Руку ва саждада хотиржам туриш вожиблиги ҳақидаги боб

0

Тўқсон учинчи ҳадис

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ – رضي الله عنه -: ((أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – دَخَلَ الْمَسْجِدَ  فَدَخَلَ رَجُلٌ فَصَلَّى ثُمَّ جَاءَ فَسَلَّمَ عَلَى النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – فَقَالَ: ارْجِعْ فَصَلِّ فَإِنَّك لَمْ تُصَلِّ. فَرَجَعَ فَصَلَّى كَمَا صَلَّى ثُمَّ جَاءَ فَسَلَّمَ عَلَى النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – فَقَالَ: ارْجِعْ فَصَلِّ َإِنَّك لَمْ تُصَلِّ – ثَلاثاً – فَقَالَ: وَاَلَّذِي بَعَثَكَ بِالْحَقِّ لا أُحْسِنُ غَيْرَهُ فَعَلِّمْنِي فَقَالَ: إذَا قُمْتَ إلَى الصَّلاةِ فَكَبِّرْ ثُمَّ اقْرَأْ مَا تَيَسَّرَ مِنْ الْقُرْآنِ ثُمَّ ارْكَعْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ رَاكِعاً ثُمَّ ارْفَعْ حَتَّى تَعْتَدِلَ قَائِماً ثُمَّ اُسْجُدْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ سَاجِداً ثُمَّ ارْفَعْ حَتَّى تَطْمَئِنَّ جَالِساً. وَافْعَلْ ذَلِكَ فِي صَلاتِكَ كُلِّهَا))

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “(Бир куни) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирдилар. Бир киши ҳам масжидга кириб намоз ўқиди. Сўнг келиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди. У зот: “Бор, намозни қайта ўқи, сен намоз ўқимадинг”, дедилар. У бориб аввалгидек намоз ўқиди. Сўнг келиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди. У зот яна: “Бор, намозни қайта ўқи, сен намоз ўқимадинг”, дедилар. Учинчи бор келганида ҳам яна шундай дедилар. Шунда ҳалиги киши деди: “Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, бундан яхшироқ намоз ўқишни билмайман, менга ўргатинг”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар намозга турсанг такбир айт, сўнг қодир бўлгунингча Қуръондан ўзинг билган оятларни ўқи. Сўнг то хотиржам бўлгунингча рукуда тур. Сўнг (рукудан) қаддингни ростлаб тик тур. Сўнг то хотиржам бўлгунингча саждада тур. Сўнг саждадан бошингни кўтариб, хотиржам бўлгунингча (икки сажда орасида) ўтир. Намознинг барчасида худди шундай қил (худди шу тарзда қолган ракаатларни адо қил)” [Бухорий: 793 ва Муслим: 397].

Муаллиф роҳимаҳуллоҳ Бухорий ва Муслим келтирган ривоятларни қўшиб келтирган.

Шарҳ:

Мазкур ҳадис намозга оид энг муҳим ва энг буюк ҳадислардан бири саналади. Уламолар уни “Намозини рисоладагидек ўқимаган киши ҳақидаги ҳадис” деб номлашади. Ушбу ҳадис намозда қай амал фарз, қай бири фарз эмаслигини билишда уламоларнинг таянадиган асосий далили саналади. Зеро, унда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намознинг фарз амалларини аниқ-тиниқ ўргатиб, баён қилганлар. Ушбу ҳадисда айтилмаган амал намозда вожиб саналамайди. Келгусида буни баён қиламиз, иншааллоҳ.

Ҳадиснинг умумий мазмунига келсак, кунларнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирадилар. У зотнинг ортидан Халлод ибн Рофеъ исмли саҳобий ҳам масжидга киради ва намоз ўқийди. Аммо у намозни рисоладагидек адо қилмасдан ўқийди. Яъни намозда бажариладиган хатти-ҳаракат ва айтиладиган сўзларни тўкис бажармайди. Намозни тугатгач Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келиб салом беради. Пайғамбаримиз унинг саломига жавоб қайтариб, сўнг: “Бор, намозни қайта ўқи, сен намоз ўқимадинг”, дейдилар. У қайтиб иккинчи бор ҳам худди аввалгидек намоз ўқиб, яна у зотнинг олдига келади. У зот эса: “Бор, намозни қайта ўқи, сен намоз ўқимадинг”, деб қайта намозни ўқишга буюрадилар. Шу йўсинда уч бор қайта намоз ўқиган саҳобий учинчи бор келганда қасам ичиб шундай дейди: “Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, бундан яхшироқ намоз ўқишни билмайман. Менга ўргатинг”. Пайғамбаримизнинг қайта-қайта айтган ушбу сўзлари натижасида саҳобийнинг намозни тўғри ўқишга бўлган қизиқиши ортади ва чин кўнгилдан уни билишга уриниб, у зотдан таълим беришини сўрайди. Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қуйидаги сўзлари ила таълим берадилар: “Агар намозга турсанг такбири таҳрима айтиб намозни бошла. Сўнг “Фотиҳа” сурасини ўқиб бўлгач қодир бўлгунингча Қуръондан (сура ёки оятлар) ўқи. Сўнг руку қил ва то хотиржам бўлмагунингча рукуда тур. Сўнг рукудан қаддинг рост бўлгунига қадар кўтарил ва то хотиржам бўлмагунингча қаддингни ростлаб тур. Сўнг сажда қил ва то хотиржам бўлмагунингча саждадан бош кўтарма. Сўнг саждадан бош кўтар ва то хотиржам бўлмагунингча иккинчи саждага бормасдан ўрнингда ўтир. Худди шу тарзда намознинг қолганини адо қил”. Такбири таҳрима бундан мустасно. Чунки такбири таҳрима фақат биринчи ракаатда айтилади.

Ҳадисга доир уч масала

Биринчи масала: намозда Фотиҳа сурасини ўқиш ҳукми борасида уламоларнинг фикрлари

Ҳанафий мазҳаби уламолари фикрича, ҳатто Фотиҳа сурасини ўқишга қодир инсон ҳам намозда ҳар қандай оят ёки сура ўқиса намози дуруст бўлаверади. Улар ўз фикрларига Аллоҳ таолонинг: “(Намозда) ўзларингизга муяссар бўлган миқдорда Қуръондан ўқинглар” деган оятини, шунингдек, мазкур ҳадиснинг айрим ривоятларида келган: “… сўнг қодир бўлгунингча Қуръондан ўзинг билган оятларни ўқи”, деган сўзни далил қилишган.

Жумҳур (кўпчилик) уламоларнинг фикрига кўра, Фотиҳа сурасини ўқишга қодир инсон намозда Фотиҳа сурасини ўқиши фарз, акс ҳолда намози дуруст бўлмайди. Улар ўз фикрларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзини далил қилишган: “(Намозда) Фотиҳа сурасини ўқимаган одамнинг намози йўқ ҳисоб”. Демак, шариатда Фотиҳасиз ўқилган намозни йўқ деб эътибор қилинар экан. Бу эса бундай намоз дуруст саналмаслигини англатади. Фотиҳа сураси ўқилмаган намоз дуруст бўлмаслигига бундан бошқа далиллар ҳам кўп.

Ҳанафий мазҳаби уламолари далил қилган оятга шундай жавоб бериш мумкин: ушбу оят тунги намоз (таҳажжуд)да Фотиҳадан сўнг қанча миқдорда зам сура ўқиш кераклиги ҳақида нозил бўлган. Яъни оятдан: “Фотиҳа сурасини ўқиб бўлгач, қодир бўлгунингизча, ўзларингизга машаққат бўлмайдиган даражада зам сурага Қуръондан оят ва суралар ўқинг”, деган маъно ирода қилинган.

Улар далил қилиб келтирган ҳадисга эса қуйидагича жавоб бериш мумкин:

Ушбу ҳадисда қанча миқдор ва қайси сура ўқиш кераклиги ноаниқ суратда келтирилган. Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадис буни изоҳлайди. Абу Довуднинг ривоятида шундай дейилади: “Сўнг “Уммул Қуръон” (яъни Фотиҳа сураси)ни ва Аллоҳ қодир қилгунича Қуръон ўқи[Абу Довуд: 856]. Ушбу ҳадис ҳақида Абу Довуд бирон нарса демасдан, сукут қилган. Маълумки, Абу Довуд бирон ҳадисни келтириб, у ҳақда бирон ҳукм айтмаса, ушбу ҳадис далил қилишга яроқли ҳисобланади.

Ибн Ҳиббон келтирган ривоятда шундай дейилади: “Фотиҳа сурасини ўқиб, сўнг истаганингча Қуръондан ўқи[Ибн Ҳиббон: 1787].

Ибн Ҳаммом роҳимаҳуллоҳ айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозини рисоладагидек ўқимаган кишига барча ракаатларда қироат қилишга буюрган, деб айтиш тўғрироқ”.

Баъзи уламоларнинг айтишича, Фотиҳа сурасини фақат биринчи ракаатда ўқиш фарз.

Жумҳур (кўпчилик) уламоларнинг фикрига кўра, ҳар ракаатда Фотиҳа сурасини ўқиш фарз. Бунга Пайғамбаримизнинг: “Сўнг намознинг барчасида худди шундай қил”, деган сўзлари далолат қилади.

Аллома Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бухорий роҳимаҳуллоҳ Абу Қатодадан ривоят қилган:Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ракаатда Фотиҳа сурасини ўқир эдилар ҳадиси билан Пайғамбаримизнинг:Мени қандай намоз ўқиганимни кўрган бўлсангизлар, худди шундай намоз ўқинглар”, деган сўзлари Фотиҳа сурасини ҳар ракаатда ўқиш фарзлигига далолат қилади”.

Рукудан бош кўтарганда ва саждада то хотиржам бўлгунча бироз муддат туриш ҳукми борасида уламолар ихтилоф қилишган.

Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрича, бундай қилиш фарз эмас.

Жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, рукудан бош кўтарганда ва саждада турганда хотиржам бўлгунча бироз муддат туриш фарз. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун бир қанча далиллар келтиришган. Жумладан:

1- Шарҳланаётган мазкур Абу Ҳурайранинг ҳадиси.

2- Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  “Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқир эканман, намозни диққат билан кузатдим. У зотнинг қиёмда, рукуда ва рукудан кейин қад ростлаб туриш муддати ҳамда саждада, икки сажда орасидаги ўтиришда ва иккинчи саждада турган муддатлари, шунингдек, саломдан кейин то ўринларидан туриб кетгунларигача бўлган оралиқ муддат қарийб бир хил эди[Муттафақун алайҳ]. Ушбу ҳадис ҳақида ўтган мақолаларимизда батафсил гапириб ўтганмиз.

3- Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рукудан бош кўтарганларидан сўнг қад ростлаб, қиёмда анча вақт турардилар, узоқ туриб қолганларидан ҳатто баъзилар у зотни саждага боришни унутдилармикин, деб ўйлаб қоларди.

Бу фикрни қўллаб-қувватлайдиган бундан бошқа ҳам далиллар кўп. Ҳанафий мазҳаби уламолари ўз фикрларини қувватлаш учун на бирон саҳиҳ далил келтирганлар, на жумҳур уламолар келтирган саҳиҳ очиқ далилларга қониқарли жавоб берганлар.

Ҳадисга доир қолган икки масалани келгуси мақоламизда зикр қиламиз, иншааллоҳ.

(Давоми бор)

Изоҳ қолдиринг