Омир ибн Шурaҳбил Шаъбий (2)

0

Шаъбийнинг кенг илмли ва ўткир зеҳнли эканига далолат қилувчи воқеа-ҳодисалар жуда кўпдир. Шулардан бирини ўзи шундай ҳикоя қилади: “Бир куни насл-насаби билан бир-бирига фахрланаётган икки киши ҳузуримга келишди. Бири Омир, бошқаси Асад қабиласидан эди. Омирий биродаридан устун чиқиб, уни кийимидан судраб келарди. Асадий эса мағлуб ҳолда: “Қўйиб юбор”, деб зорланар, Омирий: “Аллоҳга қасамки, Шаъбий ўртамизда ҳукм чиқармагунча қўйиб юбормайман”, дер эди. Омирийга юзланиб: “Ўртангизда ҳукм чиқараман, уни қўйиб юбор”, дедим. Сўнг Асадийга қараб айтдим: “Нима учун унинг ёнида заиф ва синиқ ҳолда турибсан? Ҳолбуки сенинг қабилангда арабларнинг биронтасида бўлмаган олтита фахрланадиган ўрин бор:

Биринчиси, сизнинг қабилангизга мансуб аёлга башарият саййиди Муҳаммад сaллаллоҳу алайҳи ва саллам совчи қўйганлар, Аллоҳ таоло етти осмон тепасидан ул зотни унга уйлантирган. Ўрталаридаги элчи Жаброил алайҳис салом бўлган. Бу аёл мўминлар онаси Зайнаб бинти Жаҳшдир. Бундай ҳурмат-икром фақат сенинг қавмингга бўлган, араблардан бошқа биронтасига қилинмаган.

Иккинчиси, ер устида юрган жаннати киши Укоша ибн Миҳсан сизнинг қавмингиздан. Бу ҳам бошқа қавмларда бўлмаган, сиз Бани Асаддагина бўлган фазилатдир.

Учинчиси, Ислом байроғи остида юборилган биринчи лашкарга сизнинг қавмдошингиз Абдуллоҳ ибн Жаҳш бошчилик қилган.

Тўртинчиси, Исломда тақсим қилинган биринчи ўлжани ҳам Абдуллоҳ ибн Жаҳш қўлга киритган.

Бешинчиси, Байъати Ризвонда биринчи байъат қилган киши сизлардан эди. У қабиладошингиз Абу Синон ибн Ваҳб бўлиб, Расулуллоҳ сaллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, қўлингизни беринг, мен сизга байъат қиламан”, деганида, Пайғамбар сaллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нима нарсага?” деб сўрадилар. У: “Сиз хоҳлаётган нарсага”, деди. Пайғамбар сaллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен нимани хоҳлаяпман?” дедилар. У: “Ғалаба ёки шаҳидлик”, деди. Пайғамбар сaллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, шундай”, дедилар ва у байъат қилди, шундан сўнг одамлар ҳам Абу Синондек байъат беришди.

Олтинчиси, қавминг Бану Асадликлар Бадр кунида муҳожирларнинг еттидан бир қисмини ташкил қилган”. Шунча фазилатларни санаганимдан кейин Омирий жим бўлди қолди”.

Имом Шаъбий заиф ва мағлуб кишига кучлик ва ғолиб устидан ёрдам беришни хоҳлаганига шубҳа йўқ. Агар Омирий мағлуб ҳолда бўлганида, Бану Омирнинг у билмаган фазилатларни санаб ўтган бўлар эди.

Абдулмалик ибн Марвон халифалик мансабига ўтирганида, Ироқ волийси Ҳажжожга: “Менга маслаҳатчи, насиҳатгўй ва ҳамсуҳбат бўла оладиган, дин ва дунёга мувофиқ келар бир кишини ҳузуримга юбор” деб мактуб жўнатди. Ҳажжож Шаъбийни юборади.

Халифа уни ўзига энг яқин кишилардан қилиб, қийин ишларда унинг кенг илмига таянар, ташвишли онларда унинг фикрига суянар ва қўшни давлатларга элчи қилиб юборар эди.

Халифа Шаъбийни Рум шоҳи Жистинённинг олдига юборгани ана шу элчиликдан бири бўлиб, тарих саҳифаларига муҳрланган эътиборли ҳодиса бўлган.

Элчи бўлиб келган Шаъбийнинг сўзларини эшитган Рум шоҳи унинг заковати, улуғворлиги, сўзамоллиги ва ҳозиржавоблигидан даҳшатга тушади. Одатда, бошқа элчиларга кўрсатилмайдиган лутф билан ҳузурида бир қанча кун қолдиради. Ва ниҳоят кетишга изн берар экан, Шаъбийдан сўрайди:

“Сиз халифанинг аҳли байтидан бўласизми?”.

Шаъбий: “Йўқ, мен мусулмонларнинг бириман, холос”.

Рум шоҳи: “Халифанинг ҳузурига қайтгач, бу ерда бўлган барча гапларни айтиб берганингиздан сўнг, унга мана шу мактубни беринг”, дейди. Шаъбий Дамашққа қайтгач, халифанинг ҳузурига киради ва кўрган, эшитган барча нарсаларни сўзлаб, халифа сўраган саволларга жавоб беради. Қайтиш олдидан эса Рум шоҳи омонат қилган мактубни халифага бериб чиқиб кетади. Абдулмалик ибн Марвон мактубни ўқиши билан соқчиларга Шаъбийни тезда қайтаришни буюради. Шаъбий келгач, Абдулмалик ибн Марвон: “Мактубда нима битилганини билармидингиз?” деб сўрайди. Шаъбий: “Йўқ, эй мўминлар амири, билмас эдим”, деб жавоб беради. Абдулмалик ибн Марвон: “Рум шоҳи менга қуйидагиларни ёзиб юборибди: “Арабларга ҳайронман, қандай қилиб ўзларига бу йигитдан бошқани подшоҳ қилиб юрибдилар?”. Шаъбий: “У сизни кўрмагани учун шундай деган, агар эй мўминлар амири, у сизни кўрган бўлганида бундай демаган бўлар эди”. Абдулмалик ибн Марвон: “Нима учун Рум шоҳи менга бундай мактуб йўллаганини биласизми?” деб сўради. Шаъбий: “Йўқ, билмайман”, деди. Абдулмалик ибн Марвон айтди: “Менда сиздек киши борлигига, Рум шоҳи ҳасад қилганидан шундай қилган. Бу билан у сизни қатл қилишга мени тезлаб, сиздан халос бўлишни ирода қилган”. Рум шоҳига бу гаплар етиб борганида: “Отасига балли, қойилман, қасамки, дарҳақиқат бундан бошқа нарсани мақсад қилмаган эдим”, деди.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг