Рамазон суҳбатлари (11): Юмшоқкўнгил бўлинг

0

“Рамазон суҳбатлари” туркумидаги навбатдаги суҳбатимизга хуш келибсиз.

Aллоҳдан сизу бизга бу ойнинг кечаларию кундузларини баракотли қилишини сўрайман. Тутаётган рўзаларимиз ва ибодатларимизда Ўзи мададкор бўлсин.

Бугун мусулмон киши зийнатланиши лозим бўлган гўзал ахлоқлардан яна бири ҳақида сўз юритмоқчиман. У ҳам бўлса мулойимлик ва юмшоқкўнгиллилик сифатидир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мулойимлик қай бир нарсада бўлса, уни зийнатлайди, қай бир нарсадан суғурилган бўлса, уни хунук қилади» (Имом Муслим ривояти).

У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Агар Аллоҳ таоло бир хонадон аҳлига яхшилик бўлишини истаса, уларга мулойимликни киритиб қўяди, агар уларга ёмонлик бўлишини истаса, улар мулойимликдан маҳрум этиладилар”.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам амирлар ва умуман одамларга бошлиқ бўлган кишилар ҳақида сўзлаб шундай деганлар: «Эй Парвардигор! Ким умматимнинг ишидан бирон ишга бош бўлиб, уларга қийинчилик келтирса, Сен унга қийинчилик бер. Ким умматимнинг ишидан бирон ишга бош бўлиб, уларга раҳм-шафқат кўрсатса, Сен унга раҳм-шафқат қил» (Имом Муслим ривояти). Бандаларга қийинчилик келтирадиганларига ана шундай дуойибад қилганлар.

Ҳадисларда ҳатто хизматкорларга раҳм-шафқатли бўлиш ҳақида кўрсатмалар келган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар разияллоҳу анҳуга айтганлар: «Эй Абу Зар, хизматкорларингиз сизларнинг биродарларингиз, Аллоҳ уларни сизларнинг қўл остингизда қилиб қўйди. Шундай экан, уларга ўзингиз еган нарсадан едиринглар, ўзингиз кийган нарсадан кийдиринглар, уларга оғир келадиган ишларни юкламанглар, агар оғир келадиган ишларни юкласангиз, уларга ёрдам қилинглар!» (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўта юмшоқкўнгил эдилар, асҳоблари у зотни шундай таърифлашар эди. Молик ибн Ҳувайрис разияллоҳу анҳу айтади: Биз бир тўп ёш-яланг тенгқурлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, у зотнинг олдиларида йигирма кунча турдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам меҳрибон, раҳмдил эдилар. Биздан ортимизда қолдириб келган аҳли-оилаларимиз ҳақида сўрадилар. Биз хабар бергач, аҳли-аёлларимизни соғиниб қолганимизни пайқаб: «Аҳли-аёлингиз олдига қайтинглар, улар орасида туриб, таълим беринглар, уларга амри маъруф қилинглар. Менинг намоз ўқиганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар», дедилар (Муслим ривояти). Демак, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз атрофларидаги кишиларнинг аҳволларидан бохабар бўлиб турардилар. Уларнинг ёш йигитлар ўлароқ аёлларини соғинганларини пайқагач, уларни уйларига қайтиб кетишга буюрдилар, саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Абу Зар разияллоҳу анҳу Исломни янги қабул қилган пайт эди. У вақтда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар Маккада заифлик ҳолида эдилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни юртига қайтиб кетишга ва у зотнинг ишлари ривож топганини билганидан кейин ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло нусрат берганини кўрганидан кейин қайтиб келишга буюрган эдилар. Бироқ Абу Зар разияллоҳу анҳу ҳақни ошкор айтишга журъати кучлилигидан қайтиб кетмасдан одамлар олдига чиқиб, “ла илаҳа иллаллоҳ” деб мушриклар олдида баралла эълон қилди, уларнинг озорларига парво қилмади. Бу ерда бизга керакли жойи шуки, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўта юмшоқкўнгил ва меҳр-шафқатли эдилар, мулойимликни яхши кўрардилар, унга тарғиб қилардилар ва унинг фазилатларини баён қилардилар. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:  «Жаннат аҳли уч тоифадир: адолатли ва саховатли ҳукмдор; ҳар бир яқин кишисига ва мусулмонларга раҳмли ва қалби юмшоқ киши; серфарзанд ва муҳтож бўла туриб, тиланчилик қилмайдиган киши» (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нафақат саҳобалар, балки саҳобий аёлларга нисбатан ҳам меҳр-шафқатга тўла муносабатда бўлар эдилар. Кунлардан бирида Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига киришга ижозат сўради. У зот ҳузурларида қурайшлик аёллар бўлиб, улар овозларини баралла қўйиб, бемалол гапиришаётган эди. Умар ибн Хаттоб киришга изн сўрагач, уларнинг овозлари ўчди ва ҳижобларига ёпишдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам изн бердилар. Умар кирганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кулаётган эдилар. “Аллоҳ сизни кулдирсин, ё Расулуллоҳ”, деди Умар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен манави ҳузуримдаги хотинлардан ажабланиб кулаяпман. Сизнинг овозингизни эшитишлари билан ҳижобларига ёпишиб қолишди”, дедилар. Умар: “Ҳайбатланишларига сиз ҳақлироқсиз, ё Расулуллоҳ”, деди, сўнг хотинларга қараб: “Эй ўз жонига душманлар, мендан ҳайиқасизлар-у, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайиқмайсизларми?!”, деди. Улар: “Ҳа, сиз қўрс ва қўполсиз, Расулуллоҳ ундай эмаслар”, деб жавоб беришди» (Бухорий (3683) ва Муслим (2386) ривоятлари).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёш болаларга ҳам меҳр-шафқатли эдилар. Буни у зотнинг мана бу сўзидан ҳам англаб олиш мумкин: «Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган киши биздан эмас» ( Абу Довуд ва Термизий).

Бунга яна бир мисол: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен узунроқ ўқийман, деган ниятда намозни бошлайман-у, гўдак боланинг йиғисини эшитиб қолиб, онаси қийналишини истамаганимдан намозимни енгил қиламан».

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мулойимликлари ва умматга меҳрибонликларидан намозда имомлик қилувчи кишиларга бундай насиҳат қилган эдилар: “Қай бирингиз намозда имом бўлса, (қироатни) енгил қилсин. Чунки намозхонлар орасида заиф ҳам, мўйсафид ҳам, иши зарур одам ҳам бор”.

Ҳа, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам имомларга шундай деб танбеҳ берардилар. У зотнинг баъзи саҳобаларига айтган энг охирги васиятларидан бири: «Агар одамларга имом бўлсанг, намозни енгил ўқиб бер», бўлган эди. Бу у зотнинг охирги васиятларидан биридир. Бир ривоятда айтилишича, бу сўзларни Усмон ибн Абул Ос ас-Сақафий разияллоҳу анҳуга айтганлар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳатто ҳайвонларга ҳам шафқатли эдилар. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Бир бузуқ хотин йўлда бораркан, бир итни ташналикдан тилини осилтириб, тупроқ ялаб турганини кўрди ва маҳсисини ечиб, қудуққа тушди ва маҳсисини тўлдириб сув олиб чиқиб, итни суғорди. Аллоҳ таоло шу иши туфайли унинг гуноҳини кечирди». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳайвонлар хусусида ҳам ажр бўладими?» деб сўрадилар. «Ҳар бир қуримаган жигарда (яъни тирик жонда) ажр бор», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайвонларга зулм қилишдан огоҳлантириб шундай деганлар: «Бир аёл бир мушукни ўлгунча қамаб қўйиб, шуни деб азобланди ва шу мушук туфайли дўзахга кирди. Унга ўзи ҳам овқату сув бермади, ердаги ҳашаротлардан егани қўйиб ҳам юбормади» (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорлардан бирининг боғига кирдилар. Шунда бир туя Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб ингради ва кўзларидан ёш оқди. У зот унинг ёнига бориб кўз ёшини артдилар, шунда у инграшдан тўхтади. Сўнг у зот: «Бу туянинг эгаси ким? Кимнинг туяси бу?», дедилар. Бир ансорий йигит келиб: «Меники, ё Расулуллоҳ», деди. «Аллоҳ сенга бўйсундириб қўйган бу жонивор ҳақида Аллоҳдан қўрқмайсанми? Бу менга сенинг озор беришинг ва қийнашингдан шикоят қилди», дедилар (Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юмшоқкўнгилликларига далил бўлувчи воқеалардан яна бири, у зот Ойша разияллоҳу анҳо билан ўтирганларида яҳудлардан бир жамоаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ассому алайка эй, Муҳаммад», дейишди. Яъни, салом бергандек бўлиб, у зотга сом, яъни ўлим тилашди. Ойша разияллоҳу анҳо буни пайқаб, уларга: «Алайкумус-сом вал-лаъна», деди. Бир лафзда: «Сизларга Аллоҳнинг лаънати ва ғазаби бўлсин», деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзингни бос, эй Ойша! Аллоҳ мулойимдир, ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради», дедилар. «Ахир уларнинг сўзларини эшитмадингизми?!», деди Ойша разияллоҳу анҳо. «Менинг уларга айтган жавобимни эшитмадингми?! Мен уларга «Ва алайкум» (яъни, ўзингизга бўлсин), деб жавоб бердим. Бизнинг дуоимиз ижобат қилинади, уларники эса йўқ», дедилар. У зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳатто ўзларига шундай беҳурматлик кўрсатган душманларга ҳам мулойим муомала қилишга тарғиб қилдилар. У зот уларга «ва алайкум» деб жавоб бердилар, «Бизнинг улар ҳақидаги дуойимиз ижобат қилинади, уларнинг биз ҳақимизда қилган дуолари ижобат қилинмайди», дедилар.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳатто асирларга ҳам шафқат билан муомала қилардилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир гуруҳ аскарларни Наждга юбордилар. Улар йўл-йўлакай Бану Ҳанифа қабиласидан бўлган, Ямоманинг саййиди Сумома ибн Усол номли бир кишини қўлга тушириб келдилар. Уни масжид устунларидан бирига боғлаб қўйдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига унга яхши муомала қилишни буюрдилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига чиқиб: «Нима мақсадингиз бор эди, эй Сумома?», деб сўрадилар. У: «Ҳеч қандай ёмон ниятим йўқ, эй Муҳаммад. Агар ўлдирсангиз, бир тирик жонни ўлдирасиз. Агар марҳамат кўрсатсангиз, яхшиликни билган одамга марҳамат кўрсатган бўласиз. Агар мол истасангиз, истаганингизча молга эга бўласиз», деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдидан кетдилар. Кейин эртасига унинг ёнидан ўтаётиб, яна ўша саволларни қайтардилар. У ҳам аввалги жавобни қайтарди. Учинчи марта ҳам юқоридаги савол-жавоб бўлганидан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сумомани қўйиб юборинглар», дедилар. Уни қўйиб юборишди. Шунда Сумома масжидга яқин бир хурмозорга бориб, ғусл қилди, сўнг қайтиб келиб, «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ» деб Исломни қабул қилди. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сизнинг юзингиздан кўра ёқимсизроқ юз йўқ эди, энди сизнинг юзингиз мен учун энг суюмли юзга айланди. Аллоҳга қасамки, мен учун ер юзида сизнинг динингиздан кўра ёқимсизроқ дин йўқ эди, энди сизнинг динингиз мен учун энг суюмли динга айланди. Аллоҳга қасамки, мен учун сизнинг шаҳрингиздан ёмонроқ шаҳар йўқ эди, энди сизнинг шаҳрингиз мен учун энг суюмли шаҳарга айланди», деди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларга бўлган меҳрибонликларига яна бир мисол:  бир гал у зот сафарда эдилар. У зотнинг аёллари – мўминларнинг оналари ва бошқа саҳоба аёллар ҳам сафарда у кишига ҳамроҳлик қилаётган эдилар. Улар ўтирган кажавалар ортилган туяларни Анжаша исмли хушовоз бир сарбон ҳайдаб бораётган эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй Анжаша, секинроқ юр, тағин биллур шишаларни синдириб қўймагин!” деб аёлларга шама қилдилар (Бухорий, Муслим ривояти).

Биз ҳам мана шундай улуғ хулқ билан хулқланайлик, «Мулойимлик қай бир нарсада бўлса, уни зийнатлайди, қай бир нарсадан суғурилган бўлса уни хунук қилади».

Аллоҳ ишларингизга барака ато этсин, сизларни Ўз ҳифзи ҳимоясида асрасин.

Изоҳ қолдиринг