Мўътазилийларнинг пайдо бўлиши

0

Мўътазилийлар Восил ибн Ато исмли шахс бошчилигида ҳижрий 105-110 йилларда пайдо бўлган фирқадир. Бу фирқанинг пайдо бўлишига ўша вақтларда мумсулмонлар орасида кенг тарқалган турли хил нотўғри фикрлар сабаб бўлган. Минг афсуслар бўлсинки, уларнинг бу хато фикрлари бутун мусулмон диёрлари бўйлаб тарқалган.

Мўътазилийларнинг келиб чиқиши ҳақида бир қанча ривоятлар бор. Буларнинг энг машҳури қуйидаги ривоятдир:

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ Басрадаги масжидлардан бирида дарс берар, мажлисда Восил ибн Ато ҳам иштирок этаётган эди. Восил Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ билан гуноҳи кабира қилган кишининг ҳукми тўғрисида тортишиб қолади. У Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ билан келиша олмаганидан кейин унинг  мажлисидан чиқиб кетади. Шунда Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Восил биздан ажралиб кетди”, – дейди. Шундан кейин Восил ибн Атога эргашганлар мўътазилийлар (ажралиб кетганлар) деган ном олишди.

Мўътазилийлар бошқа фирқалардан олимлари кўплиги билан ажралиб турар эди. Ҳатто Ироқ, Яман ва Форс диёрларидаги шиалар ҳам ақийдавий масалаларда мўътазилий фикрда бўлишган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, мўътазилийлар исломни тарқатишга катта хизмат қилганлар. Лекин Қуръони Каримни махлуқ деб қаттиқ адашганлар. Улар вақт ўтиши билан ўзаро бир эътиқодда бирлаша олмай, йигирма икки фирқага бўлиниб кетишади. Лекин бу йигирма икки фирқанинг барчаси  қуйидаги беш масалада ҳамфикр эдилар:

  1. Жаҳмийлар каби Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини инкор қилиш;

  2. Тақдирни инкор қилиш;

  3. Кофирга азоб бериш, мўминга эса жаннатни бериш Аллоҳ таолонинг зиммасидаги вожиб деб билиш;

  4. Гуноҳи кабира қилган киши бу дунёда кофир ҳам, мусулмон ҳам бўлмайди. Аксинча, у бу икки мартабанинг ўртасидаги (аросат) мартабада ҳисобланади.

  5. Ўз эътиқодларига одамларни мажбурлаш.

(Давоми бор)

Изоҳ қолдиринг