Охирзамон қирғинлари (1)

0

Кириш

Кириш қисмида уч масала баён қилинади:

Биринчи масала: китоб номининг таърифи.

Иккинчи масала: охирзамон қирғинларига эътиқод қилиш ғайбга иймон келтириш бобидан экани.

Учинчи масала: ислом, яҳудийлик ва насронийликнинг уруш тушунчасига бўлган  муносабати.

Биринчи масала: китоб номининг таърифи

Китоб номи: “Мусулмонлар ва аҳли китобларга оид манбаларда охирзамон “малҳамалари” ва унинг мафкуравий таъсири”. Қуйида мазкур жумлани бирма-бир шарҳлаймиз.

  • Мусулмонлар:

Мусулмонлар – эътиқод, сўз ва амалда Аллоҳни Раб, Исломни дин ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни эса набий ва расул деб билган, сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган кишилар.

  • Аҳли китоблар:

Аҳли китоблар деб Аллоҳ таоло илоҳий китоб нозил қилгандан кейин уни бузиб, ўзгартирган яҳудий[1] ва насронийларга[2] айтилади[3]. Шайхулислом Ибн Таймия айтади: “Аҳли китоблар яҳуд ва насороларни ўз ичига олган номдир[4]. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларни куфрга нисбат бериб, “Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган кофирлар сизга Раббингиз томонидан бирон бир яхшилик туширилишини истамайдилар. Аллоҳ раҳматини хоҳлаган бандасига хослайди. Аллоҳ буюк марҳамат соҳибидир[5], дейди. Имом Нишопурий[6] роҳимаҳуллоҳ юқоридаги оятдаги биринчи “дан” қўшимчаси аҳли китоб ёки мушрикларнинг кофирлар жинсидан эканини баён қилади, дейди. Шунингдек, саҳиҳ ривоятда келишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ, китоб берилган кофирларни лаънатла, Сен Ҳақ илоҳсан[7] дея, аҳли китобларни куфрга нисбат берганлар. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ким аҳли китоблар ҳузуридаги китобга эътиқод қилса, у ҳам ўша аҳли китоблардан ҳисобланади. Улар ўзгартирилган ва бекор қилинган китобга ёпишиб олган кофирлардир. Улар ҳам бошқа кофирлар сингари жаҳаннамда абадий қоладилар[8]».[9]

  • Охирзамон:

 Замон сўзи луғавий жиҳатдан, оз ёки кўп бўлишидан қатъи назар, мутлақ  вақт маъносини билдиради.[10] Охирзамон деганда аввалги замоннинг акси тушунилади.[11] Шариатда эса бу сўз икки маънода ишлатилади. Биринчиси Одам алайҳиссалом замони қаршисидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилган замон.[12] Саҳл ибн Соидийдан[13] ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатгич ва ўрта бармоқларига ишора қилиб: “Мен қиёмат соати билан мана бу иккисидек яқин ҳолда юборилдим[14], дедилар. Имом Ибн Касир[15] роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қолган вақт ўтган вақтга нисбатан жуда озга ўхшайди”. Иккинчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилган замон қаршисидаги бу умматнинг ниҳояси бўлган охирзамон. Охирзамонда дунё тугаб, қиёмат яқин қолганидан дарак берувчи турли фитналар ва аломатлар зоҳир бўлади»[16].

  • Малҳамалар:

Малҳама сўзи арабча лаҳм, (لحم) яъни гўшт сўзидан олинган бўлиб, қирғин[17], жанг, қақшатқич уруш, фитна вақтидаги қирғинбарот ва жанг майдони[18] каби маъноларни англатади. Ибн Форис[19] айтади: «Л-ҳ-м ҳарфлари бир-бирига киришган гўшт сингари ўзаро киришиш маъносини билдирадиган ўзакдир. Одамлар урушда бир-бирларини ичига кириб, аралашиб кетганлари ёки жангда ўлганлар ерга ташланган гўштга[20] ўхшаб қолгани учун уруш малҳама деб номланган. Малҳама шариат истилоҳида мусулмонлар ва кофирлар ўртасида бўладиган урушлардир.

[1] Ибн Манзур айтади: «Арабча “ал-ҳувд” сўзи тавба маъносини англатади. “Ҳаада”  (турланиши: “яҳууду” – “ҳуудан”) ва “таҳаввада”: тавба қилди ва ҳаққа қайтди. “Ҳааид”: тавба қилувчи. “Ал-мутаҳаввид”: Аллоҳга яқинлаштирувчи солиҳ амаллар қилувчи. “Ат-таҳаввуд”: тавба ва солиҳ амал. “Яҳуд”: қабила номи ва яҳудий сўзининг кўплиги. Яҳуд сўзи “ҳаадув” сўзидан ясалган бўлиб, тавба қилдилар маъносини англатади” [«Лисонул-араб”, 9/157, жузъий ўзгартиришлар билан]. Шаҳристоний айтади: “Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолога тазарруъ қилиб: “Иннаа  ҳуднаа илайк…” (Аъроф: 156), яъни “Биз Сенга тавба қилдик”, дегани учун яҳудларга шундай исм берилди” [«Ал-милал ван-ниҳал», 1/250]. “Сифрут-таквин” (Библия)да келишича, яҳудийлар яҳудий қабилаларидан бири бўлган Яҳувзо исмли кишига нисбат берилиб шундай номланганлар [Қаранг: 49/8,10].

[2] Дастлаб насронийларга Ийсо алайҳиссалом туғилган Носира шаҳрига нисбат берилиб “Носирийлар” дейилган. Кейинчалик бу ном “насоро”га ўзгарган. Бундай ўзгариш таржима асносида морфологик қоидаларнинг бузилишидан келиб чиққанми ёки бошқа сабабданми, маълум эмас. Лекин бу исмнинг милоднинг илк асрларида насронийлар наздида мақбул кўрилгани аниқ. Қолаверса, Қуръон ҳам уларни шундай исмлади. Аллоҳ таоло айтади: “Шунингдек, биз насоролармиз деяётган кишилардан ҳам қатъий ваъда олганмиз…”(Моида: 14). “Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас эди…” (Оли имрон: 67). Ийсо алайҳиссалом замонида яҳудларни Бани Исроилдан ажратиб турадиган алоҳида исмлари мавжуд бўлмаган. Аммо “масиҳийлар” сўзи Қуръонда келмаган. Айтилишича, бу сўзни дастлаб бузилган насроний динига асос солган яҳудий Полис ўйлаб топган. У Масиҳ алайҳиссаломга оид бутпарастлик ақидасини пайдо қилганидан кейин насронийлар у суратини чизган Масиҳга қаттиқ боғланишлари учун уларни шундай номлай бошлаган” [«Ал-жавобус-саҳиҳ” (4/133,134), Муҳаммад Усмон Солиҳ, “Ан-насронийя ват-тансир” (14-26-бетлар)].

[3] Табарий, «Жомеул-баён» (24/551), «Ал-милал ван-ниҳал» (1/247), «Зодул-масир» (9/196), «Ал-жомеъ ли-аҳкомил Қуръон» (22/406), Ибн Касир, «Тафсири Қуръонил-азим» (8/456).

[4] «Ал-жавобус-саҳиҳ» (3/72), «Мажмуъу Фатово Ибн Таймия» (7/55).

[5] Бақара: 105.

[6] Тўлиқ исми Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн Қуммий  Нишопурий. Муфассир, риёзиёт ва фалсафа илмлари  билан ҳам шуғулланган, тафсир илмига оид “Ғароибул Қуръон”номли китоб ёзган. Вафоти: ҳижрий 850 йил. Қаранг: Ал-Аднарвий, «Табақотул муфассирин» (420-бет), «Ал-аълом» (2/216).

[7] Имом Аҳмад “Муснад”да (15492), Бухорий “Ал-адабул-муфрад”да (699), Табароний “Ал-муъжамул-кабир”да (4549) ва Абу Нуайм Асбаҳоний “Маърифатус-саҳобий”да (4123) ривоят қилганлар. Ҳадисни Ҳайсамий “Мажмауз-завоид”да (6/122), Албоний “Саҳиҳул-адабул-муфрад”да (538) саҳиҳ санаганлар.

[8] Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан бўлган кофирлар жаҳаннамда абадий қолурлар. Ана ўшалар энг ёмон халқлардир” (Баййина: 6). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, бу умматнинг яҳудий ва насронийлари мени  эшитиб пайғамбарлигимга иймон келтирмай ўлса, албатта дўзахга киради”, дедилар [Муслим, «Китобул-иймон», 153].

[9] «Мажмуъу Фатово Ибн Таймия», 35/227,228.

[10] «Лисонул-араб», 4/408.

[11] «Муъжаму мақойисил-луғаҳ», 1/70, «Лисонул-араб», 1/94.

[12] «Файзул-қадир», 3/263.

[13] Абу Аббос ёки Абу Яҳё Саҳл Ибн Молик Соидий Хазражий Ансорий. Машҳур саҳоба, 177та ҳадис ривоят қилган. Айтилишича, ҳижрий 91 йилда, аниқроғи 88 ҳижрий йилда Мадинада вафот қилган охирги саҳобалардан. Қаранг: «Маърифатус-саҳоба» (3/1312», «Ал-истийъоб» (2/224-225), «Усдул-ғоба» (2/201).

[14] «Саҳиҳи Бухорий», «Тафсир китоби», «Нозиот сураси тафсири» боби, 4936-ҳадис. Қаранг: «Футуҳуш-Шом» (2/144-145), Самъоний, «Тафсирул-Қуръон» (1/101), «Ҳидоятул-ҳаёро» (93).

[15] «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим» (1/194). Имом Ҳофиз Абу Исмоил Ибн Умар Ибн Касир Қураший, ҳофиз, муаррих, фақиҳ ва муфассир. Одамлар унинг китобларини ҳаётлик пайтидаёқ нақл қилишган. Энг машҳур китоблари: “Ал-бидояту ван-ниҳоя” ва “Тафсирул Қуръонил азим”. Ҳижрий 774 йилда вафот қилган. Қаранг: «Ал-муъжамул-мухтас бил-муҳаддисин», Заҳабий (74,75), «Зайлу тазкиратил-ҳуффоз» (57,59), «Табақотул ҳуффоз» (533,534).

[16] Қаранг: «Машориқул анвор» (1/389), «Ал-фоиқ фи ғарибил ҳадис» (2/409), «Тарихи Ибн Халдун» (2/409), «Тарҳут тасриб фи шарҳит тақриб» (2/22), «Фатҳул Борий» (11/355), «Умдатул Қорий» (1/22).

[17] Шу маънода яҳудий Ҳуяй ибн Ахтаб Бани Қурайза кунида боши олинишидан олдин қавмига қарата: «Эй одамлар, Аллоҳнинг амрига тўсқинлик қилиб бўлмайди. Бу Аллоҳнинг ҳукми ва тақдири ҳамда Бани Исроилнинг пешонасига ёзиб қўйилган малҳама – қирғиндир», деган эди. Ибн Жарир, «Тарихи Табарий» (2/589). Қаранг: Байҳақий, «Далоилун нубувва» (4/23), Ибн Асир, «Ал-комил фит тарих» (2/186).

[18] Азҳарий, «Таҳзибул луға» (4/3247), Асфаҳоний, «Ал-муфрадот фи ғарибил Қуръон» (449), Ибн Асир, «Ан-ниҳоя фи ғарибил ҳадис вал асар» (4/239-240), Ибн Манзур, «Лисонул араб» (8/53), Ал-Кафавий, «Ал-куллиёт» (828).

[19] Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Форис ибн Закариё Қазвиний, тил ва адабиёт билимдонларидан, «Мақойисул луға» китобининг муаллифи, ҳижрий 395 йилда вафот этган. Қаранг: Қози Иёз, «Тартибул мадорик ва тақрибул масолик» (3/160), Қазвиний, «Ат-тадвин фи ахбори Қазвин» (2/215-218), Ферузободий, «Ал-булға фи тарожими аимматин наҳви вал луға» (61).

[20] «Муъжами мақойисил луға» (5/238), қисқартириб олинди. Қаранг: «Ан-ниҳоя фи ғарибил ҳадис вал асар» (4/239-240).

Изоҳ қолдиринг