От ва камон мусобақаларига пул тикиш жоизми?

0

Савол:

Бир домла айтди, Пайғамбаримиз от миниш ва камон отишга пул тикишга рухсат берган эканлар. Шу гап тўғрими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Чавандозлик ва мерганлик борасида мусобақа уюштириш ва иштирокчиларни рағбатлантириш учун соврин сифатида пул қўйиш жоиз. Жамиятда чавандоз ва мерганлар сонини ошириш ниятида бундай мусобақаларни уюштирган ва пул тиккан инсон савоб  олади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аслам қабиласидан бир гуруҳ инсонлар камон отишда мусобақа қилишаётганини кўрганларида: “Отинглар, эй Исмоил алайҳиссалом фарзандлари. Зеро, отангиз мерган бўлган, отинглар. Мен фалончи уруғ билан биргаман”, деганлар. Шунда қарши гуруҳ тўхтаб қолган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нега отмаяпсизлар?!”, деб сўраганлар. Улар: “Қандай отамиз, ахир, сиз улар билан биргасиз-ку?!”, дейишганида: “Отинглар, мен барчангиз билан биргаман”, дея барчаларини камон отишга тарғиб қилганлар (Бухорий (2899) ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: “Камон отинглар, отга мининглар. Камон отишларинг отга минишларингдан кўра менга суюклироқдир. Инсон шуғулланадиган барча бекорчи ишлар натижасиздир. Фақатгина киши камон отиши, отини ўргатиши ҳамда хотини билан ўйнашиши бундан мустасно. Зеро, бу ишлар фойдалидир. Ким камондан ўқ отишни ўрганганидан сўнг унутса, камон отиш неъматига нонкўрлик қилган бўлади”, деганлар (Аҳмад “Муснад”да (17300) ривояти). Имом Насоий (8890) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сузишни ҳам мазкур тарғиб қилинган ўйинлар қаторида санаб ўтганлар. Бинобарин, яхши ниятда бу каби жамият учун фойдали ўйинларни ривожлантириш учун пул тикиш савоб ишдир. Бироқ иштирокчилардан пул йиғилиб, бу пул ғолибга берилиши, мағлублар эса берган пулларига куйишлари мумкин эмас. Чунки бу қимор ҳисобланади. Шунингдек, томошабинлар маълум бир жамоанинг ғалабаси учун пул тикишлари ҳам ҳаром, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг