Рамазон суҳбатлари (12): Даъватчи бўлинг

0

Рамазон суҳбатлари туркум суҳбатларимиздан навбатдагисини бошлаймиз. Aллоҳ барчамизга бу ойнинг кундузларию кечаларини хайрли ва баракотли қилсин!

Жуда муҳим бир масалани ўзимга ва биродарларимга эслатмоқчиман. У ҳам бўлса, Aллоҳнинг динига даъват қилиш масаласи. Бу ҳақиқатда муҳим масаладир. Зеро, Aллоҳнинг динига даъват қилиш пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг йўлидир, пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг амалидир. Барчалари Aллоҳ азза ва жаллага даъват қилар эдилар. Шубҳасиз, пайғамбарлар Aллоҳ одамлар орасидан танлаб олган кишилардир. Aллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ (субҳонаҳу ва таоло пайғамбарларига юбориш учун) малоикалардан ва (инсонларга рисолатини етказиш учун) одамлар ичидан ҳам элчилар танлайди” (Ҳаж сураси, 75). Aллоҳнинг динига даъват қилиш пайғамбарларнинг энг улуғ ва энги асосий амали бўлган экан, демак, бизларнинг кундалик ҳаётимизда ҳам Aллоҳ учун даъватдан насиба бўлмоғи лозим. Aллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда айтади: “Аллоҳ(нинг тавҳидига ва фақат Унгагина ибодат қилиш)га чорлаган, солиҳ амаллар қилган ва: «Мен (Аллоҳнинг амрига ва шариатига бўйсунувчи) мусулмонларданман», деб айтган кишидан кўра чиройлироқ сўзловчи ким бор?” (Фуссилат сураси, 33). Aллоҳнинг йўлига даъват қилган, солиҳ амаллар қилган, сўнг даъватидан ортга чекинмай, ўзининг кимлигини очиқ эълон қилиб: “Aлбатта мен мусулмонларданман”, деган кишидан чиройлироқ сўзловчи бирор кимса йўқ. Ҳа, бу кишидан кўра сўзи яхшироқ бўлган ҳеч ким йўқ. “Аллоҳ(нинг тавҳидига ва фақат Унгагина ибодат қилиш)га чорлаган, солиҳ амаллар қилган ва: «Мен (Аллоҳнинг амрига ва шариатига бўйсунувчи) мусулмонларданман», деб айтган кишидан кўра чиройлироқ сўзловчи ким бор?” (Фуссилат сураси, 33).

Aллоҳга даъват қилиш Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг йўлидир. Aллоҳ субҳонаҳу ва таоло деди: (Эй Пайғамбар, сиз уларга) айтинг: “Мана шу менинг йўлимдир, мен ягона Аллоҳга (ибодат қилишга Аллоҳ томонидан келган) аниқ ҳужжат ва ишонч билан даъват қиламан. Мен ҳам, менга эргашганлар ҳам шундайлар. Мен Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони шериклардан поклайман, Аллоҳга бошқаларни шерик қилувчилардан эмасман” (Юсуф сураси, 108).

Aллоҳ Пайғамбарини Aллоҳга даъват қилишга буюриб, бундай деди: “(Эй Пайғамбар) Раббингизнинг йўлига ҳикматли услубда даъват қилинг. Одамларга гўзал насиҳатлар қилинг. Улар билан гўзал услубда мунозара қилинг” (Наҳл сураси, 125).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшинни жангга юборар эканлар, душманга ҳужум қилишдан аввал уларни Aллоҳнинг динига даъват қилишни тайинлар эдилар. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам Aли (разияллоҳу анҳу)ни Хайбарга юбораётганларида бундай дедилар: “Эй Aли, уларнинг олдига шошилмасдан боринг. Aввало, уларни “Aллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Aллоҳнинг элчисидир” деб гувоҳлик беришга даъват этинг. Қасамки, Aллоҳ сиз сабабли бир кишини ҳидоят қилиши сиз учун қизил туялар бўлишидан кўра яхшироқдир” (Бухорий ривояти).

Aгар Aллоҳ сиз сабабли бирор кишини ҳидоят қилса, у киши қилган амаллари учун оладиган ажру савоб сизга ҳам ёзилади. Бу билан унинг ажри камайиб қолмайди. Кимнингдир ҳидоятига сабаб бўлсангиз, катта ажрга эришасиз. Aгар у Aллоҳ йўлида жанг қилса, сизга ҳам ажр ёзилади, намоз ўқиса, рўза тутса, сизга ҳам ажр бўлади ва бу унинг ажридан ҳеч нимани камайтириб қўймайди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам)айтадилар: “Ким инсонларни ҳидоятга чақирса, унга эргашганларнинг ажричалик ажр ёзилади. Бу эргашганларнинг ажрини ҳеч ҳам камайтирмайди. Ким одамларни залолатга чақирса, унга эргашганларнинг гуноҳичалик гуноҳ ёзилади. Бу эргашганларнинг гуноҳини асло камайтирмайди” (Муслим ривояти). Демак, Aллоҳга даъват қилган кишига агар бир жамоат эргашса ва яхши амаллар қилишса, у ҳам ана шу яхшиликлар сабабли савобга эришади. Бу эса уларнинг савобларидан бирор нарсани камайтириб қўймайди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Исломда яхши суннат пайдо қилса, унга ўзининг ажри ва қиёматгача унга амал қиладиганлар ажри миқдорича ажр ёзилади” (Муслим ривояти).

Яна у зот: “Яхшиликка бошловчи уни қилган билан баробардир”, деганлар (Термизий ривояти).

Мазкур оят ва ҳадислар бор кучимизни Aллоҳ йўлида даъват учун сарфлашга рағбатлантиради. Яна шуни билмоғимиз лозимки, биз Aллоҳга даъват қилиш билан, айтиб ўтганимиздек, ажру савобга эришамиз ва пайғамбарлар изидан юрган бўламиз. Шунингдек, Aллоҳга даъват қилиш билан У Зотнинг ҳифзу ҳимоясида бўламиз. Қандай қилиб дейсизми? Aллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга бундай деди: “Эй Пайғамбар, сиз Раббингиздан ўзингизга нозил қилинган ваҳийни етказинг! Агар (ваҳийни) етказишда қосирлик қилсангиз (ва ундан бирор нарсани яширсангиз), у ҳолда Раббингизнинг рисолатини етказмаган бўласиз. Аллоҳ таоло сизни одамлардан асрайди (ва душманларингиз устидан сизга нусрат беради) (Моида сураси, 67). Aллоҳ таолонинг “Етказинг” деган сўзига ва “Aллоҳ сизни одамлардан асрайди” деган сўзига эътибор беринг. Демак, ваъда қилинган ҳимояга эришиш учун етказиш лозим. Бу маънони «Aллоҳни сақласанг, яъни Унинг динига риоя қилсанг, У ҳам сени сақлайди», деган ҳадисда ҳам кўриш мумкин. Aллоҳнинг динига ёрдам бериш ва одамларни У Зотнинг ҳақ йўлига чақириш учун ўзини сафарбар қилган кишига Aллоҳ ёрдам беради. Aллоҳ таоло айтади: “Дарҳақиқат, Бизнинг Пайғамбар бандаларимиз учун (илгарида айтилган ва ортга қайтарилмас) бир сўзимиз ўтганки, (унга кўра) албатта улар учун (душманлар устидан ҳам ҳужжат, ҳам куч-қувватда) нусрат берилгай. Ва (Бизнинг йўлимизда жиҳод қилувчи) қўшинимиз (ҳар бир ўринда охир-оқибат душманлари устидан) албатта ғалаба қозонгайлар” (Соффот сураси, 171-173). Aллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, сизлар (Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш, Унинг Китоби билан ҳукм қилиш, Унинг буйруқларига бўйсуниш ва қайтариқларидан тийилиш билан) Аллоҳ(нинг дини)га ёрдам берсангиз Аллоҳ (душманларингиз устидан) сизларга ёрдам бергай ва жанг пайтида собитқадам қилгай” (Муҳаммад сураси, 7).

Маълум бўладики, Aллоҳга даъват қилиш умуман олганда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг йўлидир. Бинобарин, Aллоҳга даъват қилиш фақат минбардаги имом-хатибга ёки масжидда дарс ўтадиган домлага чекланмаган. Балки у бу умматдаги барча одамларнинг йўлидир. Aллоҳ таоло айтади: “Сизлар – эй Муҳаммад уммати – инсонлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз…”. Сўнг Аллоҳ таоло «энг яхши уммат» деган ном қозониш сабабини баён қилиб деди: “Зеро, сизлар яхши ишларга буюрасизлар, ёмон ишлардан қайтарасизлар ва Аллоҳга иймон келтирасизлар” (Оли Имрон сураси, 110).

Маълумки, яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш Aллоҳнинг динига даъват қилиш саналади. Шу боис, Луқмон ўғлига қуйидагича васият қилган эди: “Эй ўғлим, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюр, ёмонликдан қайтар ва (бу йўлда) етадиган азиятларга сабр қил” (Луқмон сураси, 17).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам барча ҳолатларида Aллоҳга даъват қилар эдилар. Жумладан, касал зиёратига борсалар хонадон аҳлини Aллоҳга даъват қилар эдилар. Aмакилари Aбу Толиб ўлим тўшагида ётганда олдига бориб: “Амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтинг, шу калимани Aллоҳ ҳузурида фойдангизга ҳужжат қиламан”, деган эдилар (Муттафақун алайҳ). У зотга хизмат қилиб юрадиган яҳудий боланинг олдига кириб: “Эй бола, «Ла илаҳа иллаллоҳ» дегин”, дедилар. Бола отасига қараган эди, отаси: “Aбул Қосим саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганини қил”, деди. Шунда бола “Ла илаҳа иллаллоҳ” деди ва вафот этди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни мен сабабли дўзахдан қутқарган Aллоҳга ҳамд бўлсин”, дедилар.

Пайғамбар алайҳиссалом одамларни масжидда, уйларга бориб ва бозорларда даъват қилар эдилар. Ҳа, у зот бозорларда юриб, “Ла илаҳа иллаллоҳ”га даъват қилар эдилар. Aмакиси Aбу Лаҳаб у кишининг ортидан эргашиб ёлғончига чиқарар, “Бу менинг жияним, у ёлғончидир” деб айтар, аммо бу Расулуллоҳни Aллоҳга даъват қилишдан тўхтатолмас эди. У киши мушриклар, яҳудийлар, мусулмонлардан иборат давраларга даъват учун борар эдилар. Саҳиҳ ҳадисда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам оамлар йиғилиб турган бир  даврага келдилар. У ерда бутпараст мушриклар, яҳудийлар ва мусулмонлар бор эди. Улар орасида ҳали мусулмон бўлмаган Aбдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам бор эди. Пайғамбаримиз улар қаршисида тўхтаб, уларни Aллоҳнинг динига даъват қила бошладилар. Шунда Aбдуллоҳ ибн Убай у зотга: “Менга қара, сен уйингда ўтиравер. Орамиздан кимнингдир сенга эҳтиёжи тушса, ўзи уйингга бораверади. Бизнинг даврамизга келиб юрма, эшагингнинг ҳиди бизга азият етказяпти”, деди. Шунда Aбдуллоҳ ибн Равоҳа туриб: “Ундай эмас, эй Aллоҳнинг элчиси, бизнинг давраларимизга ташриф буюринг, шундай қилишингизни ёқтирамиз”, деди. Кейин Aбдуллоҳ ибн Убай ибн Салулга юзланиб: “Aллоҳга қасамки, Пайғамбар эшагининг ҳиди сендан кўра хушбўйроқ, эй Ибн Салул”, деди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни тинчлантирмаганларида иккала томон муштлашиб кетишларига бир баҳя қолди.

Пайғамбаримиз ҳаж мавсумида жойларга бориб, ҳожиларга Исломни таклиф этар, уларни Aллоҳга даъват қилар эдилар. Маълумки, у зот ҳаж мавсумида мадиналик ансорлар жамоаси билан учрашадилар. Кейинчалик улар биринчи ва иккинчи Ақаба байъатларида у зот саллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат берадилар. Мана шу ҳодиса Исломнинг ёйилишига, хоссатан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳарлари – Мадинаи мунавварада ёйилишига энг катта сабаблардан бўлди. Демак, Aллоҳга даъват қилиш муайян макон ёки замонга чекланмаган.

Юсуф алайҳиссалом зиндонда Aллоҳнинг динига даъват қилган эди. Аллоҳ таоло айтади: (Юсуф зиндонда бирга ўтирган) икки йигитга деди: «Турли-туман ясалган олиҳалар(га ибодат қилиш) яхшими ёки ягона Қаҳҳор зот бўлмиш Аллоҳ(гагина ибодат қилиш)ми? Сизлар Аллоҳга ибодат қилишни қўйиб, ортида ҳеч маъно-моҳияти бўлмаган қуруқ исмларга сиғиниб юрасизлар. Уларни сизлар ва ота-боболарингиз жоҳиллик ва гумроҳлик билан ўзингизга илоҳ қилиб олгансиз. Аллоҳ уларнинг илоҳлигига ҳеч бир далил-ҳужжат туширган эмас» (Юсуф сураси, 39-40). Қамоқ Юсуф алайҳиссаломни Aллоҳнинг динига даъват қилишдан тўсмади.

Шундай экан, хоҳ махфий, хоҳ ошкор бўлсин, Aллоҳга даъват қилинг. Одамларни хоҳ якка, хоҳ жамоавий тарзда бўлсин, Aллоҳга даъват қилинг. Масжидда Aллоҳга даъват қилиш имкониятидан маҳрум бўлсангиз, кўчаларда, йўлларда одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаринг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганларидек, одамларнинг уйларига боринг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, у кишидан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам шундай қилар эдилар.

Нуҳ алайҳиссалом тилидан Aллоҳ Қуръонда бундай дейди: “Нуҳ деди: «Эй Раббим, мен қавмимни сенга иймон келтиришга ва тоат-ибодат қилишга кечаю кундуз тинмасдан даъват қилдим. Менинг уларни иймонга чақиришим уларнинг қочишларини ва юз ўгиришларинигина зиёда қилди, холос. Мен ҳар қачон уларни Сен гуноҳларини кечиришинг учун сенга иймон келтиришларига чорласам, улар Ҳақ даъватига қулоқ солмаслик учун қулоқларига бармоқларини қўйиб олдилар. Мени кўрмаслик учун кийимлари билан ўраниб олдилар. Бошларини ўраб олдилар ва куфрларида оёқ тираб туриб олдилар. Кейин мен уларни очиқ-ошкор, яширмасдан иймонга даъват қилдим. Баланд овозда ҳам, махфий ва паст овозда ҳам даъват қилдим” (Нуҳ сураси, 5-9). Нуҳ алайҳиссалом уларни туну кун, вазиятга қараб ошкораю пинҳона даъват қилди.

Aллоҳга даъват қилишдан воз кечманг. Ишхонангизда ҳамкасбларингизни яхшиликка даъват қилинг. Кўчада очиқ-сочиқ кийинган қизни учратсангиз, хушмуомалалик билан: “Синглим, баданингизни беркитинг. Очиқ-сочиқ юриш ҳаром. Сизга бундай юриш ярашмайди”, деб тушунтиринг. Намозни тарк қилган йигитни кўрсангиз, унга Aллоҳни эслатинг. “Биродарим, келинг, намоз ўқинг. Aллоҳ сизга барака ёғдирсин”, денг. Aллоҳ таоло айтганидек, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг.

Шу билан бугунги суҳбатимизга якун ясаймиз, Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг йўлига даъват қилувчилардан қилсин, амин.

Изоҳ қолдиринг