Рамазонда жунуб ҳолатида тонг оттирган киши ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум. Устоз, бир саволим бор эди: рамазон ойи кечасида хотини билан яқинлик қилган киши субҳ вақтида ғусл қилишга сув топа олмаса нима қилади? Рўза тутаверадими? Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Рамазон ойида кечаси жунуб бўлиб, тонг отгунича ғусл қила олмаган кишининг ўша кунги рўзаси дуруст саналади. Унинг жунуб эканининг рўзага ҳеч қандай таъсири йўқ. Бунга Ойша розияллоҳу анҳонинг қуйидаги сўзлари далил бўлади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яқинлик қилганлари учун жунуб ҳолатда тонг оттирар, сўнг ғусл қилиб, рўза тутар эдилар” (Бухорий (1926) ривояти). Имом Муслим (1109) ривоятида эса Умму Салама розияллоҳу анҳо шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳтиломдан эмас, (аёлларига) яқинлик қилганлари учун жунуб ҳолатда тонг оттирар, сўнг (ўша кунги) рўзани очмас ва қазосини ҳам тутмас эдилар”. Шунингдек, рамазон кунида эҳтилом бўлиб, жунуб бўлиб қолган рўзадорнинг рўзаси ҳам очилмайди. Чунки рўзадорга жинсий яқинлик қилиш тақиқланган, жунублик эса рўза тутишга ёки уни давом эттиришга монелик қилмайди. Бунга ҳам юқоридаги ҳадислар далил бўлади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг