Пешин намозининг вақти

0

Пешин намозининг вақти

Юқорида ўтган ҳадислардан маълум бўлдики, пешин намозининг дастлабки вақти қуёш заволга оққанда бошланиб, охирги вақти эса ҳар бир нарсанинг сояси завол сояси[1]дан ташқари ўша нарсанинг миқдорича бўлгунга қадар давом этар экан. Завол сояси ер куррасининг турли жойларида турлича бўлади[2].

Жазирама иссиқда пешин намозини кечиктириш:

Аслида намозни дастлабки вақтида ўқиш мустаҳабдир. Негаки, бунда Аллоҳнинг амрини бажаришга шошилиш бор. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Қайси амал Аллоҳга суюклироқ?” – деб сўрайди. У зот: “Вақтида ўқилган намоз[3], Ибн Ҳиббон ривоятида эса: “Дастлабки вақтида ўқилган намоз[4] – деб жавоб берадилар.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш заволга оқса пешин намозини ўқир эдилар[5]. Бироқ жазирама иссиқда пешин намозини “совутиш”, яъни кечиктириш жоиздир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Агар ҳарорат кучайса, пешинни совутингизлар. Зеро, жазирама иссиқ жаҳаннамнинг шиддатли алангасидандир[6].

Ҳадисдаги пешинни совутишдан мақсад, жазирама иссиқда пешин намозини кун салқинлашгунга қадар кечиктиришдир. Бу офтоб тафти қайтиб, тепаликларнинг ён-бағрида одамлар ором оладиган соя пайдо бўлиши билан маълум бўлади. Жумҳур уламолар бу пайтда пешин намозини кечиктириш мустаҳаб дейишса, айрим уламолар вожиб дейишади[7].

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, совуқ кунларда ёки у даражада кун қизимаган вақтларда пешинни кечиктириш жоиз эмас экан.

Пешинни совутиш вақти то ҳар бир нарсанинг сояси ўша нарса миқдорича бўлгунга қадар давом этади. Бунга далил – Бухорий Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдик. Шунда муаззин (пешин намози учун) азон айтмоқчи бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Пешинни совут” – дедилар. Бир мунча муддатдан сўнг муаззин яна азон айтмоқчи бўлди. У зот: “Пешинни совут” – дедилар. Ҳаттоки соя тепаликларга баробар бўлди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:Албатта, жазирама иссиқ жаҳаннамнинг шиддатли алангасидандир” – дедилар[8].

Ушбу ҳадис пешинни совутиш аср намозининг вақти яқинлашгунга қадар давом этишини кўрсатади.

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазкур ҳукм (яъни пешинни совутиш) намозни жамоат билан ўқиган кишига ҳам, якка ўзи ўқиган кишига ҳам тааллуқлидир. Шунингдек, бу ҳукмга аёллар ҳам кирадилар. Жазирама иссиқда аёллар ҳам пешин намозини кечиктиришлари мустаҳабдир[9]. Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ мазкур фикрни қўллаб-қувватлаш учун ҳадисдаги “совутингизлар” деган хитобнинг умумий, яъни аёлу эркакка баб-баравар тегишли эканини далил қилади. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “совутиш”нинг иллатини баён қилар эканлар: “Албатта, жазирама иссиқ жаҳаннамнинг шиддатли алангасидандир” – дедилар, холос, валлоҳу аълам.

[1] Маълумки, қуёш чиққанида ҳар бир нарсанинг кунботар томонга қараган сояси пайдо бўлади. Қуёш кўтарилган сари бу соя қисқариб бораверади. Бора-бора соя маълум бир нуқтада тўхтайди. Бу вақт қоқ туш пайтига тўғри келиб, унда қуёш тик келган ҳисобланади. Шундан сўнг соя қуёш тик келган вақтда тўхтаган нуқтасидан қарши томонда зиёда бўлиб бошлайди. Ана ўша зиёда бўлиб бошлаган вақтга – завол вақти дейилади.

[2] Масалан, экватор чизиғи минтақасида туш пайтида қуёш батамом тик туриб, нарсанинг сояси унинг қоқ остида бўлади ва бу пайтда унинг ортиқча эгик сояси бўлмайди. Ундан бошқа минтақаларда эса бу пайтда нарсаларнинг сояси буткул тик бўлмасдан, балки унинг бир қарич ёки ундан озроқ ёки кўпроқ сояси бўлади. Шундай қилиб, пешин намозининг охирги вақти завол соясидан ташқари ҳар бир нарсанинг сояси ўша нарса миқдорига етган вақтда бўлади.

[3] Бухорий (527), Муслим (85), Термизий (173) ва Насоий (1/292) ривоят қилишган.

[4] Саҳиҳ. Ибн Хузайма (327) ва Ибн Ҳиббон (1475) ривоят қилишган.

[5] Муслим (618), Абу Довуд (403), Ибн Можа (673) ва Аҳмад (5/ 106) ривоят қилишган.

[6] Бухорий (533), Муслим (615), Абу Довуд (402), Термизий (157), Насоий (1/ 248) ва Ибн Можа (678) ривоят қилишган.

[7] Қаранг: “Фатҳул-Борий” (2/16).

[8] Бухорий (629), Муслим (616), Абу Довуд (401) ва Термизий (158) ривоят қилишган. Ҳадис матни Бухорийга оид.

[9] “Аш-шарҳул мумтеъ” (2/99). Ҳофиз Ибн Ҳажар масаладаги уламолар ихтилофини нақл қилар экан, бу фикр Имом Аҳмаддан нақл қилинган машҳур фикр эканини айтади (“Ал-фатҳул Борий”, 2/12).

Изоҳ қолдиринг