Рамазон суҳбатлари (9): Барака келтирувчи бўлинг

0

«Рамазон суҳбатлари» туркумидаги навбатдаги суҳбатимизга хуш келибсиз.

Аллоҳ таоло бу суҳбатларимизни сизу бизга ва барча мусулмонларга фойдали ва баракали қилсин, омин.

Бу ўринда мен ўзимга ва биродарларимга Исо Масиҳ алайҳиссалом бешикдалик ҳолида айтган бир сўзни эслатаман. У бундай деганди: “У (Аллоҳ) мени қаерда бўлсам ҳам, кўп яхшилик ва баракотлар соҳиби қилди” (Марям сураси, 31).  

Бугунги суҳбатимизни «Барака келтирувчи бўлинг» деб номладик.

Эй Аллоҳнинг бандаси, кўп яхшилик ва барака келтирувчи бўлинг.

Ўзингизга, аҳли оилангизга, ёру дўстларингизга, қўни-қўшниларингизга, ҳамшаҳарларингизга, умуман ер юзидаги барча мусулмонларга барака олиб келувчи фойдали ва керакли одам бўлинг.

Сафарда бўлсангиз, қаерга тушсангиз ҳам биринчи навбатда эътибор беринг: ўша диёр аҳли сиздан нима фойда олди, жоҳилларига илм ўргатдингизми, камбағалларига хайру эҳсон қилдингизми, эҳтиёж соҳибларининг эҳтиёжини қондирдингизми, бир мусулмоннинг айбини яширдингизми, ёш-ялангларни қариндошлари билан силаи раҳм қилишга тарғиб қилдингизми, ота-онага яхшилик қилишга ундадингизми? Қаранг, қаерда бўлсангиз ҳам ўша ердагиларга фақат яхшилик келтирувчи бўлинг, уларга керакли инсон бўлинг. Одамларни Аллоҳ таолонинг йўлига чақиринг, жоҳилга таълим беринг, яхшиликка чорланг, агар ўзингиз яхшилик қилишга қодир бўлмасангиз бошқаларни бунга чорланг.

Аллоҳ таоло улуғ Китобида шундай дейди:

«Эй Пайғамбар, мўминларни жиҳодга чорланг» (Анфол сураси, 65).

Бу у зотнинг даврларида эди. Сиз ҳам фақат яхшиликларга чорланг.

Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, сизлар етимга хайру саховат кўрсатмайсизлар, камбағал-мискинга таом беришга бир-бирларингни тарғиб қилмайсизлар» (Фажр сураси, 17-18).

“Камбағал-мискинга таом беришга бир-бирларингни тарғиб қилмайсизлар” деган ояти каримадан тушуниладики, биз мискинга таом беришга бир биримизни ундашимиз керак экан.

Баракали ва керакли инсон бўлинг. Агар яхшилик қилиш қўлингиздан келмаса, ҳеч бўлмаса яхши гап гапиринг, шунда ҳам барака бор, шунда ҳам яхшилик бор. Ўзингиз яхшилик қилишга қодир бўлмасангиз, бошқаларни бунга йўллаб қўйинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Яхшиликка йўллаб қўювчи ўша яхшиликни қилган билан баробар”.

Садақа қилишга қодир бўлмасангиз, бошқаларни садақа қилишга тарғиб қилинг.

Умуман, қаерда бўлсангиз ҳам фақат яхшилик келтирувчи бўлинг, фитна чиқишига, одамлар ичида ёмонликлар урчишига сабабчилардан бўлманг.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга сеҳр қилинганда биз учун ибрат дарси берганлар.

У зотга сеҳр қилинган кунлари узоқ дуо қилдилар, сўнг бир куни: “Эй Ойша, сездингми, Аллоҳ таоло фатво сўраган ишимда менга фатво берди”, дедилар. “Бу қандай бўлди, ё Расулуллоҳ”, дедилар Ойша. У зот дедилар: “Олдимга икки фаришта келди, бири оёқ томонимда, иккинчиси бош томонимда ўтирди. Бош томонимда ўтиргани оёқ томонимда ўтирганига: “Бу кишига сеҳр қилинган”, деди.  “Ким сеҳр қилган?» деди униси. «Лабид ибн Аъсам бир тароқ ва соч толасига сеҳр ўқиб, Зарвон қудуғига ташлаган”, деди”. Шундан сўнг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Али разияллоҳу анҳуни юбордилар, у сеҳр қилинган нарсаларни қудуқдан чиқариб олди, сўнг қудуқ кўмиб ташланди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ким у зотга сеҳр қилганини билдилар. Ҳатто бир ривоятда очиқ айтилган: буни Лабид ибн Аъсамнинг қизлари қилган эди. Ойша разияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ, уларни қатл қилмаймизми?” деди. Ҳадиснинг шу ерига эътибор беринг, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир асосни белгилаб бердилар. У зот айтдилар: “Менга Аллоҳ шифо берди, мен одамларга ёмонлик қилишни хоҳламайман”.

Доимо фитнага сабаб бўлмасликка ҳарис бўлинг, аҳлингизда фитна чиқишига сабабчи бўлманг.

Фарзанд деярли ҳар куни отасига бир муаммо олиб келади, бир куни мактабида бир ўқувчи билан урушиб муаммо чиқаради, ота бориб у муаммони ҳал қилади, эртаси куни ўқитувчиси билан бир муаммо чиқаради, ота уни ҳам ечади, учинчи куни қизлар билан уришиб бир муаммо чиқаради, у қиз шикоят қилиб келади, отасини ва онасини сўкади.. Нега шундай, ахир Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз ўз ота- (она)сини сўкмасин», деб айтганлар. “Ё Расулуллоҳ, бир киши қандай ўз отасини сўкади?”, дейишди. “Бировнинг отасини сўкади, у ҳам бунинг отасини сўкади, бировнинг онасини сўкади, у ҳам бунинг онасини сўкади», дедилар. Шундай экан, оила аъзоларингиз ва яқинларингизга муаммолар келишига сабаб бўлманг. Сизни деб яқинларингизнинг юзи шувит бўлмасин, аксинча, сиз ҳақингизда гапирилганда фақат яхши гаплар айтилсин ва сиз туфайли қавму қариндошларингизнинг юзи ёруғ бўлсин. Сиздан қўни-қўшниларингиз, ҳамшаҳарларингиз фахрланишсин, фалончи қўшнимиз жуда яхши одам,  ҳурматга лойиқ одам, биз ундан фақат яхшилик кўрдик, дейишсин. Одамлар ичида ёмонлик билан тилга олинадиган бўлманг. Балки фақат хайру барака олиб келувчи бўлинг. Бараканинг маъноси яхшиликнинг зиёда бўлишидир. «Баракали бўл» дегани одамларга фойда келтирувчи бўл, деганидир. Аллоҳ таоло мол-давлат берган бўлса, сизда унинг асари кўринсин, ундан атрофдагиларга эҳсон қилинг. Аллоҳ таоло илм берган бўлса, илмингиздан одамларни фойдалантиринг. Аллоҳ таоло обрў берган бўлса, обрўйингиздан фойдаланиб, одамлар орасини ислоҳ қилишга ҳаракат қилинг.

Шу ўринда баъзи аҳли илмлар бир орол халқи тўғрисида ҳикоя қилган бир ҳикояни айтиб ўтмоқчиман. Ўша оролликлар дуо қилиб: «Аллоҳ таоло Умар ибн Абдулазизнинг гуноҳини кечирсин, Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийга эса яхши мукофотлар берсин», дейишар экан. Одамлар ажабланиб: «Умар ибн Абдулазиз  рошид халифа, Ҳажжож эса қонхўр золим бўлса, қандай қилиб сизлар Умар ҳақида худди катта бир гуноҳ қилган одамдек, Аллоҳ гуноҳини кечирсин, дейсизлар-у, золим Ҳажжож ҳақига яхши мукофот сўраб дуо қиласизлар?» дедилар. Улар: – Ҳа, шундай – дейишди, – чунки Умар ибн Абдулазиз безори, ёмон кимсаларни мамлакатдан бадарға қилар ва бизнинг оролимизга сургун қиларди. Умар томонидан оролимизга сургун қилинган фалончи бу ерга келгач, қариндошларимиз ўртасига ихтилоф солди, молларимизни ўғирлади, бизга қаттиқ азиятлар етказди, қизларимизга тегажоғлик қилди, хотинларимизга озор берди, ўртамизда фитна оловини гуруллатди, шунинг учун Умар ибн Абдулазизни Аллоҳ кечирсин, деймиз. Аммо Ҳажжож солиҳ кишиларни сургун қиларди. У оролимизга бир солиҳ кишини сургун қилди, у жоҳилларимизга илм берди, ўрталаримизни ислоҳ қилди, болаларимизга қариндошлик алоқаларини тиклашни ўргатди, ота-оналарга қандай яхшилик қилиш кераклигини ўргатди. Шунинг учун биз «Ҳажжожни Аллоҳ яхши мукофот билан мукофотласин», деб дуо қиламиз, – дедилар. Ва ҳоказо, улар ўзларига етган манфаатлардан келиб чиқиб гапирдилар.

Хайр-баракали инсон қаерда бўлмасин, фақат барака келтиради. Шунинг учун Юсуф Сиддиқ алайҳиссаломни зиндонда ётганида ҳам баракотли бўлганини кўрасиз. Зиндон аҳли уни ҳурматлаб, билмаганларини сўрардилар, у уларга таълим берарди. Эсланг, у зиндондагиларни тавҳидга йўллади. Бу ҳақда “Юсуф” сурасида шундай дейилади:

Юсуф зиндонда ўзи билан ўтирган икки йигитга деди: “Турли-туман сохта олиҳалар яхшими ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми? Сизлар Аллоҳни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз жоҳиллик билан ўзингизга илоҳ қилиб олган бутларга ибодат қиласиз. Аллоҳ уларнинг илоҳлигига ҳеч бир далил-ҳужжат туширган эмас. Ҳукмронлик шериксиз, ягона Аллоҳнинг Ўзига хос. У сизларни фақат Унинг ўзига ибодат қилишга буюрди. Энг тўғри дин шудир. Бироқ одамларнинг кўплари буни билмайдилар” (Юсуф сураси, 39-40).

У иккиси унга: «Бизга тушимизнинг таъбирини айтиб бер, биз сени муҳсин –яхши инсонлардан деб кўряпмиз, дейишди”.  У зиндонда ҳам муҳсин эди… Шоҳлик тахтида ҳам муҳсин эди… Подшоҳлик тахтида эканида ака-укалари уни танимаган ҳолда унга шундай мурожаат қилишди:

Эй (Миср подшоҳи) азиз, бизга ва хонадонимизга очарчилик келди. Бу сафар биз ҳузурингизга арзимас матолар келтирдик, бунинг эвазига сиз бизга илгари яхши баҳоларга берган озиқ-овқатларингизни берсангиз ва мана шу қадрсиз бир неча дирҳамларимизни қабул қилиш билан бизга мурувват кўрсатиб, яхшилик қилсангиз. Шубҳасиз, Аллоҳ муҳтожларга марҳамат кўрсатганларга ажру савоблар бергай”, дедилар” (Юсуф сураси, 88).

Бошқа бир оятда айтишади:

Сиз унинг (Биняминнинг) ўрнига бизлардан биримизни олинг.  Албатта, биз сизни бизга ҳам, бошқаларга ҳам гўзал муомала қилувчи кишилардан эканингизни кўрмоқдамиз”.

Агар маҳбус бўлиб қолсангиз, қамоқдаги биродарларингизга нисбатан хайру барака келтирувчи бўлинг.

Ишхонадаги биродарларингизга яхшилик келтирувчи бўлинг. Ишхонадаги ҳамкасбларингизга ҳасад қилманг, уларга холис насиҳатгўй бўлинг. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яхши ишлар ҳақида айтганларидек: “Касб-ҳунар эгасига ёрдам берасиз ёки ҳунари йўқ, уқувсиз одамни касб-ҳунарга йўллаб қўясиз”. Масалан, дурадгор бўлсангиз ва ёнингиздаги ҳамкасбингиз дурадгорликни яхши билмайдиган бўлса, унга сиз ўргатинг, ишини яхши ўзлаштиришига ёрдам беринг, ишдаги қийинчиликларни қандай енгиб ўтишни ўргатинг.

Қаерда бўлсангиз ҳам доимо фақат хайру барака келтирувчи бўлинг. Қаерга борсангиз, одамлар сиздан нима фойда олишлари мумкинлигини изланиб ўрганинг, одамлар ичида ёмонлик ёйилишига сабабчи бўлманг.

Бир одам йўлда сизни сўкса, сиз ҳам тўхтаб уни сўкишингиз  мумкин, сиз билан уришса, сиз ҳам тўхтаб у билан уришишингиз ҳам мумкин, қавму қариндошингизни ёрдамга чақириб ўртада уруш-жанжални кучайтиришингиз мумкин, ур-тўполонда аҳлингиздан кимлардир ўлдирилиши ҳам мумкин. Ким сабабчи бўлди бунга? Сиз! Лекин сиз ўз аҳлингизга барака келтирувчи киши бўлсангиз ва Аллоҳ таолонинг: “Жоҳиллардан юз ўгиринг” (Аъроф сураси, 199) деган сўзларига амал қилувчи бўлсангиз, муаммо бартараф бўлади, кучингизни ҳам беҳуда нарсага сарфламайсиз, аҳли оилангизни ҳам сақлаб қоласиз, бировнинг ўлимига ҳам, ўртада катта муаммолар чиқишига ҳам сабабчи бўлмайсиз.

Мисрнинг юқори қисми – жануб вилоятларидаги одамларнинг ҳаётини кўринг, бир киши бир қабиладан бировни ўлдириб қўйиб, бутун қабиладошларининг бошини балога  қўяди, ўлдирилган шахснинг қариндошлари қотилнинг бутун қабиласини пойлаб юради, қўлга тушганини ўлдирамиз деб. Шу билан бу одам ўз қабиласига бало ва мусибат келишига сабаб бўлади.

Лекин яхши инсоннинг аҳли оиласи у сабабли яхшилик билан тилга олинади. Шундай экан, асло ўзингизни ҳам, қавму қариндошларингизни ҳам муаммоларга дучор қилманг. Қариндошларингизни йиғиб келиб, ўртада пичоқбозлик қилиш ва қабилалар ўртасида уруш оловини ёқиш ўрнига ўзингиз еган бир мушт-ярим муштдан кўз юминг. Акс ҳолда, бу уруш-жанжаллар нима билан тугайди? Кимдир қамалади, кимдир пичоқ еб ўлади. Охир-оқибат ким сабабчи бунга? Ҳаммасига сиз сабабчи бўлиб қоласиз.

Шундай экан, ўз аҳли оилангизга ҳам фақат яхшилик келтирувчи бўлинг ва одамларга ёмонлик келишига сабабчи бўлманг.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мунофиқларни ўлдирмасликлари сабаби сўралганида: «Одамлар Муҳаммад ўз асҳобларини ўлдиряпти, деб гапириб юрмасинлар», деб айтганлар.

Яна у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй Ойша, агар қавминг куфрдан яқиндагина қутилган бўлмаганида эди, Каъбани бузиб, уни Иброҳим пойдеворлари устига қайта қурган бўлардим. Лекин мен уларнинг қалблари буни ёқтирмаслигидан қўрқаман». Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани бузиб, Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдевор устига янгидан қуришни истадилар, лекин бир нарсадан қўрқдилар: одамлар бу одам Каъбани ўзбошимчалик билан бузиб, бошқа қурди, деб гапиришларидан қўрқдилар. Шунинг учун: «Эй Ойша, агар қавминг куфрдан яқиндагина қутилган бўлмаганида эди, Каъбани бузиб, уни Иброҳим пойдеворлари устига қайта қурган бўлардим. Лекин мен уларнинг қалблари буни ёқтирмаслигидан қўрқаман», дедилар.

Аллоҳ сизларга барака ато этсин, барчамизни қаерда бўлсак ҳам ўзимизга, аҳли оиламизга, қўни қўшниларимизга ва элу юртга хайру барака келтирувчи кишилардан қилсин.

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Изоҳ қолдиринг