Она норозилигининг намоз қабул бўлишига таъсири

0

Савол:

Мен сигарет чекаман. Онам: “Сигарет чексанг сендан рози эмасман” – дейдилар. Мен сигаретни ҳалол деб эшитганман. Саволим шуки, онам мендан норози бўлсалар, менинг тутган рўзам ва ўқиган намозларим қабул бўлмайдими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Биринчидан: сигарет чекиш ҳаром. Буни барча уламолар бир овоздан таъкидлашган. Сигаретни ҳалол деганларнинг сўзи далилга асосланмагани учун эътиборга лойиқ эмас. Шунинг учун биринчи навбатда бу қабиҳ ишдан тийилишингиз даркор.

Иккинчидан: ота-онани норози қилиш энг катта гуноҳлардан саналади. Ота-онасини норози қилган фарзанд оқ бўлган ҳисобланади. Инсон ота ёки онасига оқ бўлиши учун албатта шу сўз ишлатилиши шарт эмас. Балки уларни норози қилиши билан ҳам оқ бўлган ҳисобланади. Ота-онасига оқ бўлган фарзанд ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ азза ва жалла қиёмат кунида уч кишига: ота-онасига оқ бўлганга, ўзини эркакка ўхшатган аёлга ҳамда даюсга қарамайди. Уч киши: ота-онасига оқ бўлган фарзанд, маст қилувчи ичимликка ружу қўйган ва берганини миннат қиладиганлар жаннатга кирмайди” (Насоий (2562) ривояти). Қиёматда Аллоҳнинг раҳматидан бебаҳра қолиш ҳамда жаннатдан маҳрум бўлишдан оғир жазо бўлмаса керак. Агар онангиз сиздан бир ҳаром ишдан тийилишингизни талаб қилаётган бўлса, унда онангизга итоат қилишингиз янада таъкидли вожиб бўлади. Шунинг учун бу ҳаром ишдан тийилинг ва ҳар қандай ҳолатда ҳам онангизни рози қилшга ҳаракат қилинг.

Учинчидан: ота-онасини норози қилган ва уларга оқ бўлган фарзанд қаттиқ гуноҳкор бўлса-да, лекин бу иш унинг бошқа солиҳ амаллари қабул бўлишига монелик қилмайди ва олдин қилган савобларини ҳам ювиб юбормайди, валлоҳу аълам.

Илова: сигарет ҳаромлиги ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун “Сигарет ва уни сотишнинг ҳукми” фатвога мурожаат қилинг.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг