Рибога қарз олган кишига қарзини тўлашда ёрдам қилиш жоизми?

0

Савол:

Рибога қарз олган кишига қарзини тўлашда ёрдам қилса, рибога аралашган бўлмайдими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Аввало шуни эслатиб ўтиш лозимки, рибо муомаласини қилиш катта гуноҳдир. Аллоҳ таоло рибо билан муомала қилганга қаттиқ таҳдид қилиб шундай деган: «Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан тақво қилингиз ва мўмин бўлсангиз қолган рибони тарк этингиз. Агар шундай қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва Расули тарафидан бўлган жангга шай турингиз» (Бақара сураси, 278-279).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибони еганни, едирганни, ёзганни ва рибога гувоҳлик қилганни лаънатладилар ва «Улар (гуноҳда) баробардирлар», дедилар» (Муслим, 1598).

Энди, рибога қарз олган кишига келсак, агар у бу ишидан тавба қилмаган бўлса, қарзини узишда унга ёрдамлашиш жоиз эмас. Аммо бу ишининг катта гуноҳлигини билган ва тавба қилган бўлса, у ҳолда қарзидан халос бўлиши, борган сари қарзининг фоизи кўпайиб, баттар қарзга ботиб қолмаслиги учун унга ёрдам бериш жоиздир. Шунингдек, у фақат қарзнинг ўзини тўлаб, фоизларини тўламаган тақдирда бирон муаммога дуч келмаса, шаръан фоизларни тўламасликка ҳаққи бор. Бироқ рибога қарз берган ҳукумат муассасаси ёки жисмоний шахс фоизларни тўлашга мажбурласа, у ҳолда ҳатто фоизларини тўлашига ҳам ёрдамлашиш жоиз. Ҳатто бундай киши қарзини узиши учун унга закот пулидан бериш ҳам жоиз. Чунки у ҳам закот бериладиган тоифалардан бири  бўлган қарздорлар сирасига киради.

Доктор Умар Сулаймон Ашқар айтади: «Кимда ким рибога қарз олган бўлса, рибо билан муомала қилишдан тавба қилган бўлсагина закотга ҳақдор бўлган қарздорлар улушидан қарзини узиш жоиздир».

Хулоса қилиб айтганда, рибога қарз олган киши бу ишидан тавба қилган, аммо қарзини узишдан қийналиб қолган бўлса, унга ёрдам бериш, ҳатто закот пулидан бериб бўлса ҳам қарзини узишга ёрдамлашиш жоиз, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг