Озиқ-овқат маҳсулотлари ичига сичқон тушиб кетса нима бўлади?

0

Савол:
Озиқ-овқат маҳсулотлари ичига сичқон тушиб кетса нима бўлади?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Одамларга аралашиб юрадиган, улардан сақланиш машаққат туғдирадиган ҳайвонлар, гарчи гўшти ейилмаса-да, пок саналади. Сичқон, мушук, эшак, хачир ва шунга ўхшаш уй ҳайвонлари шулар жумласидандир. Бунга Каъб ибн Моликнинг қизи Кабшадан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади. «Кабша Абу Қатодага турмушга чиққан эди. (Кунлардан бирида) Абу Қатода уйига кириб келди ва Кабша унга таҳорат суви ҳозирлади. (Абу Қатода таҳорат олар экан), бир мушук келди. Абу Қатода унга идишни оғдирди ва мушук идишдан сув ичди. Хотинининг қараб турганини кўрган Абу Қатода: “Ажабланяпсанми, хотин?” – деди. “Ҳа” – деди хотини. Абу Қатода деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мушук нажас эмас. У сизнинг атрофингизда айланиб юрадиган (уй ҳайвонлари ва ҳашарот)лардандир” – деганлар”[1].

Бу каби ҳайвонларнинг поклик сабаби уларнинг уйларда кўп аралашиб юриши, кийим-кечак ва идишларни улардан сақлаш қийинлигидир. Шунга биноан, мазкур ҳайвонлар теккан кийимлар ёки ичимлик ва таомлар нажосат бўлмайди. Жумладан, қопдаги унга ёки идишдаги ёққа сичқон тушиб, тирик чиқса, нажосат қилмайди. Албатта, бу ҳукм уларнинг тирик ҳолатига тааллуқли. Бироқ мазкур ҳайвонлар ўлимтиги нажосатдир. Масалан, сичқон ўлимтиги бирон озиқ-овқат ичига тушса ёки тушгач, унинг ичида ўлса, озиқ-овқат маҳсулотининг ҳолатига қараб ҳукм турлича бўлади. Агар у сув, сут ва ёғ каби суюқ озиқ-овқат маҳсулоти бўлса, унга сичқон ўлимтиги тушиши билан нажосат бўлади. Борди-ю, сичқон ўлимтиги тушган нарса асал, сариёғ сингари нажосат тарқалмайдиган ёки узоқ вақт қолсагина тарқалиши мумкин бўлган қуюқ озиқ-овқат маҳсулотлари бўлса, у ҳолда сичқонни олиб ташлагач, унинг атрофидаги нажосат ёйилиши мумкин бўлган миқдорни ҳам олиб ташланади ва қолгани пок саналади. Бунга Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси далил бўлади: «Бир сичқон сариёғнинг ичига тушиб, ўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралганида у зот: «Сичқонни ва унга қўшиб унинг атрофидаги сариёғни олиб ташлаб, (қолганини) еяверинглар», дейдилар» [Бухорий: 5218].

Жумҳур уламолар фикрича, суюқ озиқ-овқатлар ичига сичқон ўлимтиги тушса ёки ичига тушиб, сўнг ўлса, тушган нарсасини нажосат қилади. Бироқ баъзи уламолар, жумладан, имом Бухорий ва Зуҳрийнинг фикрича, шунингдек, имом Молик ва Аҳмаддан нақл қилинган бир ривоятга кўра, юқоридаги ҳолатда, то суюқ озиқ-овқатнинг ҳиди, ранги ёки таъмидан бири ўзгармагунча нажосат бўлмайди.  Албатта бу борадаги эҳтиёткорлик жумҳур уламолар фикрига эргашишни тақозо қилади.

Хулоса қилиб айтганда, сичқоннинг тириги пок, нажосат эмас. Бинобарин, тирик сичқоннинг ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулотига тегиши ёки ичига тушиб, чиқиши уни нажосат қилмайди. Сичқоннинг ўлимтиги эса нажосатдир. Бинобарин, суюқ озиқ-овқат маҳсулотига тушган сичқон ўлимтиги уни нажосат қилади ва уни истеъмол қилиш жоиз эмас. Аммо сичқон ўлимтиги тушган нарса қаттиқ ёки қуюқ нарса бўлса, у ҳолда сичқонга қўшиб, унинг атрофидаги нажосат тарқалиши мумкин бўлган миқдор ҳам олиб ташланади ва қолгани пок саналиб, истеъмол қилинаверади, валлоҳу аълам.

[1]  Ҳасан, Абу Довуд (75), Термизий (92), Насоий (1\55) ва Ибн Можа (367) ривоят қилганлар. Термизий ҳадисни ҳасан саҳиҳ деган. Шу бобда Абу Довуд (76) саҳиҳ санад билан Ойша розияллоҳу анҳодан шунга ўхшаш бошқа бир ҳадис ҳам ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг