Пайғамбарлар қиссаси: Байтул атийқнинг бино қилиниши

0

Байтул атийқнинг бино қилиниши

Аллоҳ таоло айтади: «Эсланг (Эй Муҳаммад), Иброҳимга Каъбанинг ўрнини ҳозирлаган ва унга шундай деган эдик:  «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, уйим (Каъба)ни тавоф қилувчилар, (намозда) қиёмда турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун (моддий ва маънавий кирлардан) покиза тут. Шунингдек, барча инсонларга ҳажни эълон қил, шунда улар хоҳ пиёда, хоҳ узоқ йўллардан келаётган, йўл юраверганидан ориқлаб кетган туяларга миниб ҳузурингга келурлар» (Ҳаж сурасаси, 26-27).

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида яна шундай дейди: «Дарҳақиқат, одамлар (ибодат қилишлари) учун (ерда) қурилган дастлабки уй бутун оламлар учун ҳидоят ва барака бўлган ҳолида қурилган Бакка (Макка)даги уй (Масжидул ҳаром)дир. Унда очиқ аломатлар бор. (Шулардан бири) Мақоми Иброҳимдир. Ким бу уйга кирса, омонда бўлади. Йўлга қодир инсонларнинг уй (яъни Каъба)ни ҳаж қилиши Аллоҳ улар зиммасига юклаган мажбуриятдир. Кимда ким кофир бўлса (ҳажнинг фарзлигини инкор этса), албатта, Аллоҳ бутун оламдан беҳожатдир» (96-97-оятлар).

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Эсланг (Эй Муҳаммад), Иброҳимни Рабби бир неча сўзлар (мажбуриятлар) билан синаган ва у уларни бекаму кўст бажарганидан сўнг Рабби унга шундай деган эди: «Мен сени бутун инсонларга имом – йўлбошчи қиламан». Иброҳим деди: «(Эй Раббим) зурриётимдан ҳам бир тоифасини (имом қилгин)». Рабби деди: «Бу аҳдим (яъни сенга ваъда қилинган йўлбошчилик шарафи) золимларга насиб қилмас». Ўшанда Каъбани одамлар учун қайта-қайта бориладиган ва тинч-хотиржам жой қилдик. Мақоми Иброҳим ҳузурида намоз ўқинг. Иброҳим ва Исмоилга шундай буюрдик: «Бу уйимни тавоф қилувчилар, у ерда турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун пок тутинглар». Яна эсланг (эй Муҳаммад), Иброҳим деган эди: «Эй Раббим, бу ерни тинч-хотиржам ўлка қил, халқини – улардан Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганларни турли-туман ҳосил-маҳсулотлар билан ризқлантир». Аллоҳ деди: «Кофир бўлганни ҳам (ризқлантираман), уни (то ажали келгунча) қисқа муддат фойдалантираман, сўнг дўзах азобига зўрлаб олиб бораман. У нақадар ёмон оқибатдир! Яна ўшанда Иброҳим ва Исмоил Каъбанинг пойдеворини кўтарар эканлар, шундай дуо қилган эдилар: «Эй Раббимиз, биздан қабул эт. Албатта, Сен (дуоларимизни) эшитувчи, (ҳолимизни) билувчи Зотсан. Эй Раббимиз, бизларни Ўзингга бўйсунувчи қил, зурриётимиздан ҳам Сенга бўйсунувчи бир уммат чиқар. Бизларга ҳаж ибодатларини кўрсат ва тавбалармизни қабул эт. Дарҳақиқат, Сен тавбаларни кўп қабул қилувчи ва раҳмли Зотсан. Эй Раббимиз, зурриётимиз ичидан уларга Сенинг оятларингни тиловат қиладиган, китоб ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган бир пайғамбар чиқар. Албатта, Сен азиз (енгилмас ва чексиз қудрат соҳиби) ва ҳикматли Зотсан»   (Бақара сураси, 124-129).

Аллоҳ таоло Ўз бандаси, пайғамбари ва халили – ҳақпараст бандалар имоми ва анбиёлар отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом ҳақида унинг жамики инсонлар Аллоҳга ибодат қилишлари учун қурилган дастлабки масжид бўлмиш Байтул атийқ – Каъбани қургани ва унга Ўзи масжид ўрнини кўрсатганини зикр этди.

Дарҳақиқат, мўминлар амири Али ибн Абу Толиб ва бошқалардан Иброҳим алайҳиссаломга масжид ўрнини Аллоҳ ваҳий орқали кўрсатганини ривоят қилган эдик.

Шунингдек, осмонларнинг яратилиши тўғрисида сўз юритган чоғимизда Каъба осмондаги Байтул маъмурнинг остида экани, борди-ю, Байтул маъмур ерга қуласа, айнан Каъбанинг устига тушишини зикр қилган эдик[1]. Қолаверса, етти қават осмон ибодатхоналари ҳам айнан шундай, яъни Каъбанинг устидадир. Айрим салаф уламоларининг айтишларича, ҳар бир осмонда ўша осмон аҳли ибодат қиладиган ибодатхона мавжуд бўлиб, унинг ўша осмондаги мавқеи, худди Каъбанинг ер аҳлига нисбатан мавқеи кабидир.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ер аҳли ибодат қиладиган, худди осмон фаришталарининг ибодатхоналари сингари Аллоҳ учун бир уй қуришга буюрди ва унга осмонлар ва ерни яратган вақтидаёқ тайин қилиб қўйган жойини кўрсатди. «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да[2] ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Албатта, бу диёрни (яъни Макка) Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган кунда ҳаром қилган ва у то қиёмат кунига қадар Аллоҳ ҳаром қилгани сабаб ҳаром бўлиб қолади».

Дарҳақиқат, биронта ишончли манбада Каъбанинг Иброҳим алайҳиссаломдан илгари қурилганини кўрсатувчи бирон саҳиҳ маълумот йўқ. Бу хусусда Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги «Каъбанинг ўрнини» деган сўзини ҳужжат қилган кишига келсак, ундан бундай хулоса чиқариш очиқ ва қониқарли эмас. Чунки бу сўздан мақсад Каъбанинг ўрни Аллоҳ илмида маълум бўлган, тақдирда битилган ва Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Иброҳим алайҳиссалом замонига қадар анбиёлар эътиқодида улуғ саналган макондир.

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Дарҳақиқат, одамлар (ибодат қилишлари) учун (ерда) қурилган дастлабки уй бутун оламлар учун ҳидоят ва барака бўлган ҳолида қурилган Бакка (Макка)даги уй (Масжидул ҳаром)дир» (Оли Имрон сураси, 96). Яъни умуминсонлар учун, уларга барака ва ҳидоят бўлиши учун дастлаб қурилган уй, баъзи уламоларнинг айтишича, Бакка-Маккадаги уй, баъзи уламоларнинг айтишича эса, Каъбанинг ўрнидир. «Унда очиқ аломатлар бор» (Оли Имрон сураси, 97). Яъни Каъбада бу бинони пайғамбарларнинг отаси, унга эргашувчи, унинг суннати – ҳаёт йўлини маҳкам тутувчи фарзандларидан иборат ҳақпараст кишилар имоми бўлмиш Иброҳим Халил барпо этганига далолат қилувчи очиқ-ойдин белги ва аломатлар бор. Бу белги Каъба девори инсон бўй-басти миқдоридан кўтарилган вақтда Иброҳим алайҳиссалом устида тик турган тош – Мақоми Иброҳимдир. Бу машҳур тошни Каъба девори кўтарилган вақтда Иброҳим алайҳиссалом устига чиқиб ишлаши учун ўғли Исмоил алайҳиссалом қўйиб берган эди. Дарҳақиқат, мазкур воқеа Ибн Аббоснинг узун ҳадисида зикр қилинган[3]. Мазкур тош қадим замонлардан тортиб, то Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг замонасига қадар Каъба деворига ёпишган эди. Умар розияллоҳу анҳунинг даврига келиб бу тош, яъни Мақоми Иброҳим олдида намоз ўқувчи кишилар Каъбани тавоф қилувчи кишиларга халақит бермаслиги учун Каъбадан бироз четлаштирилди. Бу хусусда кейинги халифалар ҳам Умар розияллоҳу анҳуга эргашиб, унинг бу ишини маъқулладилар. Зеро, Умар розияллоҳу анҳуга Парвардигор ҳам бир қанча ишларда мувофиқ бўлган эди. Шулардан бири Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: «Мақоми Иброҳим олдида намоз ўқишни йўлга қўйсак эди…» деганида Аллоҳ таоло: «Мақоми Иброҳим ҳузурида намоз ўқинг» (Бақара сураси, 125) оятини нозил қилди[4].

Дарҳақиқат, Иброҳим алайҳиссалом оёқларининг тошдаги излари исломнинг илк даврларига қадар сақланиб қолган эди. Бу ҳақда Абу Толиб ўзининг машҳур «Ломия қасидаси»да шундай дейди:

Оёқяланг, шиппаксиз оёғи  босган,

Тошдаги Мақоми Иброҳимга қасам.

Яъни Иброҳим алайҳиссаломнинг шарофатли оёқлари тошга ботиб, унда ялангоёқ ҳолатидаги оёқ миқдорича из қолдирган эди. Шу боис Аллоҳ таоло: «Яна ўшанда Иброҳим ва Исмоил Каъбанинг пойдеворини кўтарар эканлар…» (Бақара сураси, 127), дейди. Яъни улар иккиси (яъни Иброҳим ва ўғли Исмоил алайҳимассалом) ғоятда ихлос ва тоат-ибодат ҳолатида эканлар, билувчи ва эшитувчи бўлган зот Аллоҳдан қилаётган улкан тоат-ибодатлари ва саъй-ҳаракатларини қабул қилишини сўраб шундай дуо қилдилар: «Эй Раббимиз, биздан қабул эт. Албатта, Сен (дуоларимизни) эшитувчи, (ҳолимизни) билувчи Зотсан. Эй Раббимиз, бизларни Ўзингга бўйсунувчи қил, зурриётларимиздан ҳам Сенга бўйсунувчи бир уммат чиқар. Бизларга ҳаж ибодатларини кўрсат ва тавбалармизни қабул эт. Дарҳақиқат, Сен тавбаларни кўп қабул қилувчи ва раҳмли Зотсан» (Бақара сураси, 127-128).

Хулоса қилиб айтганда, Иброҳим алайҳиссалом энг улуғ масжидни энг улуғ макон бўлмиш гиёҳ унмайдиган бир водийда барпо этди. Бу жойда истиқомат қиладиган аҳоли учун барака сўраб, сув танқислиги, дарахт, экин ва мева-чевалар йўқлигига қарамасдан, уларга турли маҳсулотларни ризқ қилиб берилиши ҳамда уни ҳарам ва тинч-омон макон айлашини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилди.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг дуосини мустажоб қилди, тилагини бажо келтирди, сўраганини берди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:  «Кўрмайдиларми, Биз (Маккани) тинч-омон ҳарам (тажовуз ҳаром қилинган жой) қилдик, ҳолбуки, атрофларидаги одамлар юлиб олиб кетиладилар (яъни улар доимий хавф-хатарда яшайдилар)» (Анкабут сураси, 67). Қасас сурасида эса шундай дейди: «Биз уларга Ўз ҳузуримиздан ризқ бўлсин деб барча нарсаларнинг ҳосил-маҳсулоти у ерга йиғиб олиб келинадиган тинч-омон ҳарамни макон қилиб қўймадикми?!» (57-оят). Шунингдек, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳдан Макка аҳлига дунёвий ва диний неъматлар, дунё ва охират саодати мукаммал бўлиши учун ўзларидан бўлган, уларнинг очиқ, фасоҳатли ва етук тилида гапирадиган пайғамбар юборишини сўради.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло унинг бу дуосини ҳам ижобат айлади. Макка аҳли ичидан пайғамбар юбориб, уни анбиё ва расулларининг охиргиси қилди. Унга олдин ҳеч кимсага бермаган динни мукаммал қилиб, уни то қиёмат кунига қадар одамларнинг жинси, тили ва сифатлари, қайси шаҳар, қайси аср ва қасрда яшашидан қатъи назар, бутун ер аҳолисига пайғамбар этиб юборди. Бу хусусиятлар у пайғамбарнинг шарафли экани, олиб келган динининг мукаммаллиги, жойининг улуғлиги, тилининг фасоҳати, умматига ниҳоятда раҳм-шафқатли ва меҳрибон экани, насл-насаби тоза, туғилган жойи ва макони шарафли бўлгани боис бошқа пайғамбарлар ичидан фақат унгагига насиб қилди.

Шу боис, ер аҳли учун Каъбани қурган Иброҳим алайҳиссаломнинг жойи ва мақоми осмон манзилгоҳларида – еттинчи осмон аҳлининг муборак каъбаси, ҳар куни етмиш минг фаришта кириб ибодат қиладиган, сўнгра унга то қайта тирилиш куни бўлмиш қиёматга қадар қайтиб кира олмайдиган Байтул маъмур ҳузуридаги юксак мартабада туришига ҳақли бўлди.

Дарҳақиқат, биз «Тафсир» китобининг[5] Бақара сураси тафсирида Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қай тарзда қургани ва бу хусусда ривоят қилинган ҳадислар, саҳоба ва тобеинларнинг сўзларини етарли даражада зикр этган эдик. Кимда ким бу ҳақда маълумот олишни хоҳласа, ўша жойга мурожаат қилсин.

Узоқ даврлар мобайнида Каъбанинг биноси Иброҳим алайҳиссалом қурган шаклда турди. Кейинчалик Қурайш қабиласи уни бошқатдан бино қилди. Бироқ улар Каъбани ҳозирги кўринишидагига ҳолида, яъни унинг Шом томонга қараган шимолий тарафида Иброҳим алайҳиссалом пойдеворларидан ичкарироқ қилиб қурдилар.

«Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами»да Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «(Эй Ойша,) қавминг (яъни Қурайш қабиласи) Каъбани бино қилган чоғда уни Иброҳим алайҳиссалом пойдеворларидан қисқартириб қўйганини қара-я?!» Ойша деди: «Эй Расулуллоҳ, уни Иброҳим алайҳиссалом пойдеворларига қайтара қолмайсизми?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар қавминг куфрга яқин бўлмаганида шундай қилган бўлур эдим».

Бошқа бир ривоятда: «Агар қавминг жоҳилиятдан (ёки куфрдан) яқинда ажралган бўлмаганида Каъбанинг хазинасини Аллоҳ йўлида сарфлаган, унинг эшигини ер билан тенглаштирган ва унга Ҳижрни қўшган бўлур эдим»[6], дейилади.

Ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Макка ҳокимлиги даврида холаси – мўминлар онаси Ойша розияллоҳу анҳодан эшитганига асосланиб, Каъбани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишора қилган тарзда бино қилди. Ҳажжож ҳижрий 73 йилда Ибн Зубайрни қатл қилгач, унинг Каъбага киритган ўзгартиши ҳақида ўша вақтдаги халифа Абдулмалик ибн Марвонга мактуб йўллади. Улар Ибн Зубайр бу ишни ўз шахсий фикридан келиб чиқиб қилган, деб ўйладилар. Халифа Каъбани ўз ҳолатига қайтаришга буюрди. Шундай қилиб, улар Шом томондаги деворни буздилар ва Ҳижрни Каъбадан чиқариб, деворни эски жойига қайтардилар. Каъба ичини эса тош билан тўлдирдилар. Натижада, ҳозирги кунда кўриниб турганидек, унинг шарқий эшиги ердан кўтарилди, ғарбий эшигини эса буткул ёпиб ташладилар.

Кейинчалик уларга Ибн Зубайр бу ишни мўминлар онаси Ойша розияллоҳу анҳо айтган сўзга таяниб қилгани маълум бўлгач, қилмишларидан пушаймон бўлишиб, Каъбани Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзгартирган ҳолатда қолдирмаганларига афсус чекдилар.

Кейинроқ, халифа Маҳдий ибн Мансурнинг даврига келиб, халифа Имом Молик ибн Анасдан Каъбани Ибн Зубайр розияллоҳу анҳумо бино қилган ҳолатга қайтариш тўғрисида маслаҳат сўради. Шунда Имом Молик унга: «Мен подшоҳлар Каъбани ўйинчоқ қилиб олишларидан хавотирдаман», деб жавоб қилди. Шундай қилиб, Каъба ҳозирги ҳолатида қарор топди[7].

[1] «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 1/76.
[2] Бухорий (1834) ва Муслим (1353) Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар.
[3] Бу ҳадис юқорида зикр қилинди.
[4] «Саҳиҳи Бухорий», 402.
[5] «Тафсири Ибн Касир», 1/247-бет ва ундан кейинги бетлар.
[6] Бухорий (1583-1586) ва Муслим (1333) ривоят қилганлар.
[7] Қаранг: «Фатҳул Борий» (3/448), «Ас-силсила ас-саҳиҳа» (43).

Изоҳ қолдиринг