Қолдиқ сувларнинг ҳукми

0

Қолдиқ сувларнинг ҳукми

  • Қолдиқ сувнинг таърифи:

Инсон ёки ҳайвон бевосита оғзи билан ичгандан кейин идишда қолган сувга қолдиқ сув дейилади.

  • Қолдиқ сувнинг ҳукми:

    1) Одамдан қолган сув:

Одам боласи аслида покдир. Мусулмон ёки кофир, эркак ёки аёл, ҳайз кўрган ёки ҳайз кўрмаган пок аёл бўлишидан қатъий назар, асли инсон хилқатидан келиб чиқиб ва Аллоҳ уни мукаррам мавжудот қилиб яратгани жиҳатидан, инсондан қолган сув ва унинг танасидан чиққан тер пок ҳисобланади.

Мусулмон кишининг пок эканига далил: “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жунуб ҳолимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга дуч келиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг қўлимдан тутган ҳолларида у зот билан бирга юрдим. (Бир иложини қилиб) у зотдан ажралдим-да, бориб ғусл қилдим. Шундан сўнг яна у зотнинг олдиларига қайтиб келиб бирга ўтирдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдингиз?” – дедилар. Мен: “Жунуб ҳолимда менга дуч келиб қолдингиз. (Бу ҳолатда) сиз билан бирга ўтиришни хуш кўрмадим” – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши нажосат бўлмайди” – дедилар[1].

Кофирнинг танаси пок эканига далил: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрик бир аёлнинг сув тўлдирилган мешидан таҳорат олганлар[2]. Шунингдек, у зот ҳали мусулмон бўлмаган Сумома ибн Усолни масжид ичидаги устунлардан бирига боғлаб қўйган эдилар[3]. Агар мушрикнинг бадани аслида нажосат бўлганида уни масжидга киритмаган бўлур эдилар. Ундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар аҳолисидан бўлмиш яҳудий аёл ҳадя қилган қўй гўштидан истеъмол қилганлар[4].

Аллоҳ таолонинг: “Албатта, мушриклар нажасдирлар” [Тавба: 28] деган сўзига келсак, бундан мақсад маънавий нажас – эътиқод нопоклигидир.

Ҳайз кўрган аёлдан қолган сувнинг поклигига далил: Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен ҳайз ҳолатимда сув ичиб, кейин (қадаҳни) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга узатар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  идишнинг мен оғзимни қўйиб ичган жойидан ичар эдилар. Шунингдек, мен ҳайз ҳолимда устихондан тановул қилиб, кейин уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга узатар эдим ва у зот оғизларини мен еган жойга қўйиб ер эдилар[5].

2) Гўшти ейиладиган ҳайвонлардан қолган сув:

Гўшти ейиладиган ҳайвонлар покизадир. Улардан чиққан тер ва қолган сув ҳам покиза ҳисобланади. Бунга далил – улардан қолган сувнинг нопок эканига бирон далил келмаганидир. Зеро, асл қоида бундай ҳайвонларнинг поклигидир. Шу боис, Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳдан шундай деганини нақл қилади: “Уламолар гўшти ейиладиган ҳайвонлардан қолган сувнинг пок экани, бундай сувни ичиш ва у билан таҳорат қилиш жоиз эканига ижмо қилганлар[6].

3) Мушукдан қолган сув:

Мушукнинг ўзи ҳам, ундан қолган сув ва баданидан чиққан тер ҳам покдир.

Бунга далил: Каъб ибн Моликнинг қизи Кабшадан ривоят қилинади. Кабша Абу Қатодага турмушга чиққан эди. (Кунлардан бирида) Абу Қатода уйига кириб келди ва Кабша унга таҳорат суви ҳозирлади. (Абу Қатода таҳорат олар экан), бир мушук келди. Абу Қатода унга идишни оғдирди ва мушук идишдан сув ичди. Хотинининг қараб турганини кўрган Абу Қатода: “Ажабланяпсанми, хотин?” – деди. “Ҳа” – деди хотини. Абу Қатода деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мушук нажас эмас. У сизнинг атрофингизда айланиб юрадиган (уй ҳайвонлари ва ҳашарот)лардандир” – деганлар[7].

4) Хачир ва эшакдан қолган сув:

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ  шундай дейди: “Менинг наздимдаги тўғри фикр – хачир ва эшакдан қолган сувнинг поклиги. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзлари хачир ва эшакга минганлар. Шунингдек, у зот ва саҳобалар асрида ҳам одамлар бу иккисига минар эдилар. Агар хачир ва эшакдан чиққан тер нопок бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилган бўлардилар. Қолаверса, хачир ва эшаги бор кишилар улардан чиққан тердан сақланиши имконсиз. Демак, бу борада улар иккиси мушукга ўхшайди[8].

5) Йиртқич ҳайвон ва паррандалар, ҳашаротлар ҳамда шу каби жонзотлардан қолган сув:

Уламолар йиртқич ҳайвонлардан қолган сув хусусида ихтилоф қилганлар. Айрим уламолар бу борадаги асл қоидадан келиб чиқиб, шунингдек, мавзуга тааллуқли бир ҳадисга таяниб улардан қолган сувни пок эканини айтганлар. Мазкур ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Эшаклардан қолган сув билан таҳорат олсак бўладими?”, деб сўралади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, шунингдек, барча йиртқич ҳайвонлардан қолган сув билан ҳам (таҳорат қилса бўлади)”, – деб жавоб берадилар. Бироқ бу заиф ҳадис. Ундан ташқари, Нававий Умар розияллоҳу анҳудан бир асарни келтиради. Ушбу асар мурсал, яъни заиф асардир. Шундай бўлса-да, Нававий ўзининг “Мажмуъ” (1\ 174) китобида “Бироқ ушбу мурсал асар мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа асарлар бор”, дейди.

Бошқа бир тоифа уламолар йиртқич ҳайвонлардан қолган сувнинг нажосат эканини айтганлар. Бунга далил сифатида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан даштлардаги қудуқ сувлари, шунингдек, йиртқич ва чорва ҳайвонлари келиб сув ичадиган ҳовузлар суви ҳақида сўралган ҳадисни келтирадилар. Бунга жавобан ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Агар сув икки хум миқдорига етса унга нажосат таъсир қилмайди[9], – деганлар.

Бу уламоларнинг айтишича, мазкур ҳадиснинг зоҳири йиртқич ҳайвонлардан қолган сувнинг нажосат эканига далолат қилади. Негаки, улардан қолган сув нажосат бўлмаганида ҳадисда айтилган шартнинг (яъни сувнинг икки хум миқдорига етиши) фойдаси қолмас эди[10].

Бироқ бу фикр айрим эътирозлардан холи эмас. Хаттобий роҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейди: “Эҳтимол, ҳадисдаги мазкур шарт, йиртқич ҳайвонлар бу ҳовузлардан сув ичиш учун келганида одатда сув кечиб, унга сийиши мумкинлиги боис айтилган бўлиши мумкин. Зеро, сув ичиш учун келган ҳайвонларнинг сув кечиб, сувга сийиши уларнинг одати ва табиатида бор. Қолаверса, уларнинг аъзолари одатда тезак ва сийдик асоратидан холи бўлмайди. Ундан ташқари йиртқич ҳайвонлар қатори итлар ҳам сув ичиш учун бу ҳовузларга келади. Маълумки, итлардан қолган сувнинг нажосат экани суннатда баён қилинган[11].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ҳасан Басрий, Ато, Зуҳрий, Яҳё Ансорий, Букайр ибн Ашаж, Рабиа, Абуз-Зинод, Молик, Шофеий ва Ибн Мунзирлар йиртқич ҳайвонлардан қолган сувдан фойдаланишга рухсат берганлар[12].

6) Ит ва тўнғиздан қолган сув:

Улар иккисининг оғзи теккан сув нажосатдир. Итнинг оғзи теккан сувнинг нажосат эканига қўйидаги ҳадис далолат қилади: “Агар ит идишдан сув ичса идишни тозалаш йўли уни етти марта, (жумладан) биринчисини тупроқ билан ювишдир[13]. Ушбу ҳадисдан итнинг оғзи теккан сувнинг нажас экани маълум бўлади.

Тўнғиздан қолган сувнинг нажас эканига Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи далилдир: “Айтинг:  “Менга ваҳий қилинган нарса (Қуръон)да ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани кўрмаяпман.  Фақат бундан ўлакса ё тўкилган қон  ёки тўнғиз гўшти истисно бўлиб, албатта у нажасдир” [Анъом: 145]. Шунингдек, унинг  гўштидан пайдо бўлган  сўлаги ҳам нажасотдир. Бу фикр имомлардан Абу Ҳанифа, Шофеий ва Аҳмаднинг фикридир. Имом Молик, Авзоий ва Довуд (Зоҳирий)лар эса ит ва тўнғиздан қолган сув пок деганлар. Бироқ биринчи фикр рожиҳдир, валлоҳу аълам.

[1] Бухорий (283), Муслим (371), Абу Довуд (231), Термизий (121) ва Насоий (1\ 145) ривоят қилганлар. Шунга ўхшаш ҳадисни Муслим (372) Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилган.

[2] Бухорий (344), Муслим (682) ва Аҳмад (4\ 434, 435) ривоят қилганлар.

[3] Бухорий (469, 2422), Муслим (1764), Абу Довуд (2679), Насоий (2\ 46), Аҳмад (2\ 453) ва Ибн Ҳиббон (1239) ривоят қилганлар.

[4] Бухорий (4249) ва Насоий “Ал-Кубро”да (11355) ривоят қилган.

[5] Муслим (300), Абу Довуд (259), Насоий (1\ 149), Ибн Можа (643) ва Аҳмад (6\ 64, 192, 210, 214) ривоят қилганлар.

[6] “Ал-муғний” (1\ 50). Қаранг: Ибн Мунзирнинг “Ижмо” китоби (5-бет).

[7] Ҳасан, Абу Довуд (75), Термизий (92), Насоий (1\ 55) ва Ибн Можа (367) ривоят қилганлар. Термизий ҳадисни ҳасан саҳиҳ деган. Шу бобда Абу Довуд (76) саҳиҳ санад билан Ойша розияллоҳу анҳодан шунга ўхшаш бошқа бир ҳадис ҳам ривоят қилган.

[8] “Ал-муғний” (1\ 49).

[9] Саҳиҳ. Абу Довуд (63), Термизий (67), Насоий (1\ 46), Ибн Можа (517, 518), ва Аҳмад (2\ 38) ривоят қилган. Шунингдек, ҳадисни Ибн Хузайма (92), Ҳоким (1\ 224), Ибн Манда ва Ибн Дақиқил Ийд саҳиҳ деганлар. “Талхисул ҳабийр” (1\ 16-20) асарига қаранг. Айрим замонамиз уламолари бир хум сувни 200 кг деб белгилаганлар.

[10] Мазкур фикрни шайх Албоний ўзининг “Тамомил минна фит-таълиқи ало фиқҳис-сунна” асарида рожиҳ деб билган. Айни пайтда бу фикр ҳанафий мазҳабининг ҳам фикридир. Биринчи фикр, яъни йиртқич ҳайвонлардан қолган сув пок деган фикрни эса Саудия Арабистонидаги “Доимий Фатво Қўмитаси” рожиҳ деб қарор қилган. Қаранг:  “Доимий Фатво Қўмитаси” фатволари тўплами (5\ 416), 8052 сонли фатво.

[11] Хаттобийнинг “Маолимус –сунан” асари (1\ 52), “Сунани Абу Довуд” китобининг ҳошияси).

[12] “Ал-муғний” (1\ 48). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар жангида саҳобаларни эшак гўштини емасликка буюрганлари ва “У нажасдир”, деганларига келсак, бу гап эшак суйилгандан кейин унинг гўшти ҳақида айтилган. Негаки, эшак гўшти ҳалол эмас,  ўлимтик ўрнидадир.

[13] Муслим (27), Абу Довуд (71), Термизий (91), Насоий (1\ 177-178) ва Ибн Можа 364) ривоят қилганлар. Баъзи ривоятларда “(еттитадан) бирини”, бошқа бир ривоятда эса “еттинчисида (тупроқ билан ювинглар)” дейилган. Шунингдек, мазкур ҳадисни айрим жузъий фарқлар билан Бухорий (172), Абу Довуд (73) ва Насоий (1\ 52)  ҳам ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг