Пайғамбарлар қиссаси: Иброҳим алайҳиссаломнинг хотини Сора ва золим ҳукмдор қиссаси (9)

0

Иброҳим алайҳиссаломнинг хотини Сорага кўз олайтирган золим ҳукмдор ва Аллоҳ таоло Сорани ундан асраганлиги

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Иброҳим алайҳиссалом фақат уч бор ёлғон сўзлади[1]: шундан иккитаси Аллоҳ йўлидадир. Бу унинг: «Мен бетобман» ва «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси мана бу (ҳайкал) қилди» – деган гапларидир. Кунлардан бирида Иброҳим алайҳиссалом хотини Сора билан кетаётиб золим ҳукмдорлардан бирининг юртига бориб қолади. Ҳукмдорга «шаҳримизда бир киши юрибди, ёнида ниҳоятда гўзал бир аёл бор», деган гап етказилади. Ҳукмдор Иброҳим алайҳиссаломга чопар юбориб, ундан ёнидаги аёлнинг кимлиги ҳақида сўратади. Чопар ундан: «Бу ким?» – деб сўрайди. Иброҳим алайҳиссалом: «Синглим» – деб жавоб қилади. Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссалом Соранинг олдига келиб дейди: «Эй Сора! Биласан, ер юзида иккимиздан ўзга мўмин зоти йўқ. Манави ҳукмдор мендан сен ҳақингда сўради, мен «синглим», дедим. Энди мени ёлғончига чиқармагин!». Ҳукмдор Сорага чопар юбориб, уни ҳузурига чақиртиради. Сора унинг ҳузурига киргач, уни қўли билан ушламоқчи бўлади. Шу он ҳукмдор жойида қотиб қолади. «Аллоҳга дуо қил, мени қўйиб юборсин. Сенга зиён бермайман» – дейди у. Сора Аллоҳга дуо қилади ва у қўйиб юборилади. Шундан сўнг ҳукмдор яна унга қўл узатади ва яна  аввалгидек, балки ундан ҳам кучлироқ қотиб қолади. «Аллоҳга дуо қил, мени қўйиб юборсин. Сенга зиён бермайман» – дейди у. Сора Аллоҳга дуо қилади ва у қўйиб юборилади. Шунда ҳукмдор хизматкорларидан бирини чақириб шундай дейди: «Сизлар менга инсон боласи эмас, нақд шайтонни олиб келибсизлар-ку!». Ҳукмдор Сорага Ҳожарни чўри сифатида ҳадя қилади. Сора қайтиб келганида Иброҳим алайҳиссалом тик туриб намоз ўқиётган эди. У қўли билан: «Нима бўлди?» – дегандай имо-ишора қилди. «Аллоҳ кофир (ёхуд фожир)нинг макр-ҳийласини ўзига қайтарди ва менга Ҳожарни хизматкор қилиб берди» –дея жавоб қилади Сора».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: «Эй осмон сувининг болалари (яъни, осмон суви бўлмиш ёмғир билан суғорилган адирларда яшаб тирикчилик қилувчи Исмоил алайҳиссалом зурриёти бўлмиш араблар), бу аёл (яъни Ҳожар) сизларнинг оналарингиздир».

Ушбу ҳадисни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу “мавқуф” ҳолатда ёлғиз ўзи ривоят қилган[2].

Ҳишом ибн Ҳассон Муҳаммад ибн Сириндан ва у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Иброҳим алайҳиссалом учта ёлғонини ҳисобга олмаганда бошқа бирон ёлғон гапирмаган. Бу уч ёлғоннинг барчаси Аллоҳ йўлида бўлган. Бу унинг: «Мен бетобман» ва «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси мана бу (ҳайкал) қилди» – деган гапларидир. Иброҳим алайҳиссалом золим ҳукмдорлардан бирининг юртида кетаётиб дам олиш учун бир жойда тўхтади. Ҳукмдорга «шаҳримизда бир киши юрибди, ёнида ниҳоятда гўзал бир аёл бор», деган гап етказилди. Ҳукмдор Иброҳим алайҳиссаломга чопар юбориб, ундан ёнидаги аёлнинг кимлиги ҳақида сўратди. Иброҳим алайҳиссалом: «Бу менинг синглим» – деб жавоб қилди. Соранинг олдига қайтиб келган Иброҳим алайҳиссалом унга шундай деди: «Манави ҳукмдор мендан сен ҳақингда сўради, мен «синглим», дедим. Дарҳақиқат, бугунги кунда ер юзида иккимиздан ўзга мўмин зоти йўқ.  Албатта сен мени диндош синглимсан. Энди уни ҳузурига борганда мени ёлғончига чиқармагин!». Ҳукмдор Сорага чопар юбориб, уни ҳузурига чақиртирди. Ҳукмдор уни қўли билан ушламоқчи бўлганида қўл-оёқлари ишламай ўтириб қолди. «Аллоҳга дуо қил, мени қўйиб юборсин. Сенга зиён бермайман» – деди у. Сора Аллоҳга дуо қилди ва у қўйиб юборилди. Шундан сўнг ҳукмдор яна унга қўл узатди ва яна  аввалгидек, балки унданда кучлироқ шол бўлиб қолди. «Аллоҳга дуо қил, мени қўйиб юборсин. Сенга зиён бермайман» – деди у. Сора Аллоҳга дуо қилди ва у қўйиб юборилди. Бу ҳолат уч бор такрорланди. Шунда ҳукмдор энг яқин хизматкорларидан бирини чақириб шундай дейди: «Сен менга инсон боласи эмас, нақд шайтонни олиб келибсан-ку! Уни бу ердан чиқариб, унга Ҳожарни тортиқ қил». Сора қайтиб келганида Иброҳим алайҳиссалом тик туриб намоз ўқиётган эди. Сорани қайтиб келганини пайқаган Иброҳим алайҳиссалом намозини тугатиб Сорадан «Нима гап?» – деб сўради. «Аллоҳ золимнинг макр-ҳийласидан асради ва менга Ҳожарни хизматкор қилиб берди» – дея жавоб қилди Сора».

Ҳадисни Бухорий ва Муслим Ҳишомдан [бошқасидан][3] ривоят қилганлар.

 Баззор шундай дейди: «Биз бу ҳадисни Муҳаммад ибн Сириндан ва у Абу Ҳурайрадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қадар етиб борадиган  ровийлар шажараси ила фақат Ҳишомнинг ривоят қилганини биламиз. Ундан бошқалар бу ҳадисни «мавқуф» тарзда (яъни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг сўзи сифатида) ривоят қилганлар»[4].

 Аъраж Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Иброҳим алайҳиссалом бор-йўғи уч бор ёлғон гапирган; Бу ёлғонлари қавми уни олиҳаларига даъват қилган чоғда «Мен бетобман» – деган сўзи ва «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси мана бу (ҳайкал) қилди» – дегани, шунингдек, унинг Сора тўғрисида: «У менинг синглимдир» – деган сўзидир».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Иброҳим алайҳиссалом бир шаҳарга кирди. Бу шаҳарда бир подшоҳ ёки золим бир ҳукмдор бор эди. Кимдир “бу кеча Иброҳим бағоят гўзал бир аёл ҳамроҳлигида шаҳарга кириб келди”, деган гапни подшоҳга етказди. Шунда ҳалиги подшоҳ ёхуд золим ҳукмдор Иброҳим алайҳиссаломдан: “Сенга ҳамроҳ бу аёл ким?” – деб сўраш учун чопар юборди. Иброҳим: “Синглим” – деб жавоб берди. Чопар Иброҳим алайҳиссаломга уни подшоҳни ҳузурига юборишини айтди. Иброҳим алайҳиссалом Сорани подшоҳни олдига юборар экан унга тайинлади: “Мени айтган сўзимда ёлғончига чиқармагин. Мен унга сени синглим деб айтдим. Зотан, ер юзида иккимиздан бошқа мўмин зоти йўқ”. Сора ҳукмдорнинг ҳузурига киргач, ҳукмдор унинг олдига келди. Сора бўлса таҳорат олиб намоз ўқий бошлади. У Аллоҳга илтижо қилиб деди: “Эй Аллоҳ! Агар Сенга ва Расулингга иймон келтирганимни ва эримга хиёнат қилмаганимни (ундан ўзгага қиё боқмаганимни) билсанг, у ҳолда мени манави кофирга топшириб қўймагин”. Шу заҳоти  ҳукмдор бўғилиб, оёқларини типирчилатиб қолди”.

Абу Зинод деди: “Абу Салама ибн Абдурраҳмон Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Сора деди: “Эй Аллоҳ! Агар у ўлса, мени ўлдирган, дейишади”. Шунда ҳукмдор ўзига келди. У яна Соранинг олдига бормоқчи бўлди.  Сора бўлса таҳорат олиб намоз ўқий бошлади. У Аллоҳга илтижо қилиб деди: “Эй Аллоҳ! Агар Сенга ва Расулингга иймон келтирганимни ва эримга хиёнат қилмаганимни (ундан ўзгага қиё боқмаганимни) билсанг, у ҳолда мени манави кофирга топшириб қўймагин”. Шу заҳоти  ҳукмдор бўғилиб, оёқларини типирчилатиб қолди”.

Абу Зинод деди: “Абу Салама ибн Абдурраҳмон Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Сора деди: “Эй Аллоҳ! Агар у ўлса, мени ўлдирган, дейишади”. Шунда ҳукмдор ўзига келди.

Бу ҳолат уч ёхуд тўрт бор такрорлангач, ҳукмдор деди: “Менинг ҳузуримга нақд бир шайтонни келтирибсизлар. Дарҳол уни Иброҳимга қайтариб бериб, унга Ҳожарни совға қилинглар”.

Сора Иброҳим алайҳиссалом олдига қайтиб бориб, Унга шундай деди: “Аллоҳ бу кофирнинг макр-ҳийласини ўзига қайтариб, менга бир чўри аёлни хизматкор қилиб берганини сездингизми?!”.

Мазкур ҳадисни бу жиҳатдан имом Аҳмаднинг[5] ёлғиз ўзи ривоят қилган бўлиб, у саҳиҳ ҳадис талабига мувофиқдир.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳим алайҳиссалом сўзлаган учта (ёлғон) сўз ҳақида шундай дедилар: “Иброҳим бу сўзлардан ҳар бирини Аллоҳнинг динини ҳимоя қилиш учун сўзлади. Бу сўзлар Иброҳимнинг: “Мен бетобман”,  “Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси мана бу (ҳайкал) қилди”  ва шунингдек, подшоҳ унинг хотинини ўзиники қилиб олмоқчи бўлганида: “У менинг синглим” – деган сўларидир[6].

Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳадисдаги “У менинг синглим” деган сўзидан мақсад “диндош сингил” демакдир. Иброҳим алайҳиссаломнинг Сорага қарата: “Ер юзида иккимиздан бошқа мўмин зоти йўқ” дегани “иккимиздан бошқа мўмин эр-хотин йўқ”, деганидир. Унинг бу сўзини шундан бошқача тушунишнинг иложи йўқ, чунки ўша даврда улар иккисидан ташқари пайғамбар Лут алайҳиссалом ҳам бор эди.

Иброҳим алайҳиссалом Сорани подшоҳнинг ҳузурига олиб кетганларидан буён Аллоҳга илтижо қилиб намоз ўқишни бошлаган, Ундан хотинини асраши ва унга кўз олайтирган золимнинг ҳийласини ўзига қайтаришини сўрар эди. Сора ҳам шундай қилди. Аллоҳнинг душмани унга азият беришни ҳоҳлаганида дарҳол таҳорат олиб, намозга шошилди. Юқорида айтиб ўтилган улуғ дуо билан Аллоҳга илтижо қилди. Зеро, Аллоҳ таоло шундай деди: “Сабр ва намоздан ёрдам сўранглар” [Бақара: 45]. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Ўзининг суюкли бандаси, Расули ва халили Иброҳим алайҳиссаломнинг “маъсумлиги” , яъни гуноҳлардан сақлангани сабаб, хотини Сорани ҳам Ўзи асради, ҳифзу-ҳимоясига олди.

Айрим уламоларнинг айтишича, аёллардан учта пайғамбар ўтган: Сора, Мусо алайҳиссаломнинг онаси ва Марям алайҳассалом[7].

Аксар уламоларнинг айтишига кўра, улар пайғамбар бўлмай, балки сиддиқа аёллардир. Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни рози қилсин!

[1] Бу ёлғонлар аслида қочирим гаплар қабилидандир. Иброҳим алайҳиссалом бу қочирим гапларни унга инсон хилқатида мавжуд табиий қўрқув сабабидан гапирган. Зеро, зарурат ҳолатларда ҳаром ва ман қилинган нарсаларга рухсат берилади. Ёлғон гапириш аслида ахлоқ-одобга зид, қабиҳ хислат бўлса-да, айрим ўринларда мақтовга сазовор бўлади. Иброҳим алайҳиссалом ёлғон гапирган бу ўринлар ана шундай мақтовли ўринлар жумласидандир.
[2] Бухорий (3358) ривояти. Шунингдек, Бухорий (2217) ва Муслим (2171) марфуан ривоят қилганлар.
[3] Бу ердаги гап мазмуни мазкур қўшимчани илова қилишни тақозо қилади. Сабаби, мазкур ҳадисни “икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Ҳишомдан ривоят қилинганлигини учратмадим. Аниқ қаранг: “Туҳфатул ашроф” асари (10/ 349-359) ва “Фатҳул Борий” асари (6/ 391).
[4] Аксинча, Бухорий ривоят қилганидек (5084), мазкур ҳадисни Муҳаммад ибн Сириндан ва у Абу Ҳурайрадан марфуан ривоят қилиш борасида Ҳишомга  ўхшаш Айюб ҳам ривоят қилган.
[5] “Муснад”да (2/ 403).
[6] “Ҳасан лиғайриҳи”. Муаллиф “Тафсирул Қуръонил азийм” асарида (4/ 32) айтишича,  ҳадисни Ибн Абу Ҳотим “Тафсири”да, Термизий (5/308-309/ 3148) ва Абу Яъло “Муснади”да (1040) ривоят қилганлар
Ҳадиснинг ровийлар шажараси заиф. Чунки Али ибн Зайд ибн Жадъон заифдир. Бироқ юқорида зикр қилинган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси бу ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайди.
[7] Бу борада бирон бир марфуъ саҳиҳ ҳадис келмаган.

Изоҳ қолдиринг