Оилавий кассадан закот бериладими?

0

Савол:

Оилада отам, онам, акам, келинойим, мен ва хотиним яшаймиз. Отам, акам ва мен ишлаймиз. Онам нафақахўр. 2 та келин уйда. Биз маошимизни ҳаммамиз бир жойга қўямиз (касса битта). Шунда закотни кимнинг номидан беришимиз афзалроқ?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Бирон бир кишига закот вожиб бўлиши учун унинг шахсий пули нисобга етган бўлиши шарт. Закотда талаб қилинган нисобни тўлдириш учун оила аъзоларининг пуллари бир-бирига қўшиб ҳисобланмайди. Зеро, мол-мулкнинг аралаш бўлиши чорва моллари закотидан бошқасида закотга таъсир қилмайди. Бинобарин, оила аъзоларига тегишли умумий кассадаги маблағ ишлаб пул топувчилар сонига тақсимланганда ҳар бир улуш алоҳида нисобга етса, у ҳолда ҳар бирингиз нисобга етган ўз ҳиссасидан қирқдан бири миқдорида закот чиқаришингиз вожиб бўлади. Бу ҳолатда ҳар бир улуш учун алоҳида ҳавл айланиши шарт қилинади. Борди-ю, мавжуд маблағ учга (отангиз, акангиз ва сизга) тақсимланганда ҳар бир улуш алоҳида нисобга етмаса ва сизларнинг кассага қўшган ҳиссангиз ва харажатингиз ўхшаш бўлса, у ҳолда ҳеч бирингизга закот вожиб бўлмайди. Бироқ шундай бўлса-да, модомики оила кассаси умумий бўлиб, ундаги ҳар бирингизнинг улуши номаълум экан, мавжуд маблағ алоҳида учта нисобга етмаган, балки бир ёки иккита нисобга етган бўлса ҳам эҳтиёт юзасидан ундан закот чиқаришингиз мустаҳабдир. Мазкур ҳолатда учовингиз ҳам закотни ният қилишингиз лозим бўлади, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг