Намозда саф тортиш ҳақидаги боб (2)

0

Олтмиш тўққизинчи ҳадис

عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رضي الله عنهما , قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – يَقُولُ: ((لَتُسَوُّنَّ صُفُوفَكُمْ أَوْ لَيُخَالِفَنَّ اللَّهُ بَيْنَ وُجُوهِكُمْ)) .

وَلِمُسْلِمٍ: ((كَانَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – يُسَوِّي صُفُوفَنَا حَتَّى كَأَنَّمَا يُسَوِّي بِهَا الْقِدَاحَ حَتَّى إذَا رَأَى أَنْ قَدْ عَقَلْنَا عَنْهُ ثُمَّ خَرَجَ يَوْمًا فَقَامَ حَتَّى إذَا كَادَ أَنْ يُكَبِّرَ فَرَأَى رَجُلاً بَادِياً صَدْرُهُ فَقَالَ: عِبَادَ اللَّهِ لَتُسَوُّنَّ صُفُوفَكُمْ أَوْ لَيُخَالِفَنَّ اللَّهُ بَيْنَ وُجُوهِكُمْ)) .

 

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: “Ё сафларингизни текилайсизлар, ё Аллоҳ таоло юзларингизни бир-бирига тескари қилиб қўяди[Муттафақун алайҳ. Бухорий: 717 ва Муслим: 436].

Муслим келтирган бир ривоятда шундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафларимизни худди ўқ-ёйдек текислар эдилар. У зот истаганларидек ростланганимизни кўрганларидан сўнг намозни бошлар эдилар. Бир куни чиқиб энди намозни бошлаш учун такбир айтмоқчи бўлганларида бир кишининг кўкраги қолганларникидан олдинроққа чиқиб қолганини кўрдилар ва шундай дедилар: “Эй Аллоҳнинг бандалари, қасамки, ё сафларингизни текислайсизлар, ё Аллоҳ таоло юзларингизни бир-бирига тескари қилиб қўяди[Муслим: 436].

Шарҳ:

Ҳадисда намозда сафни текисламайдиган одамларга таҳдид қилинмоқда. Яъни жазо-уқубатга йўлиқишлари айтилмоқда. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаб айтдиларки, саф қийшиқ тортилганини кўра туриб, уни текисламаган кимсаларнинг юзларини Аллоҳ азза ва жалла бир-бирига тескари қилиб қўяди. Негаки, сафда баъзи кишилар бошқалардан олдинроқ турса, олдинда турган кишилар мағрурланиб, кибр ва манманлик иллатига йўлиқишлари, ортроқда турган кишиларда эса бунга нисбатан буғзу-адоват пайдо бўлиши мумкин. Натижада, ҳар иккисининг қалблари турлича бўлиб, ўрталарида адоват пайдо бўлади ва шу туфайли юзлари бир-бирига тескари бўлиб қолади. Шу тариқа улар ўртасида юзкўрмаслик ва бўлиниш ҳосил бўлади ва жамоат намозидан кўзланган асосий мақсадлардан бўлмиш ўзаро алоқаларни яхшилаш ва ўртада меҳр-муҳаббат уйғотиш амалга ошмайди. Зеро, амалнинг турига қараб жазо-уқубат берилади. Яъни сафлар қинғир-қийшиқ бўлса, қалбларда ҳам қинғир-қийшиқлик, яъни тафовут пайдо бўлади.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни ҳам сўз, ҳам амаллари билан тарбия қилар эдилар. Саҳобалар то у зот истганларидек саф тортмагунларича сафларни ўз қўллари билан текислаб чиқар эдилар. Бир сафар, сафда бир саҳобанинг кўкраги олдироққа чиқиб қолганини кўрадилар ва бундан ғазабланиб шундай дейдилар: “Қасамки, ё сафларингизни текислайсизлар, ё Аллоҳ таоло юзларингизни бир-бирига тескари қилиб қўяди”.

Ҳадисдан олинадиган ҳукмлар:

1 – Ҳадисда сафларни текисламасликка қаттиқ жазо-уқубат ваъда қилинишидан сафларни текислаш фарзлиги, унинг қийшиқ бўлиши ҳаромлиги тушинилади. Бироқ айтилган ушбу қаттиқ жазо-уқубатни бироз енгиллаштириб, сафларни текислаш мустаҳаб, унинг қийшиқ бўлиши макруҳ эканини ифодалайдиган саҳиҳ ҳадислар ҳам келган. Олдинги мақоламизда ўтган “Зеро, сафларни текислаш намознинг комил бўлиш сабабларидан биридир” ҳадиси шулар жумласидан.
2 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафларни текислашга қаттиқ аҳамият берар, ҳатто сафларни ўз муборак қўллари билан текислар эдилар. Бу эса сафларни текислаш имомнинг вазифаси эканига далолат қилади.
3 – Амалнинг турига қараб жазо-уқубат берилади. Зеро, ҳадисда бандалар намозда сафларни текисламасдан қинғир-қийшиқ ҳолда туриганларига жазо сифатида уларнинг юзларини ҳам бир-биридан фарқли, бир-бирига тескари қилиб қўйилиши ила таҳдид қилинди.
4 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафнинг нотекис бўлишидан ғазабланар эдилар. Демак, бундан сақланишимиз даркор.
5 – Имом агар ҳожат туғилса азон ва иқомат орасида гапириши жоиз.

Изоҳ қолдиринг