Рамазон суҳбатлари (6): Тақдирга ишонинг

0

Тақдирга ишонинг

Бу суҳбатимизни «Тақдирга ишонинг» деб номладик.

Бу аввало ўзимга, қолаверса, сизларга эслатиб ўтишим зарур бўлган мавзулардан биридир. Эй Аллоҳнинг бандаси, Аллоҳнинг қадарига иймон келтиринг.

Қадарга иймон келтиринг. Барча ишлар албатта аниқ ўлчов билан содир бўлишига шак-шубҳасиз ишонинг. Борлиқда юз берадиган ишларнинг ҳаммаси азалда тақдир этиб қўйилган ўлчов билан бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломнинг: «Иймон нима?» деган саволига жавобан, жумладан «Қадарнинг яхшию ёмонига иймон келтиришинг», дедилар[1].

Шунинг учун, барча ишларни Аллоҳ таоло тақдир қилиб – белгилаб қўйганига ва улар биз яратилишимиздан олдин ёзиб қўйилган эканига иймон келтириш лозим. Мана шу суҳбатимиз ҳам тақдир қилиб қўйилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло махлуқотларнинг тақдирларини еру осмонларни яратишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйди»[2].

Ўзимизга ва бошқаларга келадиган мусибатлар олдиндан тақдир этиб қўйилган.

Аллоҳ таоло айтади: «Хоҳ ер юзига, хоҳ сизларга бирор мусибат етган бўлса, Биз уни вужудга келтиришимиздан олдин Китобда (яъни Лавҳул маҳфузда) битиб қўйилгандир. Албатта, бу Аллоҳга осондир» (Ҳадид, 22).

Яъни, сизларга етадиган ўлим, ерда содир бўладиган қурғоқчилик ва ёмғир танқислиги каби ишлар Аллоҳ таоло махлуқотларни яратишидан олдин Китобда – Лавҳул маҳфузда ёзиб қўйилган. Сўнг Аллоҳ таоло буни бандаларга билдириб қўйиш сабабини баён қилиб айтади: «Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсиз ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсиз» (Ҳадид, 23).

Бировлар тижорат учун кетиб, минг-минглаб фойда билан қайтсалар, қадарга иймон келтирган одам: «Қодаруллоҳи ва маа шааъа фаъала» (яъни, Аллоҳнинг тақдирда битгани бўлади), дейди. Ҳақиқий иймон келтирмаган кимса, ўтириб олиб «Кошки улар билан бирга бўлсайдим. Кошки эди… кошки эди…», деб афсус-надомат қилади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: «Токи сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайғурмагайсиз ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагайсиз. Аллоҳ ҳар қандай кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Ҳадид, 23).

Қадарга иймон келтириш қалбни тинчлантиради. «(Инсонга) бирон мусибат етса, фақат Аллоҳнинг изни-иродаси билан (етади). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоят қилади» (Тағобун, 11).

Шубҳасиз, Аллоҳ таоло бизни ҳар бир ишда кофирларга ўхшашдан қайтарди. У бизга: «Эй мўминлар, куфр йўлини тутган ва бошқа ерларга сафар қилиб ёки ғазотга чиқиб кетган дўстлари ҳақида: “Агар биз билан бирга қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар”, дейдиган кимсаларга ўхшамангиз!» (Оли Имрон, 156), деб марҳамат қилди.

Мунофиқ кимса бир биродари сафар ёки жиҳодга чиқиб вафот қилса, «кошки чиқмасайди, мен унга чиқмаслигини насиҳат қилгандим, қулоқ солмади», дейди. Надомат қилади, афсусланади ва мана шу надомат ва афсусланиши унга азоб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Бу гапларини) Аллоҳ уларнинг дилларидаги ҳасрат қилиб қўяди» (Оли Имрон, 156).

Мўмин киши бўлса, «Қоддараллоҳу ва маа шаъа фаъала, инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», дейди.

Яъни, «Аллоҳ тақдирда битган иш бўлди, албатта, биз Аллоҳнинг бандаларимиз ва албатта биз унга қайтувчимиз», дейди. Натижада, қалбига хотиржамлик тушади.

Айтайлик, бир аёлнинг ҳар куни очиқ чеҳра ва табассум билан, қўлида ҳадялар билан кириб келадиган эри бор. Бир куни эр ўрнига унинг ўлим хабари кириб келса, ўшанда агар мўмина аёл бўлса: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун. Аллоҳуммаъжурний фий мусийбатий вахлуфлий хойрон минҳа», дейди. Яъни, «Албатта, биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта, биз У зотга қайтгувчилармиз. Эй Аллоҳим! Шу мусибатим сабабли менга ажр-мукофот бер ва йўқотганим ўрнига ундан ҳам яхшироғини бер», дейди. Агар мўмина бўлмасачи, унда нима қилади? Юзига уриб, ёқасини йиртиб, сочини юлади. Аммо бу билан ҳеч нарсани ўрнига қайтара олмайди. Балки надомат қилиб: «Кошки уни уйдан чиқармасам эди. Кошки эди… кошки эди…», дейди. «(Бу гапларини) Аллоҳ уларнинг дилларидаги ҳасрат қилиб қўяди. Ахир ҳаёт берадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ-ку?! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир» (Оли Имрон, 156).

Шундай экан, қадарга иймон келтириш кишига хотиржамлик ва сокинлик келтиради.

Унутмаслик керакки, ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг қадари билан содир бўлади. Ҳатто иймон келтириш ҳам Аллоҳнинг тақдири билан бўлади. Агар ўғлингиз бўлса, уни ўзим ҳидоят қилиб оламан, деб ўйламанг. Сиз фақат йўл кўрсатасиз, холос. Қалбларнинг эгаси эса Аллоҳдир. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг изну иродасисиз ҳеч бир жон мўмин бўла олмас» (Юнус, 100).

Ҳидоят тақдирда битиб қўйилган. Нуҳ алайҳиссалом ўғли ва аёлини, Иброҳим алайҳиссалом отасини, Лут алайҳиссалом аёлини, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Толибни ҳидоят қила олмадилар. Аҳқоф сурасида зикр қилинган мўмин ота-она ўғилларини ҳидоят қила олмади. Аллоҳ таоло бу ҳақда айтади: «Яна бир кимса борки, ота-онасига: «Уфф! Сизлар менга (ўлганимдан кейин қайта тирилиб, қабрдан) чиқарилишим ҳақида ваъда беряпсизми?! Ҳолбуки, мендан илгари ҳам неча авлод ўтган-ку, (улардан биронтаси қайта тирилиб келдими?!)» дер. У иккиси Аллоҳдан мадад тилаган ҳолларида (ўғилларига): «Шўринг қургур, иймон келтир! Албатта, Аллоҳнинг (барча бандаларни қайта тирилтириш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир», (десалар), у: «Бу фақат аввалгилардан қолган афсоналар», дер» (Аҳқоф, 17).

Иброҳим Халил ва ўғли Исҳоқ алайҳимассалом ҳақида Аллоҳ таоло айтади: «Иброҳимга ҳам, Исҳоққа ҳам (дину дунёларида) баракот бердик. Уларнинг зурриётидан чиройли амал қилувчи ҳам, ўз жонига очиқ жавр қилувчи ҳам бўлур» (Соффот, 113).

Ҳа, шундай, барча ишлар тақдирда ёзиб қўйилган. Онангизнинг қорнида экансиз, бахтли, ё бахтсиз эканингиз, ризқингиз, амалингиз ва ажалингиз ёзиб қўйилган.

Ажали аниқ белгилаб қўйилганини билган инсон Аллоҳ учун ҳақ сўзни айтади, одамларнинг гапидан қўрқмайди. Чунки Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир уммат учун белгиланган ажал бор. Қачон ажаллари келса, уни бирон соатга ортга ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар» (Аъроф, 34).

Шифо топиш ҳам тақдирда ёзиб қўйилган. «Касал бўлсам Ўзи менга шифо берур» (Шуаро, 80). Қанча табибга борсангиз ҳам, шифо топишингиз учун белгилаб қўйилган вақт бор.

Аёлингиз билан қанча бирга бўлишингиз ҳам белгилаб қўйилган. Ҳар қанча уринманг, аёлингиз билан Аллоҳ тақдир қилганидан кўпроқ бирга яшай олмайсиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло Талоқ сурасида: «Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун муайян миқдор белгилаб қўйган» (Талоқ, 3), дейди.

Аёл киши эрининг ҳузурида қанча луқма ейиши белгилаб қўйилган, бундан ортиқ еёлмайди. Нафасларингиз ўлчаб қўйилган. Нархларнинг ўсишию пасайиши белгилаб қўйилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида нарх ошиб кетди. Саҳобалар у кишига: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари, бизга нархни белгилаб берсангиз», дедилар. У зот айтдилар: «Албатта, олувчи ҳам, берувчи ҳам, пасайтирувчи ҳам, кўтарувчи ҳам, ризқ берувчи ҳам, нарх белгиловчи ҳам Аллоҳдир. Мен фақат дуо қиламан. Қиёмат куни одамлар мендан ҳақларини талаб қилишларидан қўрқаман. Мен Аллоҳга дуо қиламан»[3].

Инсоннинг қанча фарзанд кўриши ҳам тақдирда белгилаб қўйилган. Қиз ё ўғил бола, қизлар ёки ўғиллар ёки эгизак фарзандлар билан ризқланишингиз тақдирда белгилаб қўйилган. Аёлингиз муайян вақт ҳомиладор бўлиши ёки ҳомиласи тушиб қолиши, буларнинг бари тақдирда битилган бўлади.

«Сўнг у нутфани маълум муддатгача мустаҳкам қароргоҳ – бачадонга жойлаштирмадикми?! Шундай, Биз (бир томчи сувдан комил инсон яратишга) қодирмиз. Нақадар қудратлимиз!» (Мурсалот, 21-23). Яна Аллоҳ таоло айтади: «Биз Ўзимиз истаган нарсани, яъни ҳомилани дунёга келар вақтигача бачадонларда қолдирамиз» (Ҳаж, 5).

Сайёраларнинг ҳаракати ҳам белгилаб қўйилган. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб – асраб туради» (Фотир, 41). Аллоҳнинг изнисиз бирор сайёра бошқаси билан тўқнашмайди. «Барчаси ўз фалак – фазосида сузиб юради!» (Анбиё, 33).

Ризқингиз, ажалингиз, умрингиз, бошингизга тушадиган мусибатлар белгиланган. Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида барча ишлар аниқ ўлчов билан содир бўлади. Ғалаба белгилаб қўйилган. Кишининг бошқа кишидан юз ўгириб кетиши белгилаб қўйилган. Бир кишининг бошқаси устидан ҳукмронлик қилиши белгиланган. Аллоҳ таоло айтади: «Агар Аллоҳ истаса эди, уларни сизлардан устун қилиб қўйган ва улар сизларга қарши жанг қилган бўлур эдилар» (Нисо, 90).

Шундай экан, Аллоҳнинг қадарига рози бўлинг. Аммо бу дегани сабаб-воситаларни ишга солмасак ҳам бўлаверади, дегани эмас. Балки уларни имкон қадар ишга солишингиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло: «Ғалаба фақат Аллоҳдандир» (Оли Имрон, 126), дейиш билан бир қаторда: «(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни қўрқувга соласизлар» (Анфол, 60), деб буюрди.

Биз шифо берувчи Аллоҳ эканини билдик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Чунки Аллоҳ бирор бир касаллик туширган бўлса, албатта, унга даво ҳам туширди»[4], деганлар.

Ризқ белгилаб қўйилганини билдик. Аллоҳ таоло айтади: «Шундай экан, ернинг ҳар тарафида (саёҳат ёки тижорат қилиб) юраверинглар ва (Аллоҳ берган) ризқ-рўзидан енглар. Қайтишингиз ёлғиз Унинг ҳузуригадир» (Мулк, 15).

Ишларни Аллоҳ таоло белгилаб қўйган, биз эса сабабларни ишга солишимиз даркор.

Фарзанд белгилаб қўйилганини билдик. Айтайлик, сиз яхши бир аёлга уйланган бўлсангизу, бироқ ўртада қовушиш содир бўлмаса, тун бўйи «Аллоҳим, менга солиҳ зурриёт бергин», деб дуо қилсангиз, сабабни ишга солмаган, Аллоҳ таолонинг мана бу сўзига хилоф қилган бўласиз: «Энди улар билан қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани (фарзандни) талаб қилингиз!» (Бақара, 187).

Хулоса шуки, қадарга иймон келтириш сабабларни ишга солишга зид эмас. Шундай экан, Аллоҳнинг қадарига рози бўлинг, сабабларни ишга солинг, сизга тақдирда белгилаб қўйилгани насиб қилади. Шунда сиз Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча сўзларига амал қилган бўласиз.

[1] Муслим ривояти, 8.

[2] Муслим ривояти, 2653.

[3] Абу Довуд (3451), Термизий (1314), Ибн Можа (2200) ва Аҳмад (14057) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунани Термизий»да (1314) саҳиҳ деган.

[4] Абу Довуд (2015, 3855), Термизий (2038), Ибн Можа (3436) ва Аҳмад (18454) ривояти. Албоний «Саҳиҳ сунан Ибн Можа»да (2789) саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг