Нусайрийлар: Асосий эътиқодлари (2)

0

Ўтган мақоламизда нусайрийлар Али розияллоҳу анҳуни худо дейишларини айтиб ўтган эдик. Бугунги мақоламизда бунга ўзларнинг манбаларидан далиллар келтирамиз. “Ал-ҳафтуш-шариф” китобида шундай дейилади:

“Ҳар бир мўминнинг руҳи Имом Алининг ҳузурига олиб борилади. У руҳга қарайди: агар имтиҳон қилинган соф мўмин бўлса, фаришталар уни самога олиб чиқади ва жаннат эшиги олдидаги булоқда ювинтиради. У булоқнинг номи “ҳаёт булоғи”дир…

Биз имомлар Аллоҳнинг валийларимиз. Бизга Унинг илмидан осмонларда ҳам, ерда ҳам ҳеч нарса бизга махфий қолмайди. Биз Аллоҳнинг қўли ва тарафдоримиз. Биз Аллоҳнинг юзи ва кўзимиз. Мўмин қаерга қарамасин, бизни кўради. Биз хоҳласак, Аллоҳ хоҳлайди. Бизни қудрати нури лойидан танлаб олган, хоҳиши илмининг сирини ато этган Аллоҳга ҳамд бўлсин” (“Ал-ҳафтуш-шариф”, 82, 197).

Улар Али розияллоҳу анҳуни худо дейишлари қуйидаги дуоларида яна ҳам яққолроқ кўзга ташланади. Улар бу дуоларини сура деб аташади. Учинчи “сура”да шундай дейилади: “Аллоҳим, мен сендан сўрайман. Эй мавлом, эй асаларилар амири, ё Али, ё Азим, ё Азал, ё Фард, ё Қадим. Ё Али, ё Кабир, эй барча каттадан ҳам катта, эй қуёш ва нурли ой холиқи. Ё Али, эй дин пешвоси, эй барча нарсани билувчи ва хабардор зот…” (Ал-жийлут-толий”, 72).

Сажда “сура”сида шундай дейилади: “ё Али, сен учун ўткинчи ва фоний юзим азиз, тирик ва доимий юзинг нурига сажда қилади… ё Али, илоҳлик ўзингга хос, подшоҳлик ўзинга хос… эй мавлом Али, фақат ўзинга ибодат қиламиз…” (Ал-жийлут толий”, 87-88).

Ишора “сураси”да шундай дейилади: “Мақсад юксаклиги ва азизлик Аллоҳга хос. Сенга ишора қиляпман, эй мавлом, эй амирул мўминин, эй Али, эй суғириб олувчи, эй қорни катта, эй чириб кетган суякларни қайта тирилтирувчи. Аллоҳим, эй мавлом, эй амирул мўминин, бизни сенга ибодат қилишда эришган, қўллаб-қувватланган, ёрдам берилган қил. Сенга ибодат қилишда бизни зиён кўрган ва надомат қиладиганлардан  айлама” (Ал-жийлут-толий”, 93).

“Катта сура”да шундай дейилади: “Аллоҳни таниган заҳотим пок, нурафшон, нуроний, оқ, алавий, ҳижоби Муҳаммадий гувоҳлик бераман. Рост йўлдаги ҳақ гувоҳлигини бераман. Қаттиқ гувоҳлик бераман, менинг ва сенинг мавлонг асалари амири Алидан бошқа илоҳ, Саййид Муҳаммаддан бошқа ҳижоб, Салмондан бошқа эшик йўқ… гувоҳлик бераманки, Аллоҳ Али Раббимдир. У мени тирилтиради ва ўлдиради. У вафот этмайдиган тирик зотдир. Яхшилик унинг қўлида, у ҳамма нарсага қодир ва фақат унинг ҳузурига қайтилади” (Ал-жийлут-толий”, 99).

“Нуқабо сураси” номли ўн олтинчи “сура”да уларнинг яҳудлардан қанчалар қаттиқ таъсирланганларини кузатишимиз мумкин. У “сура”да шундай дейилади: “Ўн икки ўринбосарни шод қил, йигирма саккиз улуғни шод қил, қирқ қутбни шод қил. Уларнинг биринчиси Абдуллоҳ ибн Сабаъ (у асли яҳудий бўлган), охиргиси Муҳаммад ибн Синон Зоҳирий. Ўринбосарлар ўринбосари Абдуллоҳ ибн Сабаъни шод қил, улуғлар улуғи Муҳаммад ибн Синон Зоҳирийни шод қил. Аллоҳ уларнинг барчаларини дунё ва диннинг тўрт иқлимида ҳам ҳақ ила бахтиёр қилсин. Оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсин” (Ал-жийлут-толий”, 109).

Уларнинг бундан бошқа яна бир қанча “сура”лари бор. Барчаси куфр сўзлардан иборат. Бу дуоларни ўрганганингиз сари шунга амин бўлиб бораверасизки, улар яҳудийлик, насронийлик ҳамда ҳиндуларнинг динларидан бир қанча бузуқ эътиқодларни олиб, янги ном остида мажусийликка асосланган дин ўйлаб топишган. Улар фақат Али розияллоҳу анҳуни худо дейиш билан чекланиб қолмай, Аллоҳ таоло Али розияллоҳу анҳудан кейинги “имом”ларнинг ҳам ичига кириши мумкин, дейишади. Шунинг учун Ҳусайн розияллоҳу анҳуни оламлар парвардигори деб аташган. Шунинг учун ўз имомларини ҳатто пайғамбарлардан ҳам устун деб биладилар. Чунки пайғамбарлар Аллоҳ таоло билан фаришталар орқали мулоқот қилса, улар ўз имомларини тўғридан-тўғри, яъни бевосита Аллоҳ таоло билан мулоқот қилади, деб биладилар. Улар ўзларининг бу бузуқ эътиқодларини шиалардан, шиалар эса Абдуллоҳ ибн Сабаъдан олишган. Нусайрийлар гоҳида Али розияллоҳу анҳуни худо дейишса, гоҳида пайғамбар дейишади, гоҳида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан тўқилган ёлғон ҳадислар асосида Қуръон оятларини Али розияллоҳу анҳунинг фазилатига буришади. Мана шундай ўзгарувчан ва айни пайтда бир-бирига зид гапларни айтаверишгани учун аксар ёшлари ўз динини ташлаб, худосиз бўлиб кетган.

Давоми бор

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг