айбини яшириш жоиздир. Айб иш содир этганда унга насиҳат қилади, уни (Аллоҳнинг азобидан) қўрқитади ва унга бошқа қайтмасликни айтиб, огоҳлантиради. Аммо у фисқу фужурга одатланган кимсалардан бўлса, унга муносиб жазо бера оладиган кишига унинг айбларини етказиш лозим бўлади. Энди агар маъсият бирор одамнинг ҳаққига тажовуз бўлса, масалан, бировнинг уйидан ёки дўконидан ўғрилик қилганини ёки кимнингдир аёли билан зино қилаётганини кўрса, бу ерда одамзоднинг ҳаққи топталиши, унинг оиласи бузилиши, мусулмонга хиёнат қилиниши каби зарарлар борлиги туфайли уни сатр этиши жоиз эмас. Шунингдек, унинг бирор мусулмонни ўлдирганини ёки жароҳат етказганини билса, унинг бу ишини яшириб, мусулмоннинг ҳаққини зое қилиб юбормайди. Балки, ҳақларни ундириб берадиган тегишли идораларда унга қарши гувоҳлик беради, валлоҳу аълам»[3].

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтади: «Сатрдан мурод айбларни бекитишдир. Лекин унда бирор фойда бўлмаса, аксинча, фисқу фасодни уйғотса, сатр қилиш мақтовга лойиқ ҳисобланмайди. Масалан, бир жиноятчи жиноят қилса, яна у ёмонлик ва фасод ишлар билан танилган бўлса, унинг айбини яшириб ўтирмаймиз. Лекин бир киши зоҳирида тўғри бўлиб, сўнгра бирон ҳаром ишни қилиб қўйса, шу ўринда сатр қилишга эҳтиёж тушиши мумкин. Шундай экан, сатр қилишда фойда-зарарга қаралади. Ёмонлик ва фасод билан танилган одамни сатр қилиш дуруст эмас. Сиртдан қараганда тўғри-ю, лекин ножўя иш қилиб қўйган одамнинг эса айбини яшириш суннат ҳисобланади»[4].

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ Моиз розияллоҳу анҳу (зино қилганини бўйнига олиб, ўзига жазо беришларини сўраб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келган саҳоба) ҳодисаси ҳақида сўзлар экан, шундай дейди:

“Бу масаладан олинадиган хулоса шуки, унинг ҳолатига тушган одам – Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо Моиз розияллоҳу анҳуга маслаҳат берганларидек – Аллоҳ таолога тавба қилиб, айбини яшириши ва бу ҳақда ҳеч кимга хабар бермаслиги мустаҳаб саналади. Кимдир бундан хабардор бўлиб қолса, юқорида келтирганимиздек, уни яшириши, шарманда қилмаслиги ва имомга (раҳбарга) етказмаслиги керак. Чунки ушбу қиссада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Ҳаззол, кийиминг билан уни сатр қилишинг сенга яхшироқ эди», деганлар”[5]. Шунга кўра Шофеий раҳимаҳуллоҳ: «Қилган гуноҳини Аллоҳ сатр қилган одам ўша гуноҳини ўзи ҳам яшириб, тавба қилишини хуш кўраман», деган ва бунга далил ўлароқ Моиз розияллоҳу анҳунинг Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо билан бўлган сўзлашувини келтирган. Ибн Арабий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу гапларнинг барчаси гуноҳни очиқ-ошкор қилмайдиган инсонга тегишли гап. Аммо агар очиқ-ошкор бузуқлик қиладиган кимса бўлса, токи у ҳам, бошқалар ҳам бундан тийилишлари учун мен ундай одамни фош қилиш ва жазолаш тарафдориман”[6].

[1] Абу Довуд, 4011.

[2] Ибн Можа, 2078.

[3] Фатово уламои баладил ҳаром, 344-бет

[4] Шарҳу арбаъин нававия, 1/172.

[5] Албоний «Саҳиҳул-жомеъ»да (7990) саҳиҳ деган.

[6] «Фатҳул-борий»дан (12/124) бироз қисқартириб олинди.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг