Ғофир, Ғафур ва Ғаффор исмларининг маъноси

0

Аллоҳ таолонинг бу исмлари араб тилидаги “тўсиш” маъносини ифодаловчи “ғафр” сўзидан олинган. Дубулға урушда бошни тўсгани ва ҳимоя қилгани учун араб тилида “миғфар” деб аталган. Шунингдек, мағфират сўзи ҳам гуноҳларни тўсиш ва беркитиш маъносини ифодалайди.

Аллоҳ таолонинг бу уч исми бир-бирига маънодош бўлиб, Ғафур ва Ғаффор исмлари Ғофирнинг орттирма кўринишидир. Аллоҳ таолонинг Ғафур исми Қуръони Каримда тўқсон бир марта келган бўлса, Ғаффор исми беш марта зикр қилинган. Чунки Ғаффор исми Ғафур исмидан кўра янада кучлироқ маънони ифода қилади. Қуйида Аллоҳ таолонинг бу икки исми зикр қилинган баъзи оятларни айтиб ўтамиз:

1)    “Билиб қўйинглар, албатта Аллоҳ Ғафур ва Раҳимдир” (Шўро: 5);

2)    “Бандаларимга айтинг, албатта Мен Ғафур ва Раҳимман” (Ҳижр: 49);

3)    “Албатта Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Албатта У Ғафур ва Раҳимдир” (Зумар:53);

4)    “У осмонлару ер ва улар ўртасидаги барча нарсаларнинг Парвардигори, Азиз ва Ғаффордир” (Сод: 66);

5)    “Мен уларга: “Раббингизга истиғфор айтинг, зеро, У Ғаффор зотдир” – дедим” (Нуҳ: 10).

Ғофир исми эса Қуръони Каримда фақат бир марта қуйидаги оятда зикр қилинган: “У гуноҳларни кечирувчи, тавбаларни қабул қилувчи ва азоби қаттиқ зотдир” (Ғофир: 3).

Зажжож роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг бу исмлари нима маънони англатиши ҳақида шундай дейди: “Аллоҳ таоло мағфират қилишининг маъноси шуки, У бандаларининг гуноҳларини кечиради ва уларни Ўзининг сатр сифати билан ўраб олади”[1].

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ғаффор – бандаларнинг гуноҳларини кўпдан-кўп тўсувчи, Ўз меҳр-шафқати билан уларни қамраб олган зот дегани. Бу ердаги тўсишдан назарда тутилган нарса шуки, У банданинг қилмишини одамларга ошкор қилмайди, одамлар олдида гуноҳ қилгани фош бўлмаслиги учун уни азобламайди”.

Ҳулаймий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ғофир – гуноҳкорнинг гуноҳини тўсадиган ва бу иши учун уни азобламайдиган зот дегани. Аллоҳ банданинг гуноҳларини тўсмас экан, унинг қилмиши одамлар олдида маълум бўлади ва шарманда бўлади. Ғаффор эса кўпдан-кўп тўсувчи маъносини билдиради. У гуноҳкорни дунёда ҳам, охиратда ҳам шарманда қилмайди. Ғафур эса гуноҳларни кўп мағфират қиладиган, азоблашидан кўра кечириши устун бўлган зот маъносини ифодалайди[2].

Абу Бакр ибн Арабий роҳимаҳуллоҳ “Амад” китобида шундай дейди: “Учинчи масала бу уч исмнинг тартиби ҳақида. Бу борада уч хил фикр бор:

Биринчи фикр: Ғофир – гуноҳларни тўсувчи, Ғафур – бу ишни такрор-такрор қиладиган зот, Ғаффор эса кўпдан-кўп тўсувчи зот маъноларини ифодалайди.

Иккинчи фикр: Ғофир – бу дунёда гуноҳларни тўсадиган, Ғафур – охиратда, Ғаффор эса бандалар ва гуноҳкорларнинг кўзидан тўсувчи зот маъносини англатади. Шунда ҳар бир исмнинг ўзига хос маъноси бўлади. Биринчи фикр тўғрироқ, чунки кейингилари на ҳақиқатга ва на луғатга тўғри келади”.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло каттаю кичик гуноҳларни кечиришини айтди. Агар инсон тавба қилса, У зот гуноҳларнинг энг каттаси бўлмиш ширкни ҳам кечиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: (Эй Муҳаммад), ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта, (агар бандаси тавба қилса) Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Албатта, У Кечиримли ва Раҳмлидир” (Зумар: 53). Инсоннинг гуноҳлари ҳар қанча катта бўлмасин, Аллоҳ таолонинг мағфирати унданда улкандир. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Албатта Раббингизнинг мағфирати кенгдир” (Нажм: 32). Аллоҳ таоло тавба қилганларнинг гуноҳини кечиришни Ўз зиммасига олган. Бу ҳақда Парвардигоримиз шундай дейди: “Ва албатта, Мен тавба қилган, иймон келтирган, солиҳ амал қилган ва ҳидоятда юрганларнинг гуноҳини кечирувчиман” (Тоҳа: 82). Бироқ мусулмон киши бу оятларга таяниб, гуноҳ ва маъсиятларни тўхтатмаслиги мутлақо нотўғридир. Чунки Аллоҳ таоло тавба қилганларни мағфират қилади. Бу ҳақда Исро сурасида шундай дейилган: “Агар солиҳ бўлсангизлар, албатта, Аллоҳ тавба қилувчилар учун кечиримли зотдир” (Исро:25).

Демак, мўмин киши Аллоҳ таолонинг мағфиратига эришиш учун мағфиратга элтувчи сабабларга риоя қилиши керак. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, гуноҳи кабирадан тавба қилмай вафот этган мўминлар тўғрисида аҳли суннат ва жамоатнинг эътиқоди қуйидагича: унинг гуноҳлари кечирилишига кафолат берилмаган. Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, уни гуноҳларига яраша азоблайди, агар хоҳласа, унинг гуноҳларини кечиради. Бу албатта, ширк амалини қилмаган мўминларга тегишли. Агар ширк амалини қилган бўлса, у амал кечирилмайди. Чунки ширк ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Албатта, Аллоҳ Унга ширк келтирилишини кечирмайди ва ширкдан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун мағфират қилади” (Нисо: 48).

Баъзи уламолар мағфират билан афв ўртасидаги фарқ ҳақида шундай деганлар: гуноҳ мағфират қилинса, бу гуноҳ учун азоб берилмайди. Афв эса азобу уқубатдан сўнг бўлади.

[1] “Тафсирул асмо”, 38-бет.

[2] “Минҳож” (1/102).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг