Мўътазилийлар фитнаси

0

Мўътазилийлар султони

Мўътазилий тоифасининг эътиқодлари қанчалар бузуқ бўлишига қарамай, улар ўша даврдаги аббосийлар халифаси Маъмунни ўз фикрлари билан қаноатлантиришди ва унинг сояси остида ўзларининг ботил эътиқодларини тарқата бошлашди. Маъмун илмга қаттиқ қизиққани боис Аҳмад ибн Абу Дуод тарафидан мўътазилийлик фикрига қониқтирилганидан сўнг бор имконияти билан бу фирқанинг эътиқодини тарқатишга ҳисса қўшди. Ҳатто бутун мусулмонларни шу эътиқодда бирлаштиришга ҳаракат қилиб, унга қарши чиққанларга жазо қўллай бошлади. Бу ҳолат мусулмонларни жуда ҳам танг аҳволга солиб қўйди, кўп инсонлар бу эътиқодга алданишди, имом Аҳмад ибн Ҳанбал каби аҳли суннат ва жамоатнинг улуғ олимларига азоб берилди. Аҳли суннат бошидан кечирган бу оғир дамлар тарихда “Қуръонни махлуқ (яратилган) дейиш синови” номи билан қолди. Мутаваккил халифа бўлгач бу эътиқод одамлар ўртасида фитнага сабаб бўлаётганига гувоҳ бўлди ва омма халқ халифага қарши чиқмаслиги учун Қуръонни махлуқ дейиш фикридан қайтди, бу эътиқодда бўлмаганларни жазолашни бекор қилди. Унинг бу иши муҳаддис уламоларга катта ёрдам бўлди. Эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлган уламолар бу ботил эътиқодга керакли жавобни бердилар. Шу тариқа мўътазилийлик эътиқоди йўқ бўла бошлади.

Мўътазилийлар ва қадарийлар ўртасидаги бирлик

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, мўътазилий ва қадарийлар эътиқодий масалаларнинг энг муҳимларидан бири саналган қазо ва қадар масаласида ҳамфикр бўлишган. Уларнинг фикрича, Аллоҳ таоло банданинг қилаётган ишларини яратмайди, аксинча, инсонлар ўз ишларини ўзлари яратадилар. Бандаларнинг ишларига Аллоҳ таолонинг ҳеч қандай дахли йўқ. Уларнинг бу сўзлари Аллоҳ таолонинг ҳамда бутун пайғамбарларнинг сўзларига тескаридир. Улар илмсизликлари, шунингдек, Аллоҳ таоло бир ишнинг оқибатини билган ҳолда шу ишга буюриши ёки шу ишдан қайтариши мумкин эканини тасаввур қилиша олмаганлари сабабли шу фикрга боришган. Уларнинг фикрларига кўра, Аллоҳ таоло бир ишнинг бажарилмаслигини била туриб, шу ишга буюриши ёхуд бир ишнинг содир бўлишини билган ҳолда шу ишдан қайтариши мумкин эмас. Бироқ бу ботил тушунча. Чунки Аллоҳ таоло: “Сизларни ҳам, қилаётган амалларингизни ҳам Аллоҳ яратади” – деган (Соффат: 96). Бошқа бир оятда эса Парвардигори олам шундай дейди: “Сизлар фақат Аллоҳ хоҳласагина хоҳлайсизлар” (Таквир: 29).

Демак, инсон бир ишни хоҳлаши Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ экан. Инсон тоат-ибодатга буюрилган, гуноҳ ишлардан қайтарилган. Лекин у тақдирни билишга масъул эмас. Аллоҳ таоло келажакда Унинг буйруқларини бажармайдиган кимсалар чиқишини билиши уларни яратиши ва пайдо қилишига алоқаси йўқ. Масалан, Аллоҳ таоло иблиснинг Одам алайҳиссаломга сажда қилмаслигини билар эди. Шундай бўлса-да, уни сажда қилишга буюрди. Худди шундай, бандалар ичида Аллоҳ таолонинг буйруғини бажарадиганлар билан бир қаторда Унга итоатсизлик қиладиган гуноҳкорлар ҳам бўлишини билиши барчани Ўзига бўйсунишга буюришига зид эмас. Агар Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва қудрати бўлмаса, бу ожиз инсонлар ўз ишларини ўзлари вужудга келтира олмайдилар.

 

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг