Рамазон суҳбатлари (8): Парҳезкор бўлинг

0

«Рамазон суҳбатлари» туркумидаги навбатдаги суҳбатимизга хуш келибсиз.

Аллоҳ таоло рамазоннинг кундузларини ҳам, кечаларини ҳам барча мусулмонларга фойдали, баракали қилсин, амалларимизга баракот ато этсин. Аллоҳумма амийн.

Бугун мен диндаги асосий ишлардан бирини ўзимга ва сизларга эслатиб ўтишни истайман. У парҳезкорлик – ҳаром ва шубҳадан четланишдир.

Парҳезкорлик энг яхши хислатлардан бири бўлиб, у билан нафсингиздан катта ва кўп ёмонликларни  даф қиласиз.

Бу мавзуда мен учта ҳадиси шарифни айтиб ўтмоқчиман. Аҳли илмлар сўзларига кўра, улар парҳезкорлик мавзусида асос саналади. Бу ҳадисларнинг биринчиси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидир:

«Ҳалол аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Улар оралиғида кўпчилик инсонлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, динини ва обрўсини (нуқсонлардан) поклабди. Ким шубҳалар ичига тушса, у гўё кириш тақиқланган ўтлоқ атрофида чорвасини ўтлатаётган чўпонга ўхшайди. Чорваси ўша ўтлоқ ичига кириб қолиши хавфи бор. Огоҳ бўлинглар, ҳар бир подшоҳнинг (ўзгаларнинг чорваси боқилиши) тақиқланган ўтлоғи бор. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг ер юзидаги тақиқланган “ўтлоғи” Унинг ҳаром қилган нарсаларидир… Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор, агар у яхши бўлса жасаднинг ҳаммаси яхши бўлади, агар у бузилса, жасаднинг ҳаммаси бузилади. Огоҳ бўлинглар, у қалбдир».

Парҳезкорлик бобида бу ҳадисдан олинадиган нарса шуки, биз ҳаром ё ҳаром эмаслиги аниқ бўлмаган шубҳали нарсаларни тарк қиламиз.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолатни тасвирлаб, буни бир кишига ташбеҳ қилдилар. Унинг ери бор, қўшнисининг ҳам ери бор. Агар унинг қўйлари ўзига қарашли ўтлоқнинг четига келиб қолса, ундан чиқиб, қўшнисининг ерига ўтиб кетиб қолиши ва ҳаром ейиши эҳтимоли бор.

Аммо ерининг ўртароғида бўлса, подадан ажралган қўй ҳам бошқаларнинг ерига ўтиб кетмайди ва уни ортига қайтариб кела олади.

Шунга ўхшаш, биз ҳам шубҳали нарсаларни тарк қилишимиз ва улардан узоқ бўлишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки айрим гумонлар гуноҳдир (Ҳужурот сураси, 12).

Бу ерда нега Аллоҳ таоло: “айрим гумонлардан четланинглар, чунки айрим гумонлар гуноҳдир” демади? Чунки биз гумонларнинг қайси бири гуноҳу қайси бири гуноҳ эмаслигини ажрата олмаймиз. Шу боис кўп гумонларни тарк қиламиз ва шу билан гуноҳ бўлган гумонлар ҳам бунинг ичига кириб кетади. Аллоҳ таоло айтади: “кўп гумонлардан четланинглар! Чунки айрим гумонлар гуноҳдир.

Парҳезкорликда асос бўлган иккинчи ҳадис Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидир:

«Сени шубҳага солган нарсани қўйгин-да, шубҳалантирмайдиган нарсани ол».

Учинчи ҳадис эса шундай дейилади:

Яхшилик – кўнгил ундан рози бўлган ва қалб унга хотиржам бўлган нарсадир. Гуноҳ эса кўнглинг ундан ғаш бўладиган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган ишингдир”.

Шу учта ҳадис парҳезкорлик бобидандир.

Демак, биринчиси “Ким шубҳали нарсалардан сақланса, динини ва обрўсини (нуқсонлардан) поклабди” ҳадиси, иккинчиси «Сени шубҳага солган нарсани қўйгин-да, шубҳалантирмайдиган нарсани ол» ҳадиси, учинчиси “яхшилик – кўнгил ундан рози бўлган ва қалб унга хотиржам бўлган нарсадир. Гуноҳ эса кўнглинг ундан ғаш бўладиган ва одамлар билиб қолишини истамайдиган ишингдир” ҳадисидир. Ва бу борада биз суянадиган ояти карима: “Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки айрим гумонлар гуноҳдир” оятидир.

Булар парҳезкорлик бобидаги асосий далиллардир. Уларни ўрганиш билан уламоларнинг кўплаб масалаларидан ва кўпгина фатволардан беҳожат бўласиз,  чунки сиз Аллоҳ таолонинг юзини истаб тезда шубҳали нарсаларни тарк қиласиз.

Парҳезкорликнинг ҳам турлари бор. Жумладан, ҳаром никоҳга доир ҳаромдан ва ҳаром фаҳш ишлардан парҳез қилиш.

 Машҳур ҳадисни ёдингизга солиб ўтсам, ғорга қамалиб қолган кишилардан бири шундай дуо қилади:

«Эй Аллоҳим, амакимнинг қизи бор эди, мен уни қаттиқ яхши кўрар эдим. Уни ўзимга чорлаганимда бош тортганди. Ҳатто бир йили унга муҳтожлик етиб, ҳузуримга келди. Мен унга у билан зино қилишимга имконият бериши эвазига бир юз йигирма динор бердим. Ва ниҳоят ундан ўз ҳирсимни қондиришга қодир бўлиб турганимда у: «Аллоҳдан қўрқ, муҳрни ноҳақ бузишинг сенга ҳалол бўлмайди», деди. Шунда мен ундан ўзимни тортдим ва берган тиллаларимни ҳам қайтариб олмадим. Эй Аллоҳим, агар мен шуни Сенинг Юзингни истаб қилган бўлсам, биздан бу ҳолатимизни аритгайсан». Шунда харсангтош улар сиғмагудек даражада яна бир оз очилди.

Ҳадис давомидаги иккинчи кишининг воқеаси ҳаром молни ейишдан парҳез қилишга мисол бўлади. У Аллоҳга илтижо қилиб шундай дейди:

«Мен ишчилар ёллаб ишлатиб, уларнинг ҳақларини бердим. Лекин улардан бири ўз ҳақини олмасдан кетиб қолди. Мен унинг иш ҳақини айлантирдим, ҳатто кўп мол-дунё вужудга келди. Бир қанча вақт ўтгач, у одам келиб: «Эй Аллоҳнинг бандаси, менинг иш ҳақимни бер», деди. Мен унга: «Мана бу кўриб турганинг туя, сигир, қўй ва қуллар сенинг иш ҳақинг ҳисобидан» дедим. У одам: «Эй Аллоҳнинг бандаси, менинг устимдан кулма», деди. Мен: «Сенинг устингдан кулаётганим йўқ» дедим. Шунда у ҳалигиларнинг ҳаммасини ҳайдаб олиб кетди, ҳеч нарса қолдирмади. Эй Аллоҳим, агар мен шу ишни Сенинг Юзингни истаб қилган бўлсам, биздан бу ҳолатимизни аритгайсан». Шунда харсангтош сурилди ва ундан чиқиб кетдилар.

У шу ҳаром молдан қилган парҳезини ўртага қўйиб илтижо қилди ва Аллоҳ таоло уларнинг устидаги балони аритди.

Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу бир кишига насиҳат қилиб шундай дейди: «Сен судхўрлик кенг тарқалган бир жойдасан. Агар бировга қарз берсанг ва у сенга бир сомон парчаси вазнича нарса ҳадя берса олмагин, у рибо бўлади».

 Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг бир ғуломи унга хирож бериб турарди, Абу Бакр унинг хирожидан ердилар. У бир куни бир нима келтирди, Абу Бакр ундан еди. Ғулом унга: «Бунинг нималигини биласизми?» деди. «Нима эди?» деди. «Жоҳилият пайтида бир одамга фолбинлик қилган эдим, аслида фолбинликни яхши билмас, бироқ уни алдаган эдим, ўшанинг ҳаққини энди берди, бу еганингиз ўшандан эди», деди. Шунда Абу Бакр қўлларини оғизларига киритиб, еган барча нарсаларини қусиб юбордилар» (Бухорий ривояти).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам фолбинлик қилиб пул топишдан қайтарганлар.

Шу бобда яна саҳобайи киромларнинг ҳаромдан парҳез қилишларига далил бўладиган бир қанча воқеаларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Масалан, Умар разияллоҳу анҳу халифалик даврларида ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу бир шериги билан Кўфага тижорат билан ёки бир иш билан борган эди. У Кўфадан Мадинага қайтаётганида ўша пайтда Кўфа амири бўлган Абу Мусо Ашъарий унга: «Эй Ибн Умар, бу ерда анчагина закот моли бор, шуни олиб отангга элтиб бер, бу пулга бу ердан бирон нарса сотиб олиб, Мадинага боргач, сотиб, фойдасини чиқариб олиб, молнинг аслини отангга берсанг ҳам бўлади», деди. Ибн Умар ва шериги шундай қилишди. Кейин Абдуллоҳ ибн Умарда мол-дунёнинг асарини кўрган Умар ундан: “Сенда пул-молнинг асарини кўряпман, қаердан келди сенга бу пул?” деб сўради. Абдуллоҳ унга бўлган воқеани айтиб берди. Умар: “Йўқ, бу мол бизнинг молимиз, унинг ҳаммасини бизга қайтарасан”, деди. “Нега, эй ота, Абу Мусо бир миқдор маблағ берди, мана, уни сизга келтириб бердим”, деди. “Йўқ, сен закот моли билан тижорат қилибсан, топган фойдангни ҳам бизга топширишинг керак”, деди. Ҳар икки томон ўз гапида маҳкам турди, шундан сўнг ишни Умарнинг шўро мажлиси ҳукмига ҳавола қилдилар. Шўро мажлиси, фойданинг ярми Ибн Умарга бўлади, қолган ярми молнинг ҳаққи, деб  ҳукм қилди. Унга: “Чунки сен закот молини тижорат қилиб кўпайтирган деб саналасан. Шунинг учун қилган фойдангнинг ярмини оласан  ва фойданинг қолган ярмини байтулмолга берасан”, дедилар. Ва ҳоказо Умар разияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳни бошқа одамлар оладиган нарсадан ортиқча бирор нарса олишдан ман қилди.

Умар разияллоҳу анҳунинг парҳезкорлигига яна бир мисол: у ўлжалар тақсимида бошқаларни Абдуллоҳ ибн Умардан устун қўярди, Абдуллоҳ ибн Умардан олдин ҳижрат қилганларни ва баъзида ҳар жиҳатдан у билан баробар бўлганларни ҳам ундан афзал ўринга қўярди. Бир сафар у Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳумога тўрт минг дирҳам, ўғли Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумога эса уч минг дирҳам улуш ажратди. Абдуллоҳ ҳайрон бўлиб: “Отажон, Усомага тўрт минг, менга эса уч минг бердингиз. Ваҳоланки, Усоманинг отаси сиздан афзал эмас эди, ўзи ҳам мендан афзал эмас”, деди. Умар: “Унинг отаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга сенинг отангдан кўра маҳбуброқ эди, ўзи эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга сендан кўра маҳбуброқ эди”, деди.

Парҳезкорлик борасида Аллоҳнинг пайғамбарларидан, сўнгра Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан мана шундай  гўзал намуналар келган.

 Баъзан инсон ҳаром молдан парҳез қилса, баъзан обрў-номусларга тажовуз қилишдан парҳез қилади.

Ифк – Ойша онамизга қилинган туҳмат ҳодисасида айримлар оғиз кўпиртириб роса гапирди. Ўшанда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайнабдан: “Ойша тарафидан бирон ножўя иш содир бўлганини кўрганмисан?” деб сўрадилар. У: “Мен аҳлингиздан фақат яхши ишларни кўрдим”, деб жавоб берди. Ойша айтади: «Аллоҳ уни парҳезкорлик сабабли (бу фитнадан) сақлади».

Бировларнинг обрў-номусига чанг солишдан парҳез қилиш бировларнинг молига чанг солишдан парҳез қилишдек ёки ундан ҳам яхшироқдир.

Аллоҳ таолодан бизларни парҳезкор бандалардан ва Ўзидан қўрқувчилардан қилишини сўраймиз. Аллоҳумма амийн.

Изоҳ қолдиринг