Никоҳ: Эмизишга оид ҳукмлар

0

Эмизишга оид ҳукмлар

Биз олдинги мақолаларимиздан бирида уйланиш ҳаром қилинган хотин-қизлар ичида эмиш ва эмизиш сабабли маҳрам бўлганлари борлигини айтиб ўтган эдик. Эмизишга оид ҳукмларни баён этар эканмиз уларни яна бир бор зикр қилиб ўтишга эҳтиёж туғилди.

  1. Эмизиш сабабли уйланиш ҳаром қилинган хотин-қизлар

Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Насабдошлик сабабли (аёл-эркак муносабатларида) нима ҳаром бўлса, эмиш ва эмизиш сабабли ҳам ҳаром бўлади»[1]. Бинобарин, эмизиш сабабли етти тоифа аёлларга уйланиш ҳаромдир:

а) эмикдош она, шунингдек, эмикдош онанинг онаси ва бувиси;

б) эмикдош қиз, шунингдек, эмикдош қиз ва эмикдош ўғилнинг қизлари, невара қизлари ва ҳоказо;

в) туғишган, ота бир ёки она бир бўлишидан қатъи назар эмикдош опа-сингиллар;

г) эмикдош опа-сингилларнинг қизлари, неваралари ва ҳоказо;

д) эмикдош ака-укаларнинг қизлари, неваралари ва ҳоказо;

е) эмикдош амма (яъни эмизган аёлнинг эрининг опа-сингиллари) ва амманинг аммалари ва ҳоказо;

ё) эмикдош хола (яъни эмизган аёлнинг опа-сингиллари) ва холанинг холалари ва ҳоказо.

  1. Эмикдошлик сабабли маҳрамлик ҳосил бўлишининг шартлари

а. Эмизиш тури:

Эмизиш сабабли маҳрамлик собит бўлиши учун сут аёл кишининг сути бўлиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло: “Сизларни эмизган оналарингиз” (Нисо сураси, 23), дейди ояти каримада. Шунга кўра, бир неча бола бир чорва ҳайвонини эмсалар ёки фараз қилинса, бир эркакнинг кўкрагидан сут келса ва улар ундан эмсалар, бу ҳолатларда улар эмикдошларга айланиб қолмайдилар.

б. Маҳрам бўлиши учун неча марта эмиши лозим?

Уламоларнинг бу борадаги рожиҳ фикрига кўра, бола аёлни энг камида беш марта эмиши керак. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис шунга далолат қилади: «Нозил қилинган Қуръон оятлари ичида, жумладан, «Ўн марта маълум эмиш маҳрамга айлантиради», деган оят бор эди. Сўнг бу оят «Беш марта маълум эмиш маҳрамга айлантиради» деган оят билан насх – бекор қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида (тиловати бекор қилиниб, ҳукми қолган) бу сўзлар (баъзилар томонидан) Қуръондан деб тиловат қилинар эди»[2].

Эслатма:

Уламолар уйланишни ҳаром қиладиган эмизиш неча марта бўлиши кераклиги хусусида ихтилоф қилганлар.

Бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, бола аёлни бир марта эмиши билан унга маҳрам бўлиб қолади. Чунки “Сизларни эмизган оналарингиз” (Нисо сураси,  23) ояти, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «(Маҳрамликни келтириб чиқарадиган) эмизиш боланинг фақат сут билан қорни тўядиган пайтда, (яъни икки ёшга тўлгунга қадар муддат асносида) содир бўлган эмизишдир»[3] деган сўзлари ҳамда у зотнинг Абу Ҳузайфанинг хотинига қарата айтган «Уни (яъни Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимни) эмиз, шунда сенга маҳрам бўлиб қолади»,[4] деган сўзларининг умумий маъноси шунга далолат қилади. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳузайфанинг хотинига «Уни беш марта эмиз», демадилар.

Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, уч марта эмиш билан маҳрамлик собит бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Бир ёки икки марта эмизиш, шунингдек, бир ёки икки марта эмиш маҳрамга айлантирмайди»,[5] деган сўзларидан англанадики, эмизиш ёки эмиш икки мартадан ошса, маҳрамга айлантиради.

Рожиҳ фикрга кўра, юқорида айтиб ўтганимиздек, маҳрамлик фақат беш марта эмиш билан собит бўлади. «Бир бор эмиш билан маҳрамлик собит бўлади» деган биринчи фикр эгалари оят ва ҳадисларнинг умумий тушунчасини далил қилганлар. Бироқ бу умумий тушунча эмиш ададини очиқча баён қилган ҳадислар, жумладан, «Беш марта маълум эмиш маҳрамга айлантиради» деган ҳадис билан изоҳланади.

«Уч марта эмиш билан маҳрамга айланади» деган фикр эгалари эса ҳадисдан тушунилган тескари маънони далил қилишган. Яъни, модомики бир ёки икки марта эмиш ва эмизиш таъсир қилмас экан, демак, уч марта эмизиш маҳрамликни собит қилади, дейишган. Шубҳа йўқки, бевосита матн лафзидан олинган далолат унинг маъносидан тушунилган далолатдан кучлироқдир. Бинобарин, Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис матни энг камида беш марта эмиш натижасида маҳрамлик пайдо бўлишига бевосита далолат қилади ва шу боис мазкур фикр эгалари далил сифатида келтирган ҳадисдан устун туради, валлоҳу аълам.

в. Эмизиш муддати:

Жумҳур уламоларнинг фикрича, бола икки ёшга тўлгунча эмизилса, шундагина маҳрамлик собит бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Оналар болаларини тўлиқ икки йил эмизадилар. Бу ҳукм эмизиш муддатини комил қилмоқчи бўлганлар учундир» (Бақара сураси,  233).

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига кириб келадилар. Бу пайтда унинг ҳузурида бир эркак киши бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авзойлари бузилди, бу ҳолат у зотга ёқмади. Ойша розияллоҳу анҳо: «Бу менинг (эмикдош) акам», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимлар (эмикдош) ака-укаларингиз бўлишини яхши билиб олинглар. (Маҳрамликни собит қиладиган) эмизиш боланинг фақат сут билан қорни тўядиган пайтда, (яъни икки ёшга тўлгунга қадар муддат асносида) содир бўлган эмизишдир»[6].

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «(Одатда болалар кўкракдан эмадиган муддатда кўкракдан чиқиб келган сут билан) ичакларни тўлдирган ва сутдан чиқмасидан олдин амалга ошган эмизиш сабаблигина маҳрамлик пайдо бўлади»[7].

Уламолар маҳрамлик пайдо қиладиган эмизишнинг охирги муддатида ихтилофлашганлар. Баъзилар эмизиш дастлабки икки йил мобайнида бўлиши керак, десалар, бошқаларнинг фикрича, эмизиш бола сутдан чиққунга қадар содир бўлса, бўлди. (Яъни бола икки ярим йил эмса, шу муддатда бошқа аёлни эмганида ўртага маҳрамлик тушаверади.)

Агар бунинг учун дастлабки икки йил эътиборга олинса, у ҳолда, бола икки йил тўлмасидан бурун сутдан чиқиб, сўнг бу муддат асносида бирон аёлни эмса, шу эмишлик сабабидан маҳрамлик собит бўлади. Бу имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеийларнинг фикридир. Улар ўз фикрларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «(Маҳрамликни келтириб чиқарадиган) эмизиш боланинг фақат сут билан қорни тўядиган пайтда, (яъни икки ёшга тўлгунга қадар муддат асносида) содир бўлган эмизишдир», деган ҳадисларини, шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг «Фақат икки йил мобайнида содир бўлган эмизиш сабабидан маҳрамлик пайдо бўлади»,[8] деган сўзини далил қилишган.

Агар борди-ю, маҳрамлик собит бўлишининг охирги муддати бола сутдан айрилган вақт дейдиган бўлсак, у ҳолда икки ёшдан ошган, аммо сутдан чиқмаган болани эмизиш билан ҳам маҳрамлик собит бўлаверади. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган юқоридаги ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «сутдан чиқмасидан олдин амалга ошган эмизиш» деган сўзлари шунга далолат қилади.

Бу борада келган ҳадисларни солиштирганимизда жумҳур уламоларнинг фикри рожиҳ экани маълум бўлади. Унга кўра, маҳрамликни собит қиладиган эмизиш дастлабки икки йилда содир бўлиши лозим.

Шундай бўлса-да, икки йил муддат боланинг сутдан чиқиш муддати билан чекланиши лозим. Агар боланинг сутдан чиқиш вақти тўлиқ икки йилга тўғри келса, унда муаммо йўқ. Аммо бола икки ёшга етмасидан сутдан чиқса ва сутдан чиққач, бир аёлни эмса, аммо ҳали икки ёшга тўлмаган бўлса, бу эмиш билан маҳрамлик собит бўлмайди. Борди-ю, эмизиш икки йилдан кўпроқ муддат давом этса, бу ҳолат ижтиҳод ва изланиш талаб қилади. Менинг рожиҳ деб билганим мазкур ҳолатда маҳрамлик собит бўлмайди. Чунки, ҳадисларда маҳрамлик собит бўлиши учун икки нарса шарт қилинаётир:

Биринчиси, эмизишнинг дастлабки икки йил асносида бўлиши;

Иккинчиси, эмизиш боланинг сутдан чиқишидан олдин бўлиши.

Бинобарин, икки ёшдан ошган ёки сутдан чиққан боланинг бирон аёлни эмиши маҳрамликни собит қилмайди, валлоҳу аълам.

[1] Бухорий (2645), Муслим (1447), Насоий (6/100), Ибн Можа (1938) ривояти.
[2] Муслим (1452), Абу Довуд (2062), Термизий (1150), Насоий (6/100) ривояти.
[3] Бухорий (5102), Муслим (1455), Абу Довуд (2058), Насоий (6/102), Ибн Можа (1943) ривояти.
[4] Муслим (1453), Абу Довуд (2061), Насоий (6/104), Ибн Можа (1943) ривояти.
[5] Муслим (1450), Абу Довуд (2063), Термизий (1150) ривояти.
[6] Бухорий (5102), Муслим (1455), Абу Довуд (2058), Ибн Можа (1945) ривояти.
[7] Саҳиҳ. Термизий (1152) ривояти.
[8] Саҳиҳ мавқуф асар. Муаллиф (шайх Одил Аззозий)нинг “Ҳидоятул мустанир тахрижу аҳодийси Ибн Касир” китобига қаранг.

Изоҳ қолдиринг