Рамазон суҳбатлари (7): Ота-онага яхшилик қилинг

0

«Рамазон суҳбатлари» туркумидаги навбатдаги суҳбатимизга хуш келибсиз.

Аллоҳ таоло ушбу суҳбатларимизни яхшиликка сабаб бўладиган, сизу бизга ва барча мусулмонларга фойдали, баракали иймоний суҳбатлардан қилсин. Омин.

Бугунги суҳбатимизда мен барчамизнинг зиммамизда адо этишимиз лозим бўлган ҳақ эгалари ҳақида эслатишни лозим топдим. Аллоҳ ва Расулининг ҳаққидан кейинги энг катта ҳақ ота-она ҳаққидир.

Биродарим, ота-онангизга яхшилик қилинг. Ота-онанинг ҳаққи Аллоҳ ва Расулининг ҳаққидан кейинги энг буюк ҳақдир.

Қуръони каримда келган оятда Исо алайҳиссалом шундай дейди:

Мен Аллоҳнинг бандасиман, У менга Китоб – Инжил ато этди ва мени пайғамбар қилди. У мени қаерда бўлсам ҳам, кўп яхшилик ва баракотлар соҳиби қилди ва модомики тирик эканман, намозни адо этишга ва закотни ўташга амр этди. Шунингдек, У мени онамга яхшилик қилувчи меҳрибон фарзанд қилди, кибрли ва Раббига осий бўлувчи бадбахт кимса қилмади” (Марям сураси: 30-32).

Шунингдек, Яҳё алайҳиссалом ҳақида Қуръонда шундай дейилади: “У ота-онасига меҳрибон эди. Кибрли ва осий эмас эди” (Марям сураси: 14).

Қуръони каримда шу каби сизу бизни ота-онага яхшилик қилишга чорловчи бир қанча оятлар келган.

Қиёмат куни ҳақ эгалари ҳақларини адо этмаганингиз боис устингиздан шикоят қилиб келишларидан эҳтиёт бўлинг. Онангиз ҳаққини талаб қилиб: “Эй Раббим, бу менинг ҳаққимни адо этмади”, деб келади. Отангиз келади, “Эй Раббим, ҳаққимни олиб бер”, деб.  Шундай экан, ҳозирдан кўзингизни очинг, ота-онангизнинг ҳақларига риоя қилинг.

Аллоҳ таоло шундай деб буюради: “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга…яхшилик қилинглар!”  (Нисо сураси, 36).

Яна айтади: «Айтинг: «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай; У зотга бирон нарсани шерик қилманглар, ота-онага яхшилик қилинглар» (Анъом сураси, 151).

Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда ота-онага яхшилик қилишга ундовчи бу каби жуда кўп далиллар келган.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Қайси амал Аллоҳга энг суюмли?» деб сўралди. У зот: «Вақтида ўқилган намоз», дедилар. «Кейин қайси?» дейилди. «Кейин отаонага яхшилик қилиш», дедилар. «Кейин қайси?» дейилди. «Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Эътибор беринг, ҳадисда ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ йўлида жиҳод қилишдан  муқаддам қилинди. Гарчи жиҳод фарзи кифоя бўлса ҳам, ота-онага яхшилик қилиш ундан муқаддамдир.

Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, мен жиҳодга сиз билан бирга чиқсам деб келдим, Аллоҳдан ажр истайман”, деди. У зот: “Ота-онанг ҳаётми?” деб сўрадилар. “Ҳа”, деди. “Уларни қай ҳолда қолдириб келдинг?” дедилар. “Ортимдан йиғлаб қолишди”, деди. “Улар олдига қайтиб боргин-да, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, дедилар.

Бир ривоятда: “Сен улар борасида жиҳод қил (яъни уларнинг кўнглини олишга, уларни рози қилишга жиддий ҳаракат қил)”, дедилар. Гарчи бу ривоятда заифлик бўлса ҳам, лекин мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ривоятлар билан саҳиҳ даражасига кўтарилади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Тушимда жаннатда юрган эканман. Ногоҳон Қуръон ўқиётган одам овозини эшитдим. “Ким бу?” деб сўраган эдим, “Ҳориса ибн Нуъмон” дейишди. Яхшиликнинг мукофоти шундай бўлади. У онасига ўта меҳрибон эди”.

Ота-онага яхшилик қилиш шундай натижага олиб боради, Аллоҳнинг изни билан бепоён жаннатларга эга бўлади.

Ота-онасига яхшилик қилувчи фарзанднинг дуоси ижобат бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Қаранлик Увайс номли бир кишини зикр қилганлар. Унинг онаси бор эди. У онасига беҳад меҳрибон эди. Увайснинг баданида оқлик бор эди. Аллоҳга дуо қилганида оқлиги кетган-у, фақат қорнида бир бармоқ ўрнича жой тузалмай қолган эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан ким у билан кўришса, ундан ҳаққига истиғфор айтишини сўрасин» деган эдилар.

Ҳар сафар Ямандан мадад кучлари келса, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу улардан: “Ичларингизда Увайс ибн Омир борми?”, деб сўрарди. Бир куни Увайсни топиб, ундан: “Сен Увайс ибн Омирмисан?”, деб сўради. У: “Ҳа”, деди. “Қаранликмисан?”, сўради. У: “Ҳа”, деди. “Баданингда оқлик бўлиб, тузалиб кетган ва бир дирҳам ўрнича қолган, шундайми?”, деб сўради. “Ҳа”, деди. “Онанг бор, тўғрими?”, деб сўради. “Ҳа”, деди. Шунда Умар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизларга Ямандан келган мадад кучлари ичида муродлик, сўнг қаранлик Увайс ибн Омир деган киши келади. Баданида оқлик бўлиб, тузалиб кетган ва фақат бир дирҳам ўрнича қолган бўлади. Онаси бор бўлиб, у онасига жуда меҳрибон. Агар Аллоҳ номига қасам ичса, албатта Аллоҳ унинг тилагини амалга оширади. Агар имкон топсанг, ундан ҳаққингга истиғфор айтишини сўрагин”, деганларини эшитган эдим. Сен менинг ҳаққимга истиғфор айтгин”, деди. Увайс унинг ҳаққига истиғфор айтди.

Рошид халифа, Аллоҳ илҳомлантирган зот Умар Форуқдек инсон Увайсдан ҳаққига истиғфор айтишини сўраяпти! Бу Увайснинг онасига яхшилик қилувчи бўлгани ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай қилишга васиятлари туфайли бўлди. Демак, ота-онасига яхшилик қилувчи кишининг дуоси ижобат бўлади.

Ғорга қамалиб қолган кишилар ҳақидаги ҳадиси шарифни эсга олайлик.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Уч киши йўлда боратуриб, ёмғирда қолишди ва тоғдаги бир ғордан паноҳ топишди. Шунда тоғдан бир катта харсанг думалаб тушиб, ғор оғзини тўсиб қўйди. Улар бир-бирларига: “Сизларни бу харсангдан солиҳ амалларингизни восита қилиб Аллоҳга дуо қилишингизгина қутқариши мумкин”, дейишди. Улардан бири: «Эй Аллоҳим, менинг кекса ота-онам бор эди. Мен ҳар куни кечқурун аввал ота-онамга сут соғиб ичирар, сўнг бола-чақамга берардим. Бир куни бир иш билан ушланиб қолиб, кеч келсам ота-онам ухлаб қолган эканлар. Уларга сутларини соғиб олиб кирсам ухлашаётган экан. Уларни уйғотишни истамадим, болаларим оёқларимга ёпишиб йиғлашарди. Улардан аввал бола-чақамга сут беришни хоҳламадим-да, қўлимда коса билан то тонг отгунча эшиклари ёнида уларнинг уйғонишларини кутдим. Улар уйғонишгач сутларини ичдилар. Эй Аллоҳим, шу ишни фақат Сенинг розилингни истаб қилган бўлсам, биздан бу харсангни очгин», деди. Шунда харсанг (улар чиқиб кетиша олмайдиган даражада) бир оз очилди…» (Муттафақун алайҳ).

  Буларнинг ҳаммаси нима сабабдан бўлди? Ота-онага яхшилик қилиш сабабидан бўлди. “Уларни уйғотишни истамадим” деган сўзига эътибор беринг. Яъни, у ухлаб ётган ота-онасининг оромини бузгиси келмади ва уларни безовта қилмаслик учун уйғотишни истамади. Бу ҳадисдан талай сабоқлар олиш мумкин. Масалан, сиз бир вазифада ишласангиз, ё бирон тижорат билан шуғуллансангиз ва тижоратингизда зиён кўриб қолсангиз, ота-онангизга бу ҳақда гапириб, кексаларнинг касалига касал қўшманг. Уларга муаммоларингизни кўтариб келманг, устларига ғам юкламанг.

Ҳадисда меҳрибон фарзанд: «Уларни уйғотишни истамадим», деди.

Бир кишининг даласи ёки фермаси бўлса, ҳар куни минг-минглаб фойда кўрса, онасига бу ҳақда айтиб ўтирмайди. Аммо бир кун зиён кўриб қолса, дарҳол онасига келиб «фалонча зиёнга тушдим”, дейди, худди бу нодоннинг зиён кўришига онаси сабабчидек… Худди бу аҳмоққа онаси ҳасад қиладигандек…  Сен фақат онангдан ҳаққингга дуо қилишини сўра, унинг розилигини иста… Аммо унга муаммоларингни айтиб, қайғусини орттиришинг – бу иш оқил фарзанднинг иши эмас! Мен бу гапни ҳадисдаги ота-онасига ғамхўр фарзанднинг: “уларни уйғотишни истамадим” деган сўзларидан хулоса чиқариб айтяпман. Чунки у уларнинг роҳатини ўйлаб, уйқуларидан уйғотмади. Шу боис тун бўйи эшиклари олдида кутиб турди. Демак, ота-онага яхшилик қилиш дуо ижобат бўлишининг энг катта сабабларидан бири экан.

Сизларга махфий эмаски, онанинг фарзандига қилган дуоси ҳам албатта ижобат бўлади. Бунга мисол, Журайж исмли бир киши Бани Исроил қавмидаги энг катта обидлардан бири эди. Бир ибодатхонани макон тутиб, шунда ибодат билан машғул эди. Бир куни Бани Исроил Журайжнинг ибодатга қаттиқ берилгани ҳақида гапириб, Журайж  ўта обид, у шундай ибодатлар қилади, шунча намозлар ўқийди, деб айтишди. Шунда соҳибжамол бир бузуқ аёл гапга аралашиб: «Агар истасангиз, мен сизларга уни фитнага солиб, йўлдан оздириб бера оламан», деди. Улар: “Қани, йўлдан оздир-чи”, дейишди. Шундан сўнг у ясан-тусан қилиб, ўзига оро бериб Журайжнинг ёнига борди, уни йўлдан оздиришга уринди. Бироқ Журайж унга қиё боқмади. Шунда аёл шу ибодатхонага келиб турадиган бир чўпон билан бузуқлик қилиб, ундан бола орттирди. Туққанидан сўнг болани Журайждан бўлган, деб даъво қилди. Одамлар Журайжни ибодатхонадан чиқариб дўппосладилар, ибодатхонани эса бузиб ташладилар. Журайж бунинг сабабини сўраганида унга: «Сен манави фоҳиша билан бузуқчилик қилдинг, у сендан бола ҳам орттирди», дейишди. «Қани ўша бола?» сўради Журайж. Болани олиб келишгач, у боладан: «Эй бола! Сенинг отанг ким?» деб сўради. Бола: «Фалончи чўпон», деб жавоб берди. Одамлар Журайжнинг беайблигини билиб, қилмишларидан хижолат бўлиб уни қучоқлаб, ўпа кетдилар…

Журайж бошига келган бу имтиҳон – балонинг сабаби нима эди, деб ўйлайсиз?  Сабаби шу эди: бир куни Журайж намоз ўқиётган пайтида онаси келиб: «Эй Журайж!» деб чақирди. Шунда у: «Эй Раббим! Бир ёқда онам, бир ёқда намозим?!» деди-да, сўнг намозида давом этди. Онаси яна: «Эй Журайж!» деб чақирди. У яна: «Эй Раббим! Бир ёқда онам, бир ёқда намозим?!» деди-да, намозида давом этди. Онаси учинчи бор: «Эй Журайж!» деб чақирди. У яна: «Эй Раббим! Бир ёқда онам, бир ёқда намозим?!» деди-да, намозида давом этаверди. Шунда онаси хафа бўлиб: «Эй Парвардигор! Уни бузуқ хотинларнинг юзларига боқмасидан олдин вафот эттирмагин» деб дуойибад қилди. Яъни, онасининг юзига боқишни истамагани учун бузуқ хотинлар юзига боқмасдан туриб вафот этмасин, деди.

Кейин шу воқеа содир бўлди; бузуқ хотиннинг туҳматига қолди.

Лекин Журайж ижтиҳод ила намозни ихтиёр этгани учун Аллоҳ уни Ўзи асради.

Аллоҳ таоло айтади:

«Агар ота-онангизнинг бирови ёки ҳар иккиси қўл остингизда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортманг ва уларнинг (сўзларини) қайтарманг! Уларга (доимо) яхши сўз айтинг!» (Исро, 23-24).

Агар ота-она кексайиб қолган бўлсалар, уларга янада кўпроқ ғамхўрлик кўрсатиш лозим бўлади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарнинг бир поғонасига кўтарилиб омин дедилар, саҳобалар ҳам омин дедилар. Сўнг бунинг сабабини сўрашганда у зот шундай дедилар:

«Жаброил келиб: «Эй Муҳаммад, ким ота-онасини ёки улардан бирини ҳаётлик даврида топган бўлса-ю, (уларни  рози қилмасдан) дўзахга кирган бўлса, Аллоҳ уни хор қилсин, «омин» денг» деган эди, «омин» дедим” (Табароний ривояти. “Саҳиҳ ат-тарғиб”, 2491).

Аллоҳ таоло ота-онага, хусусан, улар кексайган пайтларида яхшилик қилишга буюрди. Сиз уларнинг биридан ёки ҳар икковидан содир бўлган бирор нарсадан аччиқланманг ва оғринманг! Уларга бирор ножўя сўз айтиб қўйманг, ҳатто ножўя сўзларнинг энг қуйи даражаси бўлган “Уф!” деган сўзни ҳам айтманг! Уларга нисбатан сиздан ҳеч қандай ножўя иш содир бўлмасин! Балки сиз уларга мудом меҳрибонлик қилинг, доим мулойим ва яхши сўзларни сўзланг!

Уламолар айтганидек, улар ҳузурида хожаси олдида турган итоаткор қулдек бўлинг.

Агар сиздан хато ўтса ва “уф” деган бўлсангиз, оят давомида шундай дейилган: “Парвардигорингиз дилларингиздаги сирларингизни жуда яхши билувчидир. Агар сизлар яхши бўлсангизлар (яъни, ота-оналарингизнинг ҳуқуқларини билиб, уларга меҳрибон бўлсангизлар, албатта Аллоҳ билмасдан қилган гуноҳларингизни мағфират қилади). Зеро, у тавба қилувчиларни мағфират этувчи бўлган зотдир”.

 Унутманг, сиз ота-онангиз сабабли ризқланасиз, кекса онангиз сабабли,  кекса отангиз туфайли ризқланасиз. Дуоларингизда ота-онангизни унутманг, истиғфорларингизда уларга ҳам насиба ажратинг, Аллоҳ таоло айтганидек: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб ҳақларига дуо қилинг!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Вафотидан сўнг маййитнинг даражаси бир поғона кўтарилади. Шунда у: «Эй Раббим! Бунинг сабаби нима?» деб сўрайди. «Фарзандинг сенга истиғфор айтди» дейилади” (“Саҳиҳул-адабил-муфрад”, 27).

Сўзимни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзлари билан якунлайман: «Киши отасининг вафотидан кейин унинг ёру дўстлари билан борди-келди қилиши отасига қилган энг катта яхшилигидир» (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Аҳмад ривояти).

Агар отангиз тириклигида бировлар билан борди-келди қилган бўлса, етим есирларга, мискинларга яхшилик қилган бўлса, сиз ҳам қўлингиздан келганича улар билан алоқа қилинг ва отангизнинг қадрдонлари билан борди-келдини йўлга қўйинг.

Аллоҳ сизу бизни ота-онасига яхшилик қилувчи тақводорлардан ва Ўзининг яқин бандаларидан қилсин. Омин.

Изоҳ қолдиринг