Рамазон суҳбатлари (10): Зикр қилувчи бўлинг

0

 Зикр қилувчи бўлинг

Навбатдаги суҳбатимизда ўзимга ва сизларга энг улуғ ибодатлардан бирини эслатмоқчиман. У зикр қилиш ибодатидир. Aллоҳ азза ва жаллани зикр қилувчи бўлинг. Чунки зикр энг улуғ ва афзал ибодатлардан саналади. Сиз модомики Aллоҳни зикр қилар экансиз, ибодат қилаётган бўласиз. Aллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар учун Аллоҳ таоло мағфират ва улкан ажру савобни, яъни жаннатни ҳозирлаб қўйган» (Aҳзоб, 35). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам «Жумдон» деб аталадиган тоғ ёнидан ўтганларида: «Юринглар. Бу Жумдондир. Муфарридлар ўзиб кетишди» дедилар. «Муфарридлар кимлар, эй Расулуллоҳ?» деб сўрашганида: «Aллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар», дедилар[1].

Aллоҳни зикр қилиш фазилати ҳақида оят ва ҳадислар жуда кўп. Aллоҳ бандаларини зикрга буюриб, бундай деди: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Эрталаб ва кечқурун Аллоҳга тасбеҳ айтинглар» (Aҳзоб, 41-42).

Шунингдек, Парвардигоримиз субҳонаҳу ва таоло зикрнинг фазилатини баён қилиб бундай деди: «Эй Пайғамбар, ўзингизга нозил қилинган бу Қуръонни тиловат қилинг. Намозни тўла-тўкис адо этинг. Зеро, намоз инсонни гуноҳ ва ножўя ишларга қўл уришдан қайтаради. Албатта, Аллоҳнинг зикри бошқа ҳар нарсадан буюкроқдир. Аллоҳ сизлар қилаётган яхшию ёмон ишларингизни билади» (Aнкабут, 45). Бу зикрнинг энг буюк фазилатларидандир.

Баъзи уламолар Aллоҳ таолонинг «Аллоҳнинг зикри бошқа ҳар нарсадан буюкроқдир» деган сўзи тафсирида айтадилар: «Яъни, Aллоҳ бандасини ёд этиши банданинг намозда Aллоҳни ёд этишидан кўра буюкроқдир. Намозингизда Aллоҳни зикр қилиб, ёд этсангиз, Aллоҳ субҳонаҳу ва таоло сиз Уни зикр қилганингиздан кўра яхшироқ бўлган зикр билан сизни эсга олади. Ҳадиси қудсийда айтилади: «Ким мени бир ўзи зикр қилса, мен ҳам уни бир ўзим зикр қиламан. Ким мени бирор жамоат ичида зикр қилса, мен ҳам уни ундан кўра яхшироқ бўлган жамоатда эсга оламан»[2]. Демак, зикрнинг энг улуғ ва энг буюк фазилатларидан бири биз Aллоҳ таборака ва таолони зикр қилсак, У Зот ҳам бизларни эсга олиши экан.

Aллоҳнинг зикри билан қалблар ором олади. Aллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ таоло иймон келтирган ва кўнгиллари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган кишиларни ҳидоятлаб қўяди. Билингизки, қалблар Аллоҳнинг зикри билангина ором олади» (Раъд, 28).

Aллоҳни зикр қилиш билан бадан қувват олади. Aллоҳнинг пайғамбари Ҳуд алайҳиссалом қавмига айтган эди: «Эй қавмим, Аллоҳга иймон келтириб, Ундан мағфират сўранг. Шундай қилсангиз, У қувватингизга қувват қўшади. Жиноятингизда маҳкам туриб, менинг даъватимдан юз ўгирманг!» (Ҳуд, 52).

Aллоҳни зикр этиш, жумладан, Ундан истиғфор сўраш сабабли ризқлар мўл бўлади. Нуҳ алайҳиссалом қавмига бундай хитоб қилди: «Ўта мағфиратли бўлган Раббингизга истиғфор айтинг. Шунда У устингиздан мўл-кўл ёмғир ёғдиради. Мол-дунё ва бола-чақангизни кўпайтиради. Сизларга боғ-роғлар ато этади, анҳорлар чиқариб беради» (Нуҳ, 10-12).

Пайғамбаримизнинг қизлари Фотима разияллоҳу анҳо қўлтегирмони ишлатавериб қўллари қадоқ бўлиб кетган эди. У Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, ўзи учун хизматкор сўраганида у зот айтдилар: «Сен учун хизматкордан кўра яхшироқ бўлган нарсани айтайми? Уйқу олдидан 33 марта «субҳоналлоҳ», 33 марта «алҳамдулиллоҳ», 34 марта «Aллоҳу акбар», деб айтасан. Мана шу нарса сен учун хизматкордан яхшироқдир»[3]. Мазкур ҳадисдан баъзи аҳли илмлар Aллоҳни зикр қилиш кишини жисмонан бақувват қилади, деган хулосани чиқарганлар. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хизматкор сўраб келган Фотима разияллоҳу анҳога хизматкор ўрнига мазкур зикрларни айтишни тавсия қилдилар.

Шунингдек, Aллоҳни зикр қилиш шайтонларни ҳайдайди. Шайтоннинг исмларидан бири «ханнос» (ўзини четга олувчи)дир. Бундай аталашининг сабабларидан бири Aллоҳ исми зикр қилинса, у ўзини четга олиб, узоқлашади.

Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан акаси Ҳорунни ҳам пайғамбар этиб, ўзига ёрдамчи қилишини сўраб дуо қилди: “Эй Раббим, акам Ҳорун билан мени қувватла ва белимни маҳкамла. Уни пайғамбарликда менга шерик қил”. Сўнг бу талабининг сабабини баён қилиб, бундай деди: “Токи биз Сенга кўп тасбеҳлар айтиб, Сени поклайлик, Сени кўп зикр қилайлик ва Сенга ҳамду санолар айтайлик. Албатта, Сен бизни кўриб турувчисан”» (Тоҳа, 30-35). Aллоҳ таоло у кишининг дуосини ижобат қилиб: «Эй Мусо, барча сўраганларинг сенга берилди» (Тоҳа, 36) деди.

Закариё алайҳиссалом Аллоҳдан фарзанд сўраб дуо қилганида Аллоҳ дуосини ижобат қилди. У: «Эй Раббим, мен учун бирор аломат қилгин», деди. Яъни аёлим ҳақиқатда ҳомиладор бўлса, унинг ҳомиладор эканини кўрсатадиган бирор белги ва аломат бергин, деди. Шунда Aллоҳ таоло: «Сен учун белги шуки, ўзинг соппа-соғ бўлатуриб, уч кун одамларга сўзлай олмайсан, фақат имо-ишора билан сўзлай оласан», деди. Яъни сен одамлар билан сўзлаша олмайсан, фақат имо-ишора билан гаплашасан. Кейин: «Шу муддат ичида Раббингни кўп зикр қил ва туну кун Унга намозу тасбеҳ ила ибодатда бўл!» (Оли Имрон, 41) деди. У киши сўзлашдан ман қилинди, зикрдан эса ман этилмади. Зикрдан бошқа нарсани гапирмоқчи бўлса, тилдан қолар, Aллоҳни зикр қилмоқчи бўлса, зикр қилаверар эди.

Шариатда ибодатлар жорий этилишининг энг улкан мақсадларидан бири Aллоҳни ёд этишдир. Ибодатларнинг энг улуғларидан саналган намоз ҳақида Aллоҳ таоло: «Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо эт» (Тоҳа, 14) деди.

Қурбонлик, ақиқа каби Aллоҳ йўлида жонлиқ сўйиладиган ибодатлар борасида Aллоҳ таоло айтади: «Биз ўтган ҳар бир уммат учун қурбонлик ибодатини жорий қилганмиз. Бу эса улар Аллоҳ ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини бўғизлаётган пайтларида Аллоҳнинг исмини тилга олишлари учун эди» (Ҳаж, 34).

Жума ибодати ҳам Aллоҳни зикр қилиш учун жорий қилинди. Aллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, жума куни намоз учун азон айтилган пайтда Aллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдо-сотиқни қўйинглар» (Жума, 9).

Намоздан фориғ бўлгандан кейин нима қилиш кераклиги ҳақида Aллоҳ таоло айтади: «Намозни адо этиб бўлгач (истасангизлар) ерда тарқалинглар ва Аллоҳнинг ризқини талаб қилинглар. Аллоҳни кўп ёдга олинглар. Шояд дунёю охират яхшилигига эришсангизлар» (Жума, 10).

Ҳаж ҳам шундай. Саҳобалардан нақл қилинишича, Каъбани тавоф қилиш, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилиш, Жамаротда тош отиш каби ибодатлар Aллоҳ азза ва жаллани зикр этиш учун йўлга қўйилган.

Ҳатто жиҳод ҳам Aллоҳни зикр қилиш учун жорий бўлди. Қандай дейсизми? Aллоҳ таборака ва таоло айтади: «Агар Аллоҳ инсонларнинг бир қисмини бошқа бир қисми билан мудофаа этиши бўлмаганда, албатта Аллоҳнинг исми кўп зикр қилинадиган роҳибларнинг узлатгоҳлари, насронийларнинг черковлари, яҳудларнинг ибодатхоналари ва мусулмонларнинг масжидлари вайрон қилинган бўлар эди» (Ҳаж, 40). Демак, жиҳод Aллоҳнинг исми кўп зикр қилинадиган масжидларни бузмоқчи бўлган душманни қувиш учун жорий қилинди.

Бундан маълум бўладики, барча ибодатлар Aллоҳни зикр қилиш учун йўлга қўйилган. Шу жумладан, рўза ҳам. Aллоҳ таоло рўза ойининг ниҳояси ҳақида сўзлар экан, айтади: «Бу рўза тутиладиган кунлар саноғини тўлдиришингиз ва рўзани ийдул фитр (рамазон ҳайити) кунида Аллоҳга такбирлар айтиб тугатишингиз ва сизларни ҳидоятлаб қўйгани учун Уни улуғлашингиз ҳамда сизларга инъом этган ҳидоят, тавфиқ ва енгилликлар учун Унга шукроналик бажо келтиришингиз учундир» (Бақара, 185).

Aзон ҳам Aллоҳни зикр қилиш учун йўлга қўйилди. Азоннинг барча сўзлари Аллоҳнинг зикрига далолат қилади. Ҳаттоки «Ҳаййа алал фалоҳ – нажотга шошилинг» калимаси ҳам Aллоҳ таборака ва таолони зикр қилиб, ўқиган намозингиз билан нажотга шошилинг, деганидир.

Шунинг учун ҳам зикр бизга барча ҳолатимизда жорий қилинди, ҳатто ётган ҳолатимизда ҳам. Aллоҳ таоло айтади: «Улар барча ҳолатларида: тик турганларида ҳам, ўтирганларида ҳам, ётганларида ҳам Аллоҳни ёдга оладилар» (Оли Имрон, 191). Ойша разияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча вақтларида Aллоҳни зикр қилар эдилар», деган.

Ҳатто эр-хотин қўшилиши олдидан ҳам махсус зикр бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар бирортангиз аёлига яқинлик қилмоқчи бўлганида «Бисмиллаҳ, аллоҳумма жаннибнаш-шайтон ва жаннибиш-шайтона ма розақтано» (Бисмиллаҳ, Аллоҳим, биздан ва Сен бизга ризқ қилиб берадиган фарзандимиздан шайтонни йироқ қил), деса, (ўша яқинлик асносида) уларга фарзанд берилса, унга шайтон асло зарар бера олмайди»[4].

بِاسْمِ اللَّهِ، اللَّهُمَّ جَنِّبْنَا الشَّيْطَانَ وَجَنِّبِ الشَّيْطَانَ مَا رَزَقْتَنَا

Уйга киришда айтиладиган зикр бор, уйдан чиқишда айтиладиган зикр бор, таомланишдан аввал айтиладиган зикр бор, ухлашдан аввал айтиладиган зикр бор, уйғонганда айтиладиган зикр бор. Шундай қилиб, барча ўрин ва сўзларда Aллоҳни зикр қилиш жорий қилинганини кўрамиз. Дуоларимизда Aллоҳ таолонинг гўзал исмларини айтиб илтижо қилишга буюрилдик. Бу ҳам зикрга киради. Aгар сиз «Ё Раҳмон» деб айтсангиз, Aллоҳни зикр қилган бўласиз. «Ё зал жалоли вал икром» (Эй улуғлик ва олийжаноблик соҳиби) десангиз ҳам шундай. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Aллоҳга «Ё зал жалоли вал икром», деб илтижо қилинглар»[5], деганлар. Бу ҳам Aллоҳни зикр қилишдир. Шунингдек, Пайғамбаримиз дуода ғайрат қилсалар: «Ё ҳайю, ё қайюм» (Эй барҳаёт ва абадий тирик Зот), дер эдилар. Бунда ҳам Aллоҳни зикр қилиш бор.

Пайғамбарлар қандай ҳолатда бўлмасинлар, давомли Aллоҳни зикр қилар эдилар. Аллоҳ таоло айтади: «Мусо қўрқиб, ён-атрофга назар ташлаган ҳолда шаҳардан чиқди ва: “Эй Раббим, бу золим қавмдан менга нажот бер” деб дуо қилди. У Мадян томонга қараб борар экан: “Шояд Раббим мени энг яхши йўлга йўлласа”, деди» (Қасас, 21-22). «Икки аёлнинг қўйларини суғориб бергач, сояга ўтди ва: “Эй Раббим, менга туширадиган ҳар қандай яхшилигингга муҳтожман”» (Қасас, 24), деди. Мусо алайҳиссалом Aллоҳ таборака ва таолонинг зикридан ҳаргиз узоқлашмади.

Бошқа пайғамбарлар ҳам шундай бўлганлар, барчаларига Aллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин. Ўзлари доим Аллоҳни зикр қилиш билан бирга одамларни ҳам шунга чорлаганлар.

«Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил» (Бизга Aллоҳнинг Ўзи етарли ва у нақадар яхши вакил – бошқариб турувчидир) деб айтишимиз ҳам Aллоҳнинг зикридандир. Бу калимани Иброҳим алайҳиссалом гулханга улоқтирилган пайтида айтган ва олов у кишига салқинлик ва омонлик қилинган эди. Шунингдек, бу калимани Aҳзоб жангида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари мушрикларга қарата айтишган эди. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилади: «Баъзилар уларга: “Билиб қўйинглар, одамлар сизларга қарши қўшин тўплади, улардан ҳазир бўлинглар”, деганларида бу гап уларнинг иймонларини янада орттирди ва: “Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил” (Бизга Aллоҳнинг Ўзи етарли ва у нақадар яхши вакил – бошқариб турувчидир), дедилар. Сўнг уларга бирон зиён ва ёмонлик етмасдан Аллоҳнинг неъмати ва фазли билан қайтдилар. Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат қилишлари сабабли Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Оли Имрон, 173-174).

Шундай экан, зикр қилувчи, шукр қилувчи, истиғфор айтувчи, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавоту саломлар айтувчи бўлинг.

Ушбу буюк ибодатни баён қилишда шу билан кифояланаман. Aллоҳ сизларни яхшилик билан мукофотласин. Омин.

[1] Муслим ривояти, 2676.

[2] Бухорий (7405) ва Муслим (2675) ривояти.

[3] Муслим ривояти, 2728.

[4] Бухорий (141) ва Муслим (1434) ривояти.

[5] Термизий (3525) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ сунан ат-Термизий»да саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг