Ҳомиладор ва эмизувчи аёллар рўзаси

0

Иккинчидан: ҳомиладор ва эмизувчи аёллар:

Ҳомиладор ва эмизувчи аёллар рамазон ойида рўза тутмасликлари жоиз. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: “Аллоҳ таоло мусофирдан намознинг ярмини[1], шунингдек, ҳомиладор ва эмизувчи аёллардан рўзани соқит қилди[2].

Уламолар ҳомиладор ёки эмизувчи аёл рўзасини очса унга нима вожиб бўлиши хусусида ихтилоф қилганлар.

Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу борада уламоларнинг тўрт хил фикрлари бор:

(1) Ибн Умар, Ибн Аббос, Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳумларнинг фикрича, рўза тутмаган кунларининг эвазига фидя – мискинларга таом беради, қазо тутмайди.

(2) Ато ибн Аби Рабоҳ, Ҳасан, Заҳҳок, Абу Ҳанифа ва асҳоби раъйларнинг фикрича, худди касал одам сингари фақат қазосини тутади, фидя бермайди.

(3) Шофеий ва Аҳмаднинг фикрича, ҳам қазосини тутади, ҳам фидя беради. Бу фикр Мужоҳиддан ҳам ривоят қилинган.

(4) Молик роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, ҳомиладор аёл фақат қазосини тутади, фидя бермайди, эмизувчи аёл эса ҳам қазосини тутади, ҳам фидя беради”[3].

Ибн Мунзир ишора қилган Ибн Аббос ва Ибн Умарнинг сўзларини Ибн Қудома улар иккисидан нақл қилиб келтиради.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг айтишича, ҳомиладор ва эмизувчи аёл рўза тутолмаган кунларининг қазосини тутмайди. Чунки оят[4] улар иккисини ҳам ўз ичига олади. Оятда фақат фидя зикр қилинган. Бу икки саҳобийнинг фикрига саҳобалардан биронтаси хилоф қилгани маълум эмас[5].

Улар иккисидан ривоят қилинган асарлар матни қуйидагича:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Кекса эркак ва қари кампирлар учун бу борада рухсат берилди. Агар улар рўза тутишга қийналмасалар ҳам хоҳласалар рўза тутмасдан ҳар куни бир мискинни тўйдиришлари мумкин, қазосини тутиш вожиб эмас эди. Кейинчалик бу ҳукм қуйидаги оят билан насх – бекор қилинди: “Кимда ким (муқим ва соғлом ҳолида) рамазон ойига гувоҳ бўлса, у ҳолда бу ойнинг рўзасини тутсин” [Бақара: 185]. Шундай қилиб, кекса эркак ёки қари кампир рўза тутишга тоқати етмаса, шунингдек, ҳомиладор ва эмизувчи аёл боласи ёки ўзига зарар етишидан қўрқса, у ҳолда рўза тутмай, ҳар куни бир мискинни тўйдирадилар”[6].

Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан собит бўлишича, у ўзининг ҳомиладор ёки эмизувчи “умму валад”[7]ини кўриб, унга шундай дейди: “Сен рўза тутишга тоқати етмаган кишилар қаторидасан. Сен ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом беришинг вожиб, қазо тутишинг шарт эмас[8].

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ҳомиладор аёли ундан рўза тутиш ёки тутмаслик ҳақида сўраганида шундай деб жавоб беради: “Рўза тутмасдан ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом бер, қазога ҳам ҳожат йўқ[9].

Мавзуга оид мулоҳаза ва эслатмалар:

  1. Борди-ю, аёл иш ҳақи олиб ёки иш ҳақи олмасдан савоб умидида бировнинг боласини эмизса, унга ҳам рўза тутмаслиги жоиз. Бу ҳолатда унинг ҳукми ўз боласини эмизган аёлдан фарқ қилмайди. Бундай аёл хусусидаги ихтилоф, яъни рўза тутмаслик рухсатидан фойдаланган ҳолатда нима вожиб бўлиши тўғрисидаги ихтилоф айнан ўз боласини эмизувчи аёл ҳақида айтиб ўтилган ихтилофнинг ўзидир.

  2. Агар ҳомиладор ёки эмизувчи аёл мусофир ёки касал бўлса ва мусофирлиги ёки касаллиги сабаб рухсатдан фойдаланиб рўзасини очса, у ҳолда бундай аёлга фидя вожиб бўлмаслигида ихтилоф йўқ[10]. Балки у мусофир ёки касал киши сингари рўза тутолмаган кунларининг қазосини тутиб бериши лозим.

  3. Фидя ёхуд таом бериш кимнинг зиммасида вожиб бўлади?

Шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ айтади: “Фидя ёхуд мискинга таом бериш ҳомиладор ёки эмизувчи аёлга нафақа бериши вожиб бўлган кишининг зиммасида вожиб бўлади[11].

[1] Яъни, мусофир тўрт ракаатлик намозларни қаср қилиб икки ракаатдан ўқиши жоиз.

[2] Ҳасан. Абу Довуд (2408), Термизий (715), Ибн Можа (1667) ва Насоий (4/180) ривоят қилишган.

[3] Нававийнинг “Ал-мажмуъ” (6/296) китобидан нақл қилинди.

[4] Бу ердаги оятдан қуйидаги оят назарда тутилган: “(Кексалик ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида фидя тўлашлари лозим…” [Бақара: 184].

[5] “Ал-муғний” (4/395).

[6] Бухорий (4505) шунга ўхшаш асар ривоят қилган. Асарни Насоий (4/190, 191) ва Дорақутний (2/205) ривоят қилишган. Дорақутний ва Албоний “Ирвоул ғалил”да (912) саҳиҳ дейишган.

[7] “Умму валад” аслида чўри аёл, фақат бошқа чўрилардан фарқли жойи шундаки, чўри аёл саййиди – хожасидан фарзанд кўрган бўлса умму валад дейилади ва хожаси вафот этиши билан озод бўлади, мол-мулк сифатида хожасидан кейин унинг меросхўрлари қўлига ўтмайди.

[8] Дорақутний (2/206) ривояти. Албоний “Ирвоул ғалил”да (4/19) асар санадини “жаййид” деган.

[9] Саҳиҳ. Дорақутний ривояти (2/207). Албоний “Ирвоул ғалил”да (4/20) асар санадини “жаййид” деган.

[10] Нававийнинг “Ал-мажмуъ” китобига қаранг (6/274).

[11] “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/394).

Изоҳ қолдиринг