Пешиндан олдинги тўрт ракаат суннат қўшиб ўқиладими ёки бўлиб ўқиладими?

0

Савол:

Пешин намозининг тўрт ракаат суннати қўшиб ўқиладими ёки икки-икки ракаатдан бўлиб ўқиладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Пешин намозидан олдинги тўрт ракаат суннатни ва умуман кундузги суннат ва нафл намозларни қўшиб ўқиш ёки икки-икки ракаатдан бўлиб ўқиш тўғрисида уламолар ихтилоф қилишган. Имом Молик, Шофеий, Аҳмад ва бошқалардан иборат жумҳур уламолар наздида кундузги суннат ва нафл намозларни икки-икки ракаатдан бўлиб ўқиш афзал. Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг фикрича, кундузги намозларни тўрт ракаатдан ўқиш афзал. Ҳар икки томон Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисни далил қилишган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кечаси ўқиладиган (нафл) намозлар икки-икки ракаатдан иборат” [Бухорий (472) ва Муслим (749) ривояти].  Бориқий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган бошқа бир ривоятда: “Кечаси ва кундузги ўқиладиган (нафл) намозлар икки-икки ракаатдан иборат” [Аҳмад (4791), Абу Довуд (1295), Термизий (597), Насоий (1666) Ибн Можа (1322)], дейилади. Бироқ ҳадисдаги мазкур қўшимча, яъни кундузги намозларнинг ҳам икки-икки ракаатдан ўқилиши тўғрисидаги қўшимча хусусида муҳаддис уламолар ўртасида ихтилоф бор. Аксар мутақаддим ҳадис имомлари бу қўшимчани заиф дейишган. Бу ҳақда Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Тўғрироқ фикрга кўра, агар инсон кундузи тўрт ракаатни қўшиб нафл ўқиса, зиёни йўқ. Зеро, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай намоз ўқиган. Муттафақун алайҳи ҳадис (“Тунда ўқиладиган (нафл) намозлар икки-икки ракаатдан иборат”) мазмуни кундузи тўрт ракаат ўқиш афзаллигига эмас, балки жоизлигига далолат қилади. Энди Бориқий ривоят қилган қўшимчага келсак, кундузги намозлар ҳам икки-икки ракаатдан ўқилиши тўғрисидаги бу қўшимчани қолган ровийлар ичида унинг якка ўзи ривоят қилган. Муттафақун алайҳи ҳадисни Ибн Умардан қарийб ўн беш киши ривоят қилган бўлса, бу қўшимчани Бориқийдан ўзга бирон киши айтмаган. Қолаверса, Ибн Умарнинг ўзи (кундузи) тўрт ракаат ўқир эди. Демак, унинг бу иши ё (кундузги нафл намозлар тўғрисидаги) ривоятининг заифлиги, ё қўшиб тўрт ракааат нафл ўқиш жоиз бўлсада, икки-икки ракаатдан ўқиш афзаллигига далолат қилади, валлоҳу аълам”.

Кундузги суннат ва нафл намозларни тўрт ракаатдан қўшиб ўқиш афзал деган уламолар қуйидаги ҳадисни ҳам далил қилишган.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Пешиндан олдин ракаатларида салом бўлмаган тўрт ракаат (суннат намоз) учун осмон эшиклари очилади”. Ибн Можа ривоятида шундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш заволга оққанида тўрт ракаат (суннат намоз) ўқир, ракаатлар ўртасини салом билан ажратмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Осмон эшиклари қуёш заволга оққанида очилади”, дедилар” [Абу Довуд (1272) ва Ибн Можа (1157) ривояти. Заиф ҳадис].

Мазкур ҳадис пешиндан олдинги тўрт ракаат суннат қўшиб ўқилишини кўрсатади. Бироқ бу ҳадис заиф. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазкур ҳадисни Яҳё Ал-Қаттон, Абу Довуд ва ҳофиз муҳаддислар заиф санашган. Ушбу ҳадиснинг қисмати Убайда ибн Муааттибга боғлиқ бўлиб, муҳаддислар унинг хотираси суст заиф ровий эканига иттифоқ қилишган” [“Хулосатул аҳком ва муҳиммотус сунан” (1/538)].

Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис тўғрисида шундай дейди: “Ҳадисдаги “ракаатларида салом бўлмаган” деган иборани ҳисобга олмаганда ҳадис “ҳасан”дир” [“Тахрижи аҳодийси Аби Довуд” (5/11)].

Ҳадиснинг заиф бўлишидан ташқари уламолар ундаги “ракаатлар ўртасини салом билан ажратмас эдилар” деган иборадан нима назарда тутилгани тўғрисида ҳам ихтилоф қилганлар. Айрим уламолар ундан ўнг ва чап томонга салом бериш назарда тутилган десалар, бошқа бир гуруҳ уламолар ундан иккинчи ракаатда ташаҳҳуд учун қаъдада ўтириш кўзда тутилган, негаки, ташаҳҳудда  салом борлиги учун унга салом деб айтилган, дейишган.

Хулоса қилиб айтганда, пешиндан олдинги суннат намозни ва умуман олганда кундузги тўрт ракаатли суннат ва нафл намозларни қўшиб ҳам ёки икки-икки ракаатдан бўлиб ўқиш ҳам жоиз. Шундай бўлсада, кундузги тўрт ракаатли суннат ва нафл намозларни икки-икки ракаатдан ўқиш афзал, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг