Намозни хушуъ ила ўқиш ҳақида

0

Хушуъ, яъни намозда ўзини паст олиб, Аллоҳга бўйин эгиш, намознинг руҳи ва мағзидир. Банда намоздаги хушуъсига қараб, ўқиган намозининг савоби кўп ёки кам бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло намозларини хушуъ билан адо қилувчи бандаларини Фирдавс жаннатининг меросхўрлари ва унда абадий қолурлар, дея мақтаган.

Намозни хотиржам, хушуъ билан ўқишга ёрдам берадиган бир қанча сабаблар мавжуд.

Жумладан, Аллоҳ таолодан шайтоннинг ёмонликларидан паноҳ сўраш ҳамда намозда ўқиётган сура ва зикрлар ҳақида фикр юритиш; олдига сутра қўйиб намоз ўқиш ва назарини сажда қиладиган жойга қаратиб туриш; шунингдек, намозни бошлашдан аввал таомга, ичимликка ва уйқуга бўлган эҳтиёжини қондириб олиш. Шу ишлар намозни хотиржам, хушуъ билан ўқишга ёрдам берадиган энг кучли сабаблардан саналади. Шу боис шариатимизда овқат ҳозир бўлган, катта ё кичик ҳожат қистаб турган пайтда намоз ўқишдан қайтарилган. Чунки булар қалбни намоздан чалғитади.

Жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, намозда кўп васвасага учрайдиган инсоннинг намози ҳам дуруст ҳисобланаверади, бироқ савоби кам бўлади. Абу Ҳомид Ғаззолий ҳамда Ибн Жавзийнинг фикрига кўра эса, намози ботил саналади.

Юз йигирма еттинчи ҳадис

عَنْ عَائِشَةَ رضيَ الله عَنْهَا أنَ النَّبَّي صلى الله عليه وسلم صَلَّىِ في خَمِيصةٍ، لَهَا أعْلاَمٌ، فَنَظَرَ إِلى أعْلاَمِهَا نَظْرَةً، فَلَمَّا انْصَرَف قالَ: ” اذهبوا بخَمِيصتي هذه إِلى أبي جَهْمٍ، وَأْتُوني بِأنْبِجَانيَّة ِ أبي جَهْمٍ، فإنهَا أَلْهَتْني آنِفاً عَن صَلاتي“.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нақшли хамийса (уст кийимда) намоз ўқидилар ва унинг нақшларига бир қараб қўйдилар. Намоз ўқиб бўлгач: “Бу кийимимни Абу Жаҳмга элтиб бериб, ундан анбижония кийимидан олиб келинглар. Чунки у ҳозир мени намозимдан чалғитди”, дедилар” (Бухорий, 373 ва Муслим, 556).

Шарҳ:

Нақшли хамийса – рангли йўл-йўл чизиқлари бор тўртбурчак уст кийим. Ибн Асир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хамийса ипак ёки жундан тўқилган йўл-йўл кийим. Айтишларича, уст кийим қора рангли ва йўл-йўл чизиқли бўлсагина хамиса дейилади”.

Анбижония – Шом ўлкасидаги Анбижон деган жойдан келтириладиган нақшсиз қалин уст кийим.

Абу Жаҳм розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўл-йўл чизиқли хамийса ҳадя қилади. Пайғамбаримиз гўзал ахлоқли зот эдилар. Ҳадя берувчининг ҳурматини жойига қўйиб, ҳадясини қабул қилардилар. Бинобарин, Абу Жаҳмнинг ҳадясини ҳам қабул қилиб, унда намоз ўқидилар. Лекин бу хамийса эътиборни тортадиган даражада нақшинкор бўлгани боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни комил хушуъ билан намоз ўқишдан чалғитди.  Аслида, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам комил зот эдилар ва барча амалларни комил кўринишда адо этардилар. Шу сабабли ушбу нақшли хамийсани Абу Жаҳмга қайтариб олиб бориб беришга буюрдилар. Абу Жаҳм ҳадясини Расулуллоҳ қайтариб юборганидан ранжимаслиги учун ундан нақши бўлмаган бошқа кийим олиб келишга буюрдилар. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одоб-ахлоқлари ўта юксак бўлганига далолат қилади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

  1. Шариатимиз намозни хушуъ билан ўқишга, хушуъни жалб қиладиган сабабларни бажаришга ва хаёлни чалғитадиган ҳар қандай нарсалардан узоқлашишга тарғиб этади.

  2. Намозда оз миқдорда чалғиш намозга путур етказмайди.

  3. Масжидларни безак, нақш ва ёзувлар билан безаш макруҳ саналади. Негаки, улар намозхонларнинг намоздан чалғишларига сабаб бўлади.

  4. Эркаклар нақшли, йўл-йўл кийим кийишлари жоиз.

  5. Ҳадя берган кишини ранжитмаслик ва ўртада меҳр-муҳаббат пайдо қилиш учун ҳадяларни олиш мустаҳаб саналади.

  6. Бирор сабабга кўра ҳадяни қайтариш мумкин. Аммо ҳадя қилувчи хафа бўлиб қолмаслиги учун бунинг сабабини айтиб қўйиш лозим.

  7. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам гўзал хулқли зот эдилар. Зеро, у зот нақшли кийимни қайтарган вақтларида ҳадя қилувчи ҳадямни менсимади, деб ўйламаслиги учун ўрнига нақшсизини сўраб олдилар.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: “Шубҳасиз, намозда васваса қанча кам бўлса, намоз шу қадар комил бўлади. Намозни комил суратда ўқишга икки нарса ёрдам беради: иймон кучли бўлиши, чалғитувчи нарсаларнинг заиф бўлиши.

Аввало, биринчисига тўхталсак. Банда намозда нима қилаётгани ва нима деяётганини англаб етишга, ўқиётган оят, зикр ва дуолари ҳақида фикр юритишга, Раббига муножоти мобайнида Уни кўриб тургандек ўзини ҳис этишга ҳаракат қилиши керак бўлади. Зеро, банда намоз ўқир экан, Раббига муножот қилади.

Эҳсон Раббингни кўриб тургандек, агар Уни кўриб тургандек бўлолмасанг, У сени кўриб турганидек ибодат қилишингдир.

Банда намоз ҳаловатини тотгани сари намозга бўлган интилиши, рағбати ортиб бораверади. Намоз ҳаловатини татиш эса иймон қувватига қараб бўлади.

Иймон қувватини оширувчи сабаблар жуда кўпдир. Ушбу сабаблар Аллоҳ таолони таниш,  Уни яхши кўриш,  Ундан қўрқиш,  ибодатларни холис адо этиш, Унинг азобидан қўрқиш ва шу билан бир қаторда, раҳматидан умид узмаслик, У хабар берган нарсаларни барчасини тасдиқлаш ва шу каби ишлар.

Ушбу сабабларнинг бўлишига қараб бандалар бир-бирларидан фарқ қилади ва бир-бирларидан афзал ҳисобланади.

Банда Қуръони каримни кўп мушоҳада қилиши, Аллоҳ таолонинг улуғлигини, исм ва сифатларини таниб тушуниши билан юқоридаги сабаблар кучайиб бораверади. Аллоҳ таолога қанчалар муҳтож эканини ҳис этиши ва У Зотга боғланиши ибодатларида зоҳир бўлади.

Банда ибодатнинг барча кўринишларини ёлғиз Аллоҳ таоло қилмагунича,  қалби У билан хотиржам бўлмагунича, қалби Унга шавқ билан интилмагунича, Уни зикр қилиб лаззат олмагунича солиҳ бўлолмайди.

Бунга эса фақатгина Аллоҳ таолонинг ёрдами билан етишилади.  Агар бу ишларда Аллоҳ таоло бандага ёрдам бермаса, банданинг ўзи қодир бўлолмайди,  Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил алийюл азийм.

Намозда камолотига ёрдам берувчи сабабларнинг иккинчиси эса, қалб ҳозирлигига тўсқинлик қилувчи сабабларни кетказишдир. Яъни инсон тафаккуридаги намозга боғлиқ бўлмаган, қалбни машғул қиладиган,  намоздан чалғитадиган ўй-фикрларни кетказиш қалбни намозга ҳозирлайдиган иккинчи сабабдир. Бандадаги шубҳаларнинг ва дунёга муҳаббатнинг кўплигига ҳамда қалбнинг дунё неъматларига боғланиб, уларга етишиш ташвиши билан овора бўлиб қолишига қараб намоздаги васвасалар ҳам кам ёки кўп бўлади.

Оқил банда намозда қалбини комил кўринишда ҳозир бўлиши учун тиришади.  Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил алийюл азийм.

Изоҳ қолдиринг