Насл-насаби ва оиласи
Қодиёнийлар пешвосининг исми Мирзо Ғулом Аҳмад, отасининг исми Ғулом Муртазо, онасининг исми эса Чироқ Биби бўлган. Мирзо Ғулом Аҳмад ўз насаби ҳақида ғалати маълумотлар айтиб ўтган: баъзи китобларида ўзини мўғул сулоласидан деса, баъзи китобларида Фотима онамизнинг фарзандларидан эканини таъкидлаган. Бошқа бир манбаларда эса оиласининг асли Самарқанддан келганини ҳам айтиб ўтади. У асл насабини тўғри айтиб бера олмаслигига қарамай, Аллоҳ таоло тарафидан ваҳий келганини даъво қилган. “Қодиёнийлар” китобининг 125-бетида айтилишича, Мирзо Ғулом ўз оиласи ҳақида шундай деган: “Мен оиламиз мўғуллардан, деб юрардим. Бироқ, энди менга ваҳий қилиндики, бизнинг оиламиз форслардан экан. Мен бунга қатъий ишонаман, зеро, ҳеч кимса насл-насабларни Аллоҳ таолодек билмайди”. “Замийматул-ваҳий” китобида Мирзо Ғулом шундай дейди: “Отам “ота-боболаримиз мўғуллардан бўлишган”, дер эди. Лекин Аллоҳ таоло менга ваҳий қилишича, улар туркий қабилалардан эмас, балки форс миллатига мансуб, онамнинг насаблари эса Фотима онамизга, пайғамбар авлодига бориб тақалар экан. Аллоҳ таоло ҳикмат ва фойда барчага умумий бўлиши учун мени ҳам Исҳоқ алайҳиссаломнинг, ҳам Исмоил алайҳиссаломнинг наслидан қилди”[1].
Мирзо Ғулом Аҳмад ҳижрий 1256 йил Ҳиндистондаги Панжоб шаҳрининг Қодиён қишлоғида туғилган. Милодий 1835, 1839, 1840 йилда туғилган, деган ривоятлар ҳам бор. Мирзо ўзи туғилган қишлоқни шундай тасвирлайди: “Қишлоғимиз кўзга кўринмас, қадам етмас жойда бўлиб, ундаги иморатлар пастқам, деворлари нураган, қишлоқнинг кўримсизлигидан зиёратчилар қишлоқ оралагиси келмас эди. Қишлоғимиз бебарака, серзарар бўлиб, аҳолиси ҳайвонлардек ҳаёт кечиришарди. Улар ислом, Қуръон, шариат ҳукмлари нима эканини билмасдилар. Аллоҳ таоло ўзининг тақдир тақозоси ва бемисл қудрати билан мени шундай хароба қишлоқдан пайғамбар қилиб танлади”[2].
Менимча, у ўз қишлоғини ва қишлоқдошларини тўғри тасвирлаган. Чунки эс-ҳуши жойида бўлган мусулмонлар ичида ўсиб-ўлғайганида эҳтимол пайғамбарликни даъво қилмаган бўлур эди.
(Давоми бор)
[1] “Замийматул-ваҳий” китоби, 85-бет.
[2] “Қодиёний ва қодиёнийлар” китоби, 22-бет.