Пайғамбаримизнинг ота-оналари мусулмон бўлишганми?

0

Савол:

Пайғамбаримизинг ота-оналари ҳақида маълумот берсангиз. Баъзи инсонлар мусулмон бўлишган, дейди. Биз ундай эмас десак. “Бизларнинг ота-оналаримиз жаннатга киришса-ю, Пайғамбаримизнинг ота-оналари кирмайдими?!” дейишди. Шунга ойдинлик киритиб берсангиз.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Дастлаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак.

Оталарининг исми ва насаби: Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб (исми Шайба) ибн Ҳошим (исми Амр) ибн Абдуманоф Қураший Адноний. Абдуллоҳнинг онаси Фотима бинти Амр ибн Оиз ибн Имрон ибн Махзум ибн Яқзо ибн Мурра бўлган. Абдуллоҳ Абдулмутталибнинг энг сара ва суюкли ўғли эди.

Оналарининг исми ва насаби: Омина бинти Ваҳб ибн Абдуманоф ибн Зуҳра ибн Килоб.

Абдулмутталиб ўғли Абдуллоҳга Омина бинти Ваҳбни келин қилиб танлади. Отаси Бани Зуҳра уруғининг обрўли саййиди бўлган Омина Қурайш қабиласининг насл-насабда ва фазл-фазилатда энг олди қизи эди. Абдуллоҳ Омина билан Маккада қовушди. Орадан бир оз вақт ўтгач, Абдулмутталиб Абдуллоҳни хурмо ғамлаш учун Мадинага жўнатди. Баъзилар Абдуллоҳ Шомга тижорат учун чиққан эди, дейишади. Қурайш карвони билан йўлга чиққан Абдуллоҳ касал ҳолида Мадинага кириб келади ва шу ерда вафот этади. Уни Нобиға Жаъдийнинг ҳовлисига дафн қилишади. Ўшанда Абдуллоҳнинг ёши йигирма бешда эди. Аксар муаррихлар Абдуллоҳ вафот этганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали туғилмаган эдилар, дейишади. Баъзилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ойлик чақалоқ эканликларида оталари вафот этган, деб айтишади[1].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналари дўзахдами ё жаннатда эканига келсак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ота-оналари дўзахда эканига далолат қиладиган ҳадислар келган.

Имом Муслим (203) Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади: “Бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, отам қаерда? (дўзахдами ё жаннатда?) деди. У зот: “Дўзахда”, дедилар. Ҳалиги киши бурилиб кетаётганида Пайғамбаримиз унга шундай дедилар: “Менинг отам ҳам, сенинг отанг ҳам дўзахдадир”.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадис кофир ҳолида вафот этган киши дўзахга киришига, унга яқинлари бирон фойда келтира олмаслигига, шунингдек, то Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам юборилишига қадар бут-санамларга ибодат қилиб ўтган одамлар дўзахда бўлишига далолат қилади. Бу (одамларга тўғри йўлни кўрсатиб берадиган) даъват етмай туриб, уларни жазолаш дегани эмас. Зеро, уларга Иброҳим ва ундан бошқа пайғамбарларнинг (саллаллоҳу алайҳим ва саллам) даъватлари етган эди” (“Шарҳи Муслим”, 3/79-бет).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Раббимдан онам учун истиғфор айтишга (унинг гуноҳларини кечиришини сўраб дуо қилишга) изн сўрадим, лек изн бермади. Онамнинг қабрини зиёрат қилишга изн сўраган эдим, изн берди” (Муслим ривояти, 976).

“Авнул маъбуд” китобида шундай дейилган: “Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари кофир (ҳолида вафот этган) эди. Ҳолбуки, кофирлар учун истиғфор айтиш (уларнинг гуноҳлари кечирилишини сўраб дуо қилиш) жоиз эмас” (“Авнул маъбуд”, 12/494-бет).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадис кофирлар учун истиғфор айтиш жоиз эмаслигини тақозо қилади” (“Шарҳи Муслим”, 7/45-бет).

Шайх Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Менинг отам ҳам, сенинг отанг ҳам дўзахдадир”, деган сўзларини билиб айтганлар (бекорга айтмаганлар). Зеро, у зот ҳавойи-хоҳишдан келиб чиқиб гапирмайдилар. Аллоҳ таоло айтади: “У ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (сўзлаган барча сўзлари) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир” (Нажм, 3-4). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оталари Абдуллоҳ ибн Абдулмутталибга ҳужжат қойим бўлмаганида, яъни ҳақ билан ботилни ажратиб берадиган далиллар етмаганида у зот оталари ҳақида бундай сўзларни айтмас эдилар. Пайғамбаримизнинг отаси Абдуллоҳга Иброҳим алайҳисалом дини таълимотларидан айримлари (ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш кераклиги ҳақида маълумот) етган бўлиши мумкин. Негаки, Амр ибн Луҳай Хузоий то араблар орасига ширкни олиб киргунча улар Иброҳим алайҳиссалом динида эдилар. Эҳтимол Абдуллоҳ Қурайшнинг бут-санамларга ибодат қилиши ботил эканини билган, шундай бўлса-да, уларга эргашгандир” (“Нурун алад-дарб” радио эшиттириши).

Имом Суютий раҳимаҳуллоҳ: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналари нажот топган, Аллоҳ таоло уларни вафотларидан сўнг қайта тирилтирган ва улар иймон келтирган”, деган фикрни билдирган.

Қарийб барча уламолар бу фикрни инкор қилишган ва у зотнинг ота-оналари жаннати эканини англатувчи барча ҳадислар ё тўқима, ё жуда заифлигини айтишган.

“Авнул маъбуд” китобида шундай дейилган: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналари қайта тирилтирилгани ва иймон келтириб, (дўзахдан) нажот топганларини англатувчи ҳадисларнинг кўпи тўқима, баъзиси эса ўта заифдир. Нима бўлган тақдирда ҳам улардан биронтаси саҳиҳ эмас. Имом Дорақутний, Жавзақоний, Ибн Шоҳин, Хатиб Бағдодий, Ибн Асокир, Ибн Носир, Ибн Жавзий, Суҳайлий, Қуртубий, Муҳиб Табарий, Ибн Саййидуннос, Иброҳим Ҳалабий ва бошқа бир қанча муҳаддис уламолар уларнинг барчаси тўқима эканига иттифоқ қилишган. Аллома Иброҳим Ҳалабий бу борада мустақил рисола битиб, унда Пайғамбаримизнинг ота-оналари дўзахдан нажот топмагани ҳақида батафсил гапириб ўтган. Шунингдек, Аллома Мулла Али Қорий “Шарҳи Кабир”да ва мустақил бир рисолада буни атрофлича тушунтирган.

Ушбу, яъни аллома Иброҳим Ҳалабий, Мулла Али Қори ва бошқа кўпчилик уламолар бирдирган фикрнинг тўғри эканига “Менинг отам ҳам, сенинг отанг ҳам дўзахдадир”, деган ҳадис далолат қилади. Шайх Жалолиддин Суютий муҳаддис ва муҳаққиқ уламоларнинг фикрига хилоф ўлароқ, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ота-оналари иймон келтирган ва дўзахдан нажот топган, деган фикрни билдирган ва бу борада бир қанча рисолалар ёзган. “Ат-таъзиму вал минна фи нажаати абавай Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи ва салламма фил жанна” асари шулар жумласидандир” (“Авнул маъбуд”, 4/494-бет).

Хулоса қиладиган бўлсак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оталари очиқ саҳиҳ ҳадисда баён қилинганидек дўзахда деб биламиз. Оналари ҳам иймон келтирмаган ҳолида вафот этган бўлиб, жаннати деб айта олмаймиз, валлоҳу аълам.

Ушбу фатвони тайёрлашда IslamQA веб саҳифасидан фойдаланилди.

[1] “Ар-Раҳиқ Ал-Мухтум” (65-66-бетлар) китобидан олинди.

Изоҳ қолдиринг