Қодиёнийлар: “Қодиёний пайғамбар” мартабасига эришиш

0

Ғулом Аҳмад пайғамбарликни даъво қилгунига қадар бир қанча босқичларни босиб ўтди. Ҳар бир босқич ўз вақти тақозосига биноан ўйлаб топилган эди.

Биринчи босқич – китоб ёзиш

Мирзо Ғулом авваллари ном қозонмаган оддий инсон эди. У Ҳиндистондаги турли дин ва фирқалар ўртасидаги тортишувларга аралашиб, китоб ёза бошлаганидан сўнг одамлар ўртасида обрўйи оша бошлади. Аввалига Исломни, мусулмонларни ҳимоя қиларди гўё. Лекин доим ўзига бино қўйгани учун уламолар бу мағрурлиги унинг бошига етишидан ҳадиксираб турардилар. Британия ҳукумати ўз сиёсатидан келиб чиққан ҳолда, тоифалар ўртасидаги низоларни кучайтирган, ҳатто ўртада қон тўкилган бир пайтда у ўзини “Аллоҳ томонидан буюрилган”, “Аллоҳга даъват қилиш ва шахсий ишларида Масиҳга ўхшаган” деб атарди. Токи халқ бу тарафкашликларга чек қўядиган, ноҳақ қон тўкилишининг олдини оладиган ва энг муҳими – халқни ҳимоя қиладиган бир давлатга эҳтиёж ҳис қилсин.

Юқорида айтганимиздек, Қодиёний аввалига бутпараст ва насронийларга қарши курашиб, мусулмонларнинг ишончини қозонди, улар олдида обрўйи ошди. Тарафдорлари кўпайганидан сўнг Ислом динининг фазилати, Қуръоннинг мўъжизакор китоб экани ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ пайғамбар эканларини исботлайдиган, шунингдек, Ҳиндистондаги бошқа динларга раддия бўладиган катта ҳажмли бир китоб ёза бошлаганини эълон қилди. Китобнинг номи “Бароҳийну Аҳмадийя” (Аҳмаднинг ҳужжатлари) эди. Қодиёний бу китобда Ислом ҳақ дин эканига уч юз далил келтиришини, китоб эллик жилд бўлишини, шунингдек, кофирларнинг Ислом динига берадиган барча эътирозларига қониқарли жавоб қайтаришини ваъда қилди. Барча муфаккирлардан бу борада унга ёрдам берадиган фикрлар юборишларини илтимос қилди. Китобни чоп этиш учун катта миқдорда маблағ ҳам йиғди. Унинг бу гапига нафақат оддий мусулмонлар, ҳатто унинг асл ниятидан бехабар бир қанча уламолар ҳам алдандилар. Китобнинг биринчи жилди “Бароҳийну Аҳмадийя” номи билан милодий 1880 йилда чоп этилди. Бироқ китоб ўзига бино қўйиш, мақтанишдан иборат эди. Китобни интизорлик билан кутган ўқувчиларнинг умидлари пучга чиқди. Сўнг иккинчи жилд нашр қилинди. Иккинчи жилднинг мазмуни ҳам биринчи жилдникидан фарқ қилмас эди. Китобнинг ҳар икки жилди Қодиёнийнинг доҳийлиги ва унга берилган кароматлар ҳақида эди.

Милодий 1882 йилда китобнинг учинчи жилди, 1884 йилда эса тўртинчи жилди чоп этилди. Бу икки жилдда муаллиф инглиз ҳукуматини Ислом тинчлик дини эканига, мусулмонлар уларга холис хизмат қилишларига ишонтириш уламолар ҳамда исломий хайрия жамғармаларининг бурчи эканини таъкидлади. Шунингдек, инглизларга қарши жанг қилиш ҳаром, улар Аллоҳ таолонинг мусулмонларга берган улуғ неъмати ва мусулмонларнинг мақсадларини амалга ошириб берадиган ягона давлат эканини китобида бир неча бор такрорлади. Шундан сўнг уламолар бу бадбахт кас Исломнинг ҳимоячиси эмас, шуҳратпараст қаллоб эканини тушуниб етдилар.

Китоб эллик эмас, атиги беш жилд эди. Эллик жилдли китоб бўлади деб ҳисса қўшганлар ундан қолган маблағни қайтаришни талаб қилишганида, аслида, эллик жилд ёзиш нияти бўлганини, лекин беш жилд билан кифояланишини билдирди. Беш билан эллик ўртасидаги фарқ битта нол бўлгани сабабли уларнинг шу нолдан бошқа ҳақлари қолмаганини айтди. Мусулмонлар бу китобни ўқишдан ҳазар қилдилар. Сабаби китоб Қодиёнийга Аллоҳ томонидан келган “илҳомлар”, унинг “кароматлар”и, Аллоҳ таоло билан “гаплашганлар”и, инглиз ҳукуматини мақташ каби сафсаталардан иборат эди. Вақт ўтиши билан Қодиёний ўзини келиши ваъда берилган Масиҳ деб эълон қилди. Айтишича, унга Аллоҳ таоло томонидан “Сен ваъда қилинган Масиҳсан” мазмунидаги “илҳомлар” шу даражада кўп келганки, ёлғон бўлиш эҳтимоли қолмаган.

Милодий 1900 йилга келиб, атрофидаги мухлислари уни пайғамбар дея бошлади. Ғулом бу номни яхши кўрар, ёлғиз қолганида махсус  издошларини уни пайғамбар деб аташга ундар, лекин хасмлари олдида ўзини мутавозе кўрсатиб, “ноқис пайғамбар”, “жузъий пайғамбар” каби иловаларни қўшиб айтишларини талаб қилар эди. Токи мухолифлари бу атамани эшитиб, сесканмасинлар. Бу ҳолат узоқ давом этмади. Милодий 1901 йил ўзини ҳақиқий комил пайғамбар деб эълон қилиб, асл башарасини кўрсатди. Олдин ноқис пайғамбар бўлгани янги “ваҳий”лар орқали бекор қилинганини айтди. 1904 йилга келиб, ҳатто “пайғамбарлик” мартабаси ҳам унга камлик қилди ва ўзини кришна деб эълон қилди. Бу билан ҳиндларнинг муҳаббатини қозонмоқчи бўлгандир, балки, бу ёғи Аллоҳга аён.

Келгуси мақоламизда иккинчи босқич – Қодиёнийга Аллоҳ томонидан келган “илҳомлар” ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг