Расулуллоҳнинг отбоқарлари ҳақида

0

Савол:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг отбоқарлари ким бўлган? Машҳур саҳобий экан.

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Маълумки, от Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида инсонларнинг оғирини енгил қиладиган ва Аллоҳ таоло айтганидек, уларни бир жойдан иккинчи бир жойга ҳеч бир қийинчиликсиз элтиб қўювчи уловлардан ҳисобланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг отларининг сони еттита бўлган. Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ “Зодул-маод” (1/128) китобида шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам отларидан бирининг номи “Сакб” бўлиб, айтилишича, Пайғамбаримиз сотиб олган дастлабки от ҳисобланади. Пайғамбаримиз уни бир аъробийдан ўн уқия (тахминан 400 дирҳам)га сотиб олганлар. Унгача отнинг эгаси – аъробий уни “Дирс” деб номлар эди.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  “Муртажаз”, “Луҳайф”, “Лизоз”, “Зорб”, “Сабҳа” ва “Вард” деб номланган отлари ҳам бўлган. Мазкур еттита от Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг отлари эканлиги уламолар ўртасида иттифоқ қилинган масаладир. Баъзи уламолар бундан бошқа ҳам ўн бешта отлари бўлган дейишган”.

Қастилланий роҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримизнинг хизматкорларини зикр қилиб шундай дейди: “Уқба инб Омир ибн Абс ибн Амр Жуҳаний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматкорларидан бўлиб, у зотнинг хачирларига қарар ва сафарларда уни етаклаб юрар эди” [“Мавоҳибул- ладуния”, 1/526].

Бироқ ожизона изланишлар натижасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг отларини ким боққан экани хусусида бирон бир маълумот топа олмадик, валлоҳу аълам.

 

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг