Намоздан кейинги зикр ҳақида (3)

0

Қуйида келтириладиган маълумотлар Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ сўзларидан иқтибосдир.

У киши айтади: “«Саҳиҳ»да келишича[1], Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни якунлагач, ўринларидан қўзғалмай туриб уч марта истиъоза айтар (яъни Аллоҳдан паноҳ тилар) ва: «Аллоҳумма антас-салаам ва минкас-салаам табаарокта йаа зал-жалаали вал-икром», дер эдилар”[2].

Дуо маъноси: Ё Аллоҳ! Сен Саломдирсан (яъни, Сен барча айбу нуқсонлардан  саломатсан ва бандаларингни ҳалокатлардан сақловчи-саломат этувчи Зотсан). Саломатлик Сен тарафингдандир. Эй улуғлик ва икром соҳиби, Сен табаррукдирсан.

“Икки саҳиҳ ҳадис тўплами”даги ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлгач: “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳуу лаа шарийка лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамд. Ва ҳува ъалаа кулли шай’ин қодийр. Аллоҳумма лаа маанеъа лимаа аътойта ва лаа мўътия лимаа манаът. Ва лаа янфаъу зал-жадди минкал-жад. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илаа биллааҳ. Ва лаа наъбуду иллаа иййаҳу мухлисийна лаҳуд-дийна ва лав кариҳал-каафирун[3].

Дуо маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз, шериксиз. Барча мулк-салтанат Уники, ҳамду сано ҳам Унга хос. У барча нарсага қодир. Ё Аллоҳ, Сен берган нарсани тўсувчи, Сен тўсган нарсани берувчи йўқ. Сенинг олдингда салтанат ва улуғлик соҳибига улуғлиги фойда бермайди. Куч-қувват ёлғиз Аллоҳ (мадади) билан. Биз фақат Унгагина ибодат этамиз. Гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, динни холис Унинг учун қилувчилармиз.

Шунингдек, Пайғамбаримиз саҳобаларга намоз ортидан ўттиз уч марта тасбеҳ, ўттиз уч марта таҳмид ва ўттиз уч марта такбир айтишни ўргатар ва: “Булар жами тўқсон тўққизта бўлади, ким юзинчиси қилиб: “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳуу лаа шарийка лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамд. Ва ҳува ъалаа кулли шай’ин қодийр”, деса гуноҳлари, гарчи денгиз кўпикларича бўлса ҳам, кечирилади”, дер дедилар[4].

Зикр маъноси: Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз, шериксиз. Барча мулк-салтанат Уники, ҳамду сано ҳам Унга хос. У барча нарсага қодир.

Шубҳасиз, зикр ва дуолар энг афзал ибодат турларидан ҳисобланади. Пайғамбаримиздан нақл қилинган дуо ва зикрлар энг афзал дуо ва зикрлар пайида юрган одам учун жуда муносибдир. Улардан бошқаси эса гоҳида макруҳ, гоҳида ҳаром, гоҳида ширк аралашган бўлиши, аммо кўпчилик буни билмаслиги мумкин.

Зикр энг афзал ибодатлардан биридир. Шу боис Ойша розияллоҳу анҳо у ҳақда шундай деган: “Намоздан кейин зикр айтиш ойнани жилолагандан кейин артишга ўхшайди”. Зеро, намоз қалбни жилолайди.

Намоздан кейинги зикрни айтиш вожиб эмас. Ким зикр айтмасдан турмоқчи бўлса, унга танбеҳ берилмайди. Лекин муқтадий имом салом бергач, то қибладан намозхонлар томон бурилиб қарамагунча, ўрнидан турмагани мақсадга мувофиқ. Имом ҳам салом бергандан сўнг уч марта истиғфор ва: “Аллоҳумма антас-салаам ва минкас-салаам табаарокта йаа зал-жалаали вал-икром”, зикрини айтиш миқдоридан ортиқ қибла томонга қараб ўтирмаслиги керак.

Намоздан кейинги тасбеҳларни бармоқлар билан санаш суннат саналади. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларга қарата: “Тасбеҳни бармоқларингиз билан сананглар. Зеро, улар қиёмат куни қилган амаллари ҳақида сўралади ва сўзлайдилар”, деганлар[5].

[1] Муслим, (591) ривояти.

[2] Муаллиф раҳимаҳуллоҳ “Пайғамбаримиз намоздан сўнг уч бор истиъоза айтар эдилар”, деб келтирган. Бундай ривоят борлигини учратмадим. “Саҳиҳи Муслим”да (591) келган ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни якунлагач, уч бор истиғфор айтардилар”, деб айтилган. Шунингдек, Ибн Таймиянинг “Мажмуул фатово”, (22\493) китобида: “Уч бор истиғфор айтар эдилар”, дейилган. Шу тўғрироқ бўлса керак, валлоҳу аълам.

[3] Бухорий, (844) ва Муслим, (593) ривояти.

[4] Муслим, (597), Абу Довуд, (1504) ва Аҳмад, (8616) ривояти.

[5] Абу Довуд, (1501), Термизий, (3486) ва Аҳмад, (26549) ривояти.

Изоҳ қолдиринг