Қоринча ётиш жоизми?

0

Савол:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қорин билан ётишдан қайтариб: “Бу дўзах аҳлининг ётиши” – деган эканлар. Шу ҳадис саҳиҳми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Қорин билан ётиш тўғрисида қуйидаги ҳадислар ривоят қилинган:
Тахна ибн Қайс розияллоҳу анҳу айтади: “Мен саҳар масжидда қорним билан ётган эдим, бир киши мени оёғи билан туртиб: “Бу ётишни Аллоҳ ёмон кўради” – деди. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам экан” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд (5040) ривояти).
Абу Зар розияллоҳу анҳу айтади: “Мен қоринча ётган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимдан ўтиб қолдилар-да: “Ҳой Жунайдиб, бу дўзахийларнинг ётиши” – дедилар” (Ибн Можа (3724) ривояти).

Қоринча ётишдан қайтариш тўғрисида келган ҳадисларнинг саҳиҳлигида ихтилоф бор. Имом Бухорий, Дорақутний, Ибн Абу Ҳотим ва Ибн Ражаб каби мутақаддим уламолар заиф дейишган бўлса, шайх Аҳмад Шокир ва шайх Албоний каби замондош уламоларимиз бу ҳадисларни саҳиҳ ёхуд ҳасан дейишган. Мазкур ҳадисларни заиф деб билганлар қоринча ётишни жоиз дейишса, уларни саҳиҳ ёхуд ҳасан деб билганлар қоринча ётиш макруҳ дейишади. Биз мутақаддим уламоларнинг сўзларига таянган ҳолда мазкур ҳадисларни заиф деб билсак-да, эҳтиёт юзасидан қоринча ётмаган афзал деймиз. Қолаверса, инсон ўнг тарафга ёнбошлаб, юзини қиблага қаратган ҳолатда ётиши суннат, қоринча ётиш эса соғлиққа зарарли, валлоҳу аълам.

Бу фатвони тайёрлашда IslamQA саҳифасидан фойдаланилди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг