Пайғамбаримиз намозларининг кўриниши (4)

0

Саксон иккинчи ҳадис

 

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم -:((أُمِرْتُ أَنْ أَسْجُدَ عَلَى سَبْعَةِ أَعْظُمٍ: عَلَى الْجَبْهَةِ – وَأَشَارَ بِيَدِهِ إلَى أَنْفِهِ – وَالْيَدَيْنِ , وَالرُّكْبَتَيْنِ , وَأَطْرَافِ الْقَدَمَيْنِ)) .

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Саждада еттита суягимни ерга теккизишга буюрилдим: пешонамни (қўллари билан бурунларига ишора қилдилар) икки қўлимни, икки тиззамни ва оёғим учларини[Бухорий: 809 ва Муслим: 230].

Шарҳ:

Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни саждада еттита аъзосини ерга теккизишга буюрди. Улар танадаги энг шарафли ва энг афзал аъзолар саналади.

Биринчиси: пешона билан бурун.
Иккинчи ва учинси: икки қўл. Саждада икки кафт ерга тегиб туради.
Тўртинчи ва бешинчиси: икки тизза.
Олтинчи ва еттинчиси: икки оёқ учлари. Саждада оёқ бармоқларини қибла томомнга қаратади.

Аллоҳ таолонинг Пайғамбарига берган буйруғи бутун умматга ҳам тегишли бўлади. Негаки, у бутун умматга тегишли бўлган умумий шариатдир.

Уламолар ихтилофи:

Барча уламолар саждада мазкур еттита аъзони ерга теккизиш кераклигига ижмо қилишган. Бироқ улардан қай бирини саждада ерга теккизиш фарз экани борасида ихтилоф қилишган.

Шарҳланаётган ушбу саҳиҳ ҳадис шуни тақозо қиладики, саждада мазкур аъзоларнинг барчасини ерга теккизиб туриш фарз. Бу имом Аҳмаднинг мазҳабидаги машҳур фикр.

Айрим уламоларнинг айтишича, саждада пешонанигина ерга теккизиш фарз, қолган аъзоларни эса ерга теккизиш мустаҳаб.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг фикрига кўра, саждада буруннинг ўзини ерга теккизиш пешонани ерга теккизиш ўрнини босади.

Бу масаладаги тўғрироқ фикр биринчи, яъни имом Аҳмаднинг мазҳабидаги машҳур фикр ҳисобланади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Саждада мазкур еттита аъзонинг барчасини ерга теккизиш фарз. Бу имом Аҳмаднинг мазҳаби. Унинг фарз экани ҳадисда айтилган буйруқдан олинган. Дарҳақиқат, мазкур аъзоларни саждада ерга теккизиш орқали саждада фарз қилинган амални бажариш, Аллоҳ таолони улуғлаш ҳамда Аллоҳнинг олдида хокисор бўлиб туриш рўёбга чиқади.

2 – Бурун пешонадан ҳисобланади. Саждада бурунни ерга теккизиш билан сажда тўла-тўкис бўлади. Бинобарин, саждада бурунни ерга теккизмай, пешона билан сажда қилиш кифоя қилмайди.

Қўшимча икки фойда:

Биринчиси: мазкур аъзолардан бошқа бирон нарса устига сажда қилса бўлади. Икки қўл устига сажда қилиш ҳаром. Негаки, икки қўл сажда қилувчининг танасига боғлиқ бўлган аъзодир.
Бирон эҳтиёж бўлмаса кийим, салла ва қўлқоб каби сажда аъзолари устидан кийиладиган кийимлар устида сажда қилиш макруҳ. Аммо куннинг иссиқ ёки совуқ бўлиши, ерда тиканлар борлиги ёки ернинг қаттиқлиги каби сабабларга кўра сажда аъзоларига бирон нарса кийишга эҳтиёж туғилса, у ҳолда мазкур аъзоларга бирон нарса кийиб сажда қилса бўлади. Шунингдек, жойнамоз каби сажда аъзоларига ёпишиб турмаган нарсага сажда қилиш макруҳ саналмайди.

Иккинчиси: мазкур аъзоларни сажда қилишда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қай тартибда кўйган бўлсалар, ўша тартибда қўйиш лозим. У зот сажда қилганларида дастлаб икки тиззаларини, сўнг икки қўлларини, сўнг пешона билан бурунларини қўяр, туя чўккани каби сажда қилмас эдилар. Туя тиззасидан олдин дастлаб икки қўлини қўйиб чўкади. Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни бу кўринишда сажда қилишдан қайтарганлар.

Изоҳ қолдиринг