Орқа аврат тукларини тозалаш ҳукми

0

Орқа аврат тукларини тозалаш ҳукми

Уламолар орқа аврат тукларини тозалаш ҳукми хусусида уч хил фикр билдиришган:

  1. Мустаҳаб;

  2. Жоиз эмас;

  3. Мубоҳ.

    1. Баъзи ҳанафий уламоларининг фикрига кўра орқа авратдаги тукларни олиш мустаҳабдир.

Ибн Обидийн шундай дейди: “Эркак ва аёл киши авратига яқин жойлардаги тукларни қириш, юлиш ёки “навра” (яъни тукларни тўкиб юборувчи восита) билан кетказиши мустаҳабдир. Шунингдек, тош-кесак (ёки қоғоз) билан истинжо қилгач, нажосат асорати қолиб кетмаслиги учун орқа авратдаги тукларни олиш мустаҳаб дейиш мақсадга мувофиқдир” [“Ҳошияту Ибн Обидийн”, 2/481].

Ҳанафий олимларидан бўлмиш Имом Таҳтовий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Орқа авратдан чиқадиган нажосат асорати қолиб кетиш хавфи бўлгани учун у ердаги тукларни олиш мустаҳаб ҳисобланади” [“Ҳошияти Таҳтовий”, 1/342].

Ибн Дақиқил Ийд роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Орқа авратдаги тукларни олиш мустаҳаб деган олимлар бу фикрни қиёсдан келиб чиқиб айтганга ўхшайди” [“Фатҳул Борий”, 10/344].

  1. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ нақл қилишича, Абу Бакр ибн Арабий ва Фокиҳийнинг фикрига кўра ушбу ердаги тукларни олиш жоиз эмас.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Арабий шундай деган: “Орқа аврат атрофидаги тукларни олиш жоиз эмас”. Шунингдек, Фокиҳий ҳам “Шарҳи умда” китобида “жоиз эмас” деган. Бироқ улар бу фикрларига бирон далил келтиришмаган” [“Фатҳул Борий”, 10/343] .

Бу фикр эгаларининг далили:

Уларнинг айтишича, орқа аврат тукларини олиш хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалардан бирон бир ҳадис ёки асар келмаган. Шу сабабдан бу тукларни олиш жоиз бўлмайди.

Шавконий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “(Ҳадисларда зикр қилинган) “истиҳдод” луғатда Нававий роҳимаҳуллоҳ айтганидек, киндик остидаги тукларни олиш деган маънони англатса, унда (бу ҳадислар) орқа аврат атрофида ўсадиган тукларни олиш суннатлигига далил бўла олмайди. Агар “истиҳдод” сўзи қомусда зикр қилинганидек, темир яъни устара билан олиш деган маънода бўлса, у ҳолда бу сўз фақат киндик остидаги тукларни олишдан кўра кенгроқ маънони қамраб олади. Лекин Муслим ривоят қилган ҳадисда “истиҳдод” деган сўзнинг ўрнига “киндик ости тукларини олиш” дейилган. Демак, Муслим ривоят қилган ҳадис “истиҳдод” деган умумий сўздан мурод киндик ости тукларини олиш эканини баён қилиб беради. Орқа авратдаги тукларни олиш суннат ёки мустаҳаб дейиш далилга асосланган бўлиши лозим. Ваҳоланки, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг сўз ёки амаллари ичида орқа аврат тукларини олиш борасида келган бирон далил учратмадик” [“Найлул-автор” 1/141].

Шавконий роҳимаҳуллоҳнинг ушбу фикрини тўғри деб ҳисоблаган тақдирда ҳам, бу ишнинг мустаҳаб эмаслиги унинг мубоҳ ҳам эмаслигини англатмайди.

  1. Моликий мазҳаби ва Нававий роҳимаҳуллоҳнинг фикрига кўра, орқа аврат тукларини олиш мубоҳ, яъни жоиздир.

Солиҳ Азҳарий шундай дейди: “Бадандаги олд авратдан бошқа қўл, оёқ ва орқа аврат каби жойдалардаги тукларни олиш жоиздир” [“Самаруд-доний шарҳи рисолатул Қайравоний”, 1/682].

Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Авратдаги олиш мустаҳаб бўлган туклардан эркак ва аёлнинг олд аврати атрофида ўсувчи туклар назарда тутилади. Абу Аббос ибн Сурайжга нисбат берилувчи “Вадоиъ” китобида қуйидаги сўзларга кўзим тушди: “Авратдаги туклар деб орқа аврат атрофидаги тукларга айтилади”. Бироқ бу китобни унга нисбат бериш тўғри эмас деб ўйлайман.  Унинг бу гапи (ҳеч қайси олим айтмаган) ғалати гапдир. Шунга қарамай, орқа авратдаги тукларни олишдан бирон моне йўқ бўлиб, бу иш жоиздир. Аммо, ушбу тукларни олиш мустаҳаб дейишга келсак, бу борада Абу Аббос ибн Сурайждан бошқа бирон мўътабар олимнинг сўзини учратмадим. Агар бу туклар поклик ва истинжо қилишда қулай бўлиши мақсадида тозаланса, у ҳолда бу тарғиб қилинадиган яхши ишдир” [“Ал-мажмуъ”, 1/289].

Муҳаммад Хатиб Ширбиний роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Авратдаги туклар деб, эркак ва аёл кишининг олд аврати атрофида ўсадиган тукларга айтилади. Баъзилар бу тукларни “орқа авратдаги туклар” дейишган. Муаллиф (яъни Имом Нававий) деди: “Олд ва орқа авратдаги тукларнинг барчасини олиш афзалдир” [“Муғнил муҳтож”, 1/564].

Бу фикр эгаларининг далили:

Маълумки, туклар уч қисм: (1) олишдан қайтарилган, (2) олишга буюрилган, (3) олишга ҳам, олмасликга ҳам буюрилмаган тукларга бўлинади. Учинчи қисмга болдир ва қўлдаги туклар каби мубоҳ туклар киради. Орқа авратда ўсадиган туклар ҳам ушбу учинчи қисмга мансуб туклардир.

Хулоса:

Рожиҳ фикрга кўра орқа аврат тукларини олиш мубоҳдир. Бироқ, бу туклар узун ва қуюқлиги сабаб рисоладагидек тозалашга тўсқинлик қиладиган бўлса ҳамда кесак ёки қоғоз билан орқа авратни нажосатдан яхшилаб тозалаш имкони бўлмай, балки албатта сув ишлатиш зарурати туғилса, у ҳолда орқа аврат тукларини олиш мустаҳаб деган фикр ўринли бўлади. Акс ҳолда, орқа авратни фақат кесак ёки қоғоз билан тозалашга чекланмай, балки уни сув билан ювиш ҳам лозим бўлади, валлоҳу аълам.

(Мазкур рисола қуйидаги манбадаги арабча матндан таржима қилинди)

http://www.alukah.net/sharia/0/41787/#_ftn1

Изоҳ қолдиринг