Рамазонни қадрлаш (8): Тафаккур амалнинг қабул бўлишига олиб боради

0

Тафаккур қалбда илм – ҳақиқий фойдали илм пайдо қилади. Сўнгра илм қалбда шундай бир ҳолат пайдо қиладики, баъзи уламолар уни Қуръон ибораси билан «сибға» деб номлайдилар. Яъни бу илм қалбни бўягани, уни қоплаб олгани учун уни сибға – бўёқ деб номлашган.

{صِبْغَةَ اللهِ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللهِ صِبْغَةً} (البقرة: 138

Аллоҳ таоло айтади: «(Ислом) Аллоҳнинг бўёғидир. Аллоҳнинг бўёғидан ҳам яхшироқ бўёқ борми?!» (Бақара, 138).

Нега айнан бу ҳолатни «сибға» деб номладилар?

Чунки буёқ кийимнинг барча қисмларига етиб боради, уни батамом қоплаб олади. Ундан ҳам муҳимроқ томони бор. Араблар айтишади:

(غ ف ر) : غَفَرَ اللَّهُ لَهُ غَفْرًا مِنْ بَابِ ضَرَبَ وَغُفْرَانًا صَفَحَ عَنْهُ وَالْمَغْفِرَةُ اسْمٌ مِنْهُ وَاسْتَغْفَرْتُ اللَّهَ سَأَلْتُهُ الْمَغْفِرَةَ وَاغْتَفَرْتُ لِلْجَانِي مَا صَنَعَ وَأَصْلُ الْغَفْرِ السَّتْرُ وَمِنْهُ يُقَالُ الصِّبْغُ أَغْفَرُ لِلْوَسَخِ أَيْ أَسْتَرُ.[1]

«Бўёқ кирни тўсувчироқдир».

Кир кийимни тозалаш ва тузатишнинг энг яхши йўли уни бўяшдир. Тафаккур натижаси ўлароқ пайдо бўлган ҳолат қалбни тозалайди, унинг ҳолатини ўзгартиради ва унга эгалик қилади. Шунингдек, буёқ кийимнинг барча ипларига кириб боргандек, илм ҳам қалбнинг барча шаҳобчаларини қоплаб олади.

Қалбни қоплаб олган ҳолат – сибға унда албатта ирода-хоҳиш пайдо қилади. Шундан сўнг инсон қалбининг ҳар қандай яхши ишларга интила бошлаганини ҳис қилади. Ажабланарли томони шундаки, яхшиликни хоҳлаш уни қилишга имконият бор ёки йўқлигига қарамайди. Бундай инсон ҳар қандай яхшиликка ошиқувчан бўлади, ўзига ҳам, барча мусулмонларга ҳам яхшилик қилишга чанқоқ бўлиб қолади. Қалбнинг хоҳлаган ишини амалга оширишга қудрати бор-йўқлиги бошқа масала.

Тўртинчи босқич бўлмиш хоҳишдан албатта бирон амал келиб чиқади. Демак, амал бу бешинчи босқич.

Демак, мазкур босқичлар қуйидагилардир:

  1. Тафаккур;

  2. Илм;

  3. Ҳол – сибға (буёқ);

  4. Ирода ёхуд хоҳиш;

  5. Амал.

Амал бешинчи босқич бўлишига қарамай биз мусулмонлар аввало амалдан бошлаймиз. Бирон маъруза эшитганимизда унда тарғиб қилинган амалларга қизиқишимиз ортади ва тўғридан-тўғри унга амал қилишга киришиб кетамиз. Бироз орадан ҳеч қанча вақт ўтмай амалдан тўхтаб қоламиз. Чунки бу амалнинг қалбга боғлиқлиги, ундан оладиган озуқаси бўлмайди. Аксинча, биз бу амални маърузадан таъсирланиб бошлаб юборган бўламиз. Шу боис, маърузанинг таъсири тугаши билан амалимиз ҳам тухтайди. Масалан, Аллоҳ йўлида садақа қилиш савоби тўғрисида маъруза эшитамиз-у, садақа қиламиз. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, садақа қилиш савобини унутамиз. Кейинги ҳафта ота-онага яхшилик қилиш тўғрисида маъруза эшитиб қолсак, узоқ вақтдан бери зиёрат қилмаган ота-онамизни ҳолидан хабар олиш эсимизга тушиб қолади. Яна орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан ота-онага яхшилик қилиш эсимиздан чиқиб кетади. Шунингдек, қолган амалларга ҳам шу тариқа амал қиламиз. Бинобарин, амалларимиз кимнингдир эслатиши ёки буюришига боғлиқ бўлиб қолган. Шунинг учун агар эслатувчилар бўлмаса, ғофилларга қўшилиб ғафлатда юраверамиз. Бундан ҳам ёмонроғи баъзан бизларга ёмонликни насиҳат қиладиганлар ҳам топилади.

Масалан, сиз қариндошларингиздан бири билан жанжаллашиб қолдингиз. Сизга Аллоҳдан қўрқишни эслатадиган, қариндошлар билан яхши муомала қилиш лозимлиги, улар билан алоқани узиш катта гуноҳ эканини насиҳат қиладиган одам топилмади. Аксинча, сизни гиж-гижлайдиган одамлар чиқди. «Қариндошларинг сенинг қадрингга боришмайди, чунки сен яхши одамсан», дея насиҳат қиладиганлар чиқади. Бундай одамлар ичингиздаги ёмонликка бўлган мойилликни қўзғамасалар-да, энг камида яхшилик қилишдан тўсиб қўйишади.

Демак, бизлар яхши ишлар қилмоқчи бўлсак ҳам аввало амалдан бошлаймиз, ҳолбуки, амалнинг ўрни бешинчи босқичда. Агар амал ўзининг табиий босқичида келганида эди, чин қалбдан содир бўлган бўлур эди. Бунга Қуръон тилида «иқтироф» дейилади. Аллоҳ таоло айтади:

{وَمَنْ يَقْتَرِفْ حَسَنَةً نَزِدْ لَهُ فِيهَا حُسْنًا} (الشورى: 23)

«Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг савоби устига савоб қўшиб берамиз».

Демак, «иқтироф» дегани бу шунчаки бирон ишни қилиш дегани эмас. Юқоридаги оятда «ким шунчаки бирон чиройли амални қилса» деган маъно назарда тутилмаган. Балки бирон амални бутун борлиғи билан берилиб қилишга «иқтироф» айтилади. Иқтироф дегани инсон бирон амални қилар экан, аввало уни бадани билан бажаришдан олдин қалби, ақли ва ўй-фикрида қилиш демакдир. Иқтироф деганда бирон амални кўз, қулоқ ва қалбни ишга солган ҳолда, бутун танани у билан машғул қилган ҳолда бажариш назарда тутилади, шунингдек, иқтироф дегани бирон ишни яхши кўриб, эътибор бериб, садоқат билан бажаришга айтилади.

Инсон бирон нарсани яхши кўрса, қалби унга боғланиб қолса, уйқуга кетишдан олдин ҳам у ҳақда ўйлайди, уйқудан уйғонгандан кейин ҳам биринчи уни эслайди. Инсонга яқин кунларда бирон каттароқ маблағ келадиган бўлса, ётишдан олдин ҳам, уйқудан уйғонгач ҳам шу ҳақда ўйлайди. Агар бу маблағ янада каттароқ бўлса, унинг тушига ҳам кириб чиқади. Демак, инсон фикри ва тафаккурини машғул қилган ишни амалга ошириш вақти келганда, уни ниҳоят даражада эътибор ва берилиш билан бажаради, уни бажариш асносида бошқа нарса хаёлига келмайди. Бирон амални мазкур тарзда бажаришга «иқтироф» дейилади.

Юқорида айтилган босқичлар яхши ишларга тааллуқли бўлганидек, ёмон ишларга ҳам тааллуқлидир. Шундай одамлар борки, ёмон ишлар тўғрисида тафаккур қилади ва бу унинг қалбида ёмонлик тўғрисида илм пайдо қилади. Ёмонлик тўғрисида илмдан қалбда бир ҳолат пайдо бўлади ва унинг бутун қалбини эгаллаб олади. Ёмонликни эшитса, қалби жунбушга келадиган бўлиб қолади. Ёмонлик тўғрисидаги билим ва маълумотлар бутун қалбни қоплаб олади, бора-бора қалбда яхшилик учун жой қолмайди. Қалбда пайдо бўлган бу ҳол, бу «бўёқ» ёмонлик қилиш ҳақида қатъий хоҳиш пайдо қилади. Натижада бирон ёмонликни эшитса борадиган, ёмонлик олдидан чиқиб қолса, албатта, ҳеч иккиланмасдан қиладиган бўлиб қолади. Шунинг учун бундай кимсаларнинг тили ва аъзоларининг ёмонлик ва ёвузликка интиладиган бўлиб қолганинига гувоҳ бўламиз. Ҳатто бирон ёмонликни қўлдан бой берса, надомат чекадиган бўлиб қолади!

Малъун Ҳуяй ибн Ахтаб яҳудий Бани Назир қабиласининг оқсоқоли эди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга адоват қилишга бел боғлаганлардан эди. Шунинг учун Бани Қурайза қабиласини у зотга қарши урушга гижгижлаган, улар билан бирга қалъаларига кирган ва уларга қўшилиб қуршовда қолган эди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга душманлик қилишда бор куч ва имкониятларини сарфлаган инсон эди. Ҳатто бу йўлда ўз қабиласи билан бўлсин, хоҳ бошқа қабилалар билан бўлсин ҳамкорлик қилишга тайёр эди. Қатл қилиш учун олиб келинганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб шундай деган эди:

أما والله ما لمت نفسي في معاداتك، ولكن من يغالب الله يغلب[2].

«Сенга душманлик қилганимга ўзимни маломат қилмайман. Лекин Аллоҳга қарши урушган кимса мағлуб бўлади!»

Буни қарангки, у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ эканини, у зот билан жанг қилар экан, аслида Аллоҳга қарши жанг қилаётганини билар эди. Лекин бу билим биз юқорида ишора қилиб ўтган илм қабилидан, яъни шунчаки маълумотлар эди. Аксинча, қалбида ёхуд миясида йиғилган маълумотлардан фақат ёмонлик тўғрисидаги маълумотлар ҳақида фикр юритган, мушоҳада этган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга душманлик қилиш, одамларни у зотга қарши гижгижлаш, қандай қилиб у зотнинг душманларини кўпайтириш хусусида тафаккур қилган эди. Ҳуяйдан бошқалар ҳам ёмонликка эргашган бўлсалар-да, лекин Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ошкора душманликка журъат қилмаган эдилар. Журъат қилмасликларининг сабаби яхшиликни хоҳлаганлари учун эмас, балки улардан олдингиларнинг қисмати уларнинг ҳам бошига тушишдан қўрқар эдилар. Зеро, Аллоҳ таоло бундай кимсаларнинг қалбларини муҳрлагандир.

وقد قالوا لكعب بن أسد وهم يذهب بهم الى رسول الله صلى الله عليه وسلم أرسالا يا كعب ما تراه يصنع بنا قال أفي كل موطن لا تعقلون ألا ترون الداعي لا ينزع وأنه من ذهب به منكم لا يرجع هو والله القتل فلم يزل ذلك الدأب حتى فرغ منهم رسول الله صلى الله عليه وسلم.[3]

Ҳуяй ибн Ахтаб ва унинг одамлари асирга олингач, бир жойга қамаб қўйилган эдилар. Мусулмонлар уларни қатл қилиш гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб чиқишар ва бир чуқурликка олиб бориб қатл қилишар эди. Шунда яҳудлар Ҳуяйга қараб дедилар: «У (яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизни нима қилади деб ўйлайсан?» Ҳуяй деди: «Ҳеч бир ўринда ақл юритмас экансизлар-да?! Кўрмаяпсизларми, олиб кетувчи олиб кетишни бас қилмаяпти, сизлардан кетган қайтиб келмаяпти!»

Лекин кўриб турганингиздек, куфрнинг ҳам даражалари бор, ёмонлик ва ёвузликда ҳам катталар катталигича қолар экан!

Демак, биз чинакам истаган амал шунчаки ваъз-насиҳат самараси бўлмаслиги керак. Чунки ваъз-насиҳат қалбда пайдо қилган таъсир тезда йўқолиб кетади. Шунинг учун ўзингизни кўрасизки, қандайдир маъруза таъсирида савоб ишлар қилишга бўлган қизиқишингиз ортади, садақа қиласиз, намозларга мустаҳкам турасиз ва ҳоказо солиҳ амалларни қиласиз, лекин орадан 2-3 кун ўтмасдан яна олдинги ҳолатга қайтиб қоласиз. Чунки бу амаллар ваъз таъсирида юза келган, унинг таъсири тугаши билан тўхтаб қолади. Ваъзнинг таъсири худди тиши оғриган инсонга берилган наркозга ўхшайди. Наркоз таъсирида инсон оғриқни ҳис қилмайди. Лекин у вақтинчалик таъсир қилади, холос.

[1] «Ал-мисбоҳ ал-мунир фи ғариб аш-шарҳ ал-кабир», 2/449.

[2] «Ар-раҳиқ ал-махтум», 1/291.

[3] «Сийрати Ибн Ҳишом», 4/201.

Изоҳ қолдиринг