Рамазонни қадрлаш (7): Рамазон ва тафаккур (2)

0

Аллоҳ таоло Расули Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга одамларга қисқа – биргина насиҳат қилишни буюрар экан шундай дейди:

{قُلْ إِنَّمَا أَعِظُكُمْ بِوَاحِدَةٍ أَنْ تَقُومُوا لِلَّهِ مَثْنَى وَفُرَادَى ثُمَّ تَتَفَكَّرُوا} (سبأ:46)

«Айтинг, (эй Муҳаммад): «Мен сизларга фақат биргина нарсаниАллоҳ учун жуфтжуфт, ёлғизёлғиз ҳолингизда туриб, сўнгра тафаккур қилишингизни тавсия қиламан».

Аслида инсонга биргина нисиҳат, ваъз кифоя қиладими?

Агар ваъз-насиҳат имом Розий айтганидек «яхшиликлар ва саодатлар эшигини очадиган» бўлса, инсон ҳолатининг ўзгаришига етарлидир.

Юқоридаги оятда тафаккур учун яроқли бўлган муҳит тилга олинган. Бу муҳит Аллоҳ учун тафаккур қилишдир.

قال أبو اسماعيل الأنصارى الهروى (ت:481هـ) : ( قال تعالى : { قُلْ إِنَّمَا أَعِظُكُمْ بِوَاحِدَةٍ أَنْ تَقُومُوا لِلَّهِ مَثْنَى وَفُرَادَى ثُمَّ تَتَفَكَّرُوا } (سبأ/46) القومة لله تعالى هى اليقظة من سنة الغفلة ، والنهوض عن ورطة الفترة وهى أول ما يستنير قلب العبد بالحياة ، لرؤية نور التنبيه

Имом Ҳаравий оятда тасвирланган ҳолатни таъриф этар экан, «Бу қалбнинг ғафлат уйқусидан уйғонишидир», дейди. Яъни гуёки қалблар ғафлат уйқусида ётибди-ю, сўнг Аллоҳ учун уйғоняпти. Қалбларнинг бу тарзда сергак тортиши, уйғониши фақат ва фақат Аллоҳ учун бўлиши лозим.

Баъзан инсон ҳаётда кўп нарсалар тўғрисида ғафлатда бўлади, сўнг ҳаётида уни ғафлат уйқусидан уйғотадиган, сергак торттирадиган ишлар юз беради. Ана ўшанда бутун борлиғи билан ғафлатда қолган ишига эътиборини қарата бошлайди. Айтайлик, бир инсон фарзандларининг келажагини ўйлаб, уларни ўқитиш, уйли-жойли қилиш мақсадида чет элларга ишлаш учун кетади. У ерда пул топиб, уйга жўнатиб туради. Мақсади – фарзандларини яхши ўқитиш, яхши касб эгалари қилиб етиштириш. Бироқ орадан йиллар ўтиб, уйига қайтиб келганида уни ларзага соладиган ҳолатга гувоҳ бўлади: фарзандларини ўқишда муваффақиятсизликка учраган, ёмон йўлларга кириб кетган, шу пайтгача топган мол-дунёси ҳавога совурилган!

Ёки бир ишбилармон одам тижорат соҳасида худди шундай ҳолатга дуч келиши мумкин; ишониб юрган шерикларидан бирининг хиёнати туфайли тижорати остин-устун бўлиб кетади. Яна кимдир оилавий ҳаётида ана шундай бахтсизликка дуч келади. Бундай ҳолатлар кўпинча инсонни жиддий тафаккур қилишга ундайди ва аксар ҳолатларда у келажаги учун жиддий қарорлар қабул қилади, хоҳ фарзандлар тарбиясида, хоҳ тижоратда, хоҳ эр-хотин муносабатларида бўлсин, йўл қўйилган хатоларни тузатиш йўлида жиддий ўзгаришлар қилишга азм-қарор қилади. Хўш, унинг бундай қарорга келишига нима сабаб? Сабаб шуки, унинг ичида нимадир юз берди. Ўзи учун суюкли ва муҳим деб санаган соҳадаги мусибатлар уни сергак торттирди, ғафлатидан уйғотди. Демак, унинг ҳаётидаги ўзгаришларга мана шу сергаклик, ўз-ўзини тергаш, ишларини тубдан ҳисоб-китоб қилиш сабаб бўлди. Одатда бундай инсон ўзи ёлғиз қолиб фикр юритади, ўзини ўзи худди бошқа бировга хитоб қилгандек тергай бошлайди, маломат қилади, «ўзинг сабабчисан», «нега бу ҳақда аввалроқ ўйламадинг?» каби саволлар бера бошлайди.

Худди шу сергаклик, айнан шундай уйғониш мусулмон кишида ҳам юз беради. Бироқ ўртадаги фарқ мусулмон кишининг сергаклиги, ғафлат уйқусидан уйғониши Аллоҳ учун бўлади, шунчаки фарзандларнинг таълими ёки келажаги, тижоратнинг ривожланиши, янги мансабларга кўтарилиш учун эмас!

Зеро, ҳар қандай инсон холи қолиб тафаккур қилиши, ғафлатдан сергак тортиши мумкин. Бироқ бу сергаклик шунчаки уларни бир томондан иккинчи томонга буради холос. Аллоҳ муваффақ қилган инсонлардаги сергаклик эса уларни батамом Аллоҳ тарафга буради.

Тафаккур инсонга қандай таъсир қилади?

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ؛ قَالَ: سَمِعْتُ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ، وَخَرَجْتُ مَعَهُ حَتَّى دَخَلَ حَائِطاً فَسَمِعْتُهُ وَهُوَ يَقُولُ، وَبَيْنِي وَبَيْنَهُ جِدَارٌ، وَهُوَ فِي جَوْفِ الْحَائِطِ: عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ أَمِيرُ الْمُؤْمِنِينَ! بَخٍ بَخٍ. وَاللهِ يَا ابْنَ الْخَطَّابِ! لَتَتَّقِيَنَّ اللهَ، أَوْ لَيُعَذِّبَنَّكَ.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади: «Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу билан бир жойга бориш учун йўлга чиқдим. Йўлда у девор билан ўралган бир боққа кирди. Мен деворнинг ташқи томонида, у эса ички томонида экан, унинг шундай деганини эшитдим: «Умар ибн Хаттоб – амирулмўъминин! Войбўй! Аллоҳга қасамки, эй Хаттобнинг ўғли, ё Аллоҳдан тақво қиласан, ё Аллоҳ сени қаттиқ азоблайди!».[1]

Умар разияллоҳу анҳудан чиққан бу сўзлар тафаккур натижасидир. Қалбдаги тушунча ва илмни тил таъбир қилмоқда.

عن طاوس قال: رأيت علي بن الحسين ساجداً في الحجر فقلت: رجل صالح من أهل بيتٍ طيب، لأسمعن ما يقول. فأصغيت إليه فسمعته يقول: عبيدك بفنائك، مسكينك بفنائك، سائلك بفنائك، فقيرك بفنائك، فوالله ما دعوت الله بها في كرب إلا كشف الله عني.

Товус ибн Кайсон раҳимаҳуллоҳ тобеинларнинг катта авлодидан саналади. У шундай дейди: «Мен Али ибн Ҳусайннинг (Зайнулобидин) Ҳижрда сажда қилиб турганини кўрдим. Ичимда дедим: «Тақводор хонадондан чиққан солиҳ инсон. Нима деяётганини эшитаман».

Товус раҳимаҳуллоҳ Али ибн Ҳусайндек солиҳ инсоннинг муборак жойда сажда қилиб турганини кўргач, дилида унинг сўзларини эшитиш иштиёқи туғилди. Чунки унинг сўзларини эшитишни бир фурсат, дини учун фойда деб билди.

Ибн Кайсон раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен унга қулоқ солдим. Унинг шундай деяётганини эшитдим: «Банданг Сенинг бўсағангда, фақир банданг Сенинг бўсағангда турибди…»[2].

Али ибн Ҳусайн айтган сўзлар осон сўзлар бўлса-да, лекин бу сўзлар ортида яширинган ҳис-туйғу бениҳоят муҳим ҳис-туйғулар эди. У саждада Раббига муножот қилар экан, У зотнинг улуғлиги, ўзининг эса хору зорлигини ҳис қилди.

Одатда фақир-бечоралар уйларнинг бўсағасида туриб тиланчилик қилишади. Сахий ва олийжаноб кишилар тиланчининг қўлини қуруқ қайтармайдилар.

Баъзан инсон ўз жинсидан бўлган бошқа бир инсоннинг яхшилигини, унинг фазлини билса, ҳис қилса, бу туйғу унинг қалбини чулғаб олади. Бунга барчамиз гувоҳ бўлганмиз. «Фалончидан бир умрга миннатдорман, бир умр хизматини қилсам ҳам камлик қилса керак!» деган гапларни эшитиб қоламиз баъзан. Нега шундай? Чунки бу инсонлар уларга яхшилик қилган киши тўғрисида, унинг яхшиликлари, хайр-эҳсони тўғрисида фикр юритишган ва бу уларнинг қалбида юқорида зикр қилинган миннатдорчилик ҳиссини пайдо қилган.

Демак, муаммо биз туну кун зоҳирий ва ботиний неъматларини бериб турган Зотнинг яхшилиги, эҳсони, фазл-марҳамати тўғрисида тафаккур қилмаслигимиз, Аллоҳ тоало бизларга буюрган тафаккур ва тадаббур ишини рисоладагидек бажармаслигимизда.

Имом Шофеий имом Аҳмадни кўп зиёрат қилар эди. Имом Шофеий имом Аҳмадга нисбатан фиқҳда машҳур бўлган бўлса, имом Аҳмад Шофеийга нисбатан ҳадис илми билан танилган, фиқҳда кейинроқ машҳур бўлган эди. Одамлар имом Шофеийнинг имом Аҳмад зиёратига ҳадеб боравериши тўғрисида гапиришганда Шофеий шундай дейди:

قالوا يزورك أحمد وتزوره … قلت الفضائل لا تفارق منزله

إن زارني فبفضله أو زرته … فلفضله فالفضل في الحالين له

«Айтдилар: «Аҳмад билан ўрталарингда бунча зиёратлашмасанглар?!».

Дедим: «Мени зиёрат қилса, фазл-марҳамати билан зиёрат қилади, уни зиёрат қилган бўлсам, фазли учун зиёрат қиламан. Ҳар икки ҳолатда фазл Аҳмадга хосдир»[3] .

Имом Шофеий имом Аҳмаднинг фазлини билгани учун шундай қилган ва тилида эътироф этган.

Тафаккур қалбда илм пайдо қилади. Тафаккурдан олдин инсонда бирон илм бўлмаса, нима тўғрисида тафаккур қилади? Инсонда шундай маълумотлар борки, у бу маълумотлардан фойдаланмайди. Бу маълумотларни дон омборига ўхшатиш мумкин. Тафаккур эса тегирмондир. Инсонда сон-саноқсиз маълумотлар бўлса-да, ундан фойдаланмайди. Бунга тақвосиз уламолар хотирасидаги билимларни мисол қилиш мумкин.

Тафаккур натижасида фойдали илм пайдо бўлади. Зеро, ҳақиқий илм фойдали илмдир. Унинг жойи инсон қалбидир. Мақталган, фазли ва хосияти бор дейилган ҳар қандай илм борки, албатта, ундан тафаккур маҳсули бўлган фойдали илм назарда тутилган. Еру осмонлар ва улардаги барча мавжудотлар, ҳаттоки сувдаги балиқлар ва қуруқликдаги чумолилар истиғфор айтиб турадиган олим киши шунчаки миясида маълумотлар бор киши деб ўйлайсизми?! Йўқ, албатта!

Демак, ҳақиқий илм фойдали илмдир.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ кўпинча қалб тўғрисида, унинг ваҳийдан фойдаланиши хусусида гапирар эди.

عن الدارمي عن عمران قال: قلت للحسن يوماً في شيء قاله: يا أبا سعيد! ليس هكذا يقول الفقهاء، فقال: ويحك، هل رأيت فقيهاً قط؟ وإنما الفقيه الزاهد في الدنيا، الراغب في الآخرة، البصير بأمر دينه، والمداوم على عبادة ربه.

Доримий Имрондан ривоят қилади: «Бир куни Ҳасан Басрий қайсидир масалада гапирганида мен «Эй Абу Саид, фуқаҳолар бундай дейишмайдику?», дедим. Шунда Ҳасан Басрий деди: «Ўйлаб гапиряпсанми, Сен фақиҳ кишини кўрганмисан, ўзи?! Чинакам фақиҳ дунёга ҳирс қўймаган, охиратга интилган, динини яхши тушунган ва доимий тарзда Раббига ибодат қилган кишидир!».

[1] Молик. “Муваттоъ», 4/1443, 3618-ҳадис.

[2] Ибн Асокир. “Тарихи Димашқ”, 41-жилд, 381-бет, “Мактабат аш-шомила”.

[3] Ибнул Имод. “Шазарот аз-заҳаб”, 2/98.

Изоҳ қолдиринг