Рўза: Қадр кечаси (2)

0

Бешинчидан: Қадр кечасининг вақти

Уламолар Қадр кечасининг вақтини белгилаш хусусида қирқдан ошиқ фикрлар билдиришган. Мазкур фикрлар ичидаги энг тўғри ва асосли фикрга кўра, Қадр кечаси рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларида яширинган бўлиб, ҳар йили ўзгариб туриши мумкин.

Қадр кечаси охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларида эканига Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Қадр кечасини рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кечаларидан излангиз»[1].

Энди Қадр кечасининг кўчиб юриши масаласига келсак, дарҳақиқат, бу кеча рамазоннинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларига тўғри келиши тўғрисида ҳадислар келган.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумладан шундай дейдилар: «Менга бу кеча (яъни Қадр кечаси)нинг вақти тушимда кўрсатилди, сўнг унуттирилдим. Шундай экан, уни охирги ўн кунликдан – ҳар бир тоқ кечалардан изланглар. Дарҳақиқат, тушимда (бу кечанинг тонгида) сув ва лойда сажда қилаётганимни кўрдим». Абу Саид Худрий айтади: «Ўша кечаси шаррос ёмғир ёғди. Йигирма биринчи кечада масжид томидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозгоҳига чакка ўтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз кўзларим билан кўрдим, бомдодни ўқиб қайтар эканлар, у зотга қарадим, юзлари лой ва сувга беланган эди»[2].

Ушбу ҳадисда Қадр кечаси йигирма биринчи кечага тўғри келгани айтилмоқда.

Абдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда келишича, «бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Ё Расулуллоҳ, бу муборак кечани қачон топсак бўлади?», деб сўрайди. Шунда у зот: «Шу кеча – йигирма учинчи кечада топасизлар», деб жавоб берадилар»[3].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Қадр кечасининг йигирма еттинчи кеча экани хусусида собит ривоят қилинган. Шунингдек, бу Убай ибн Каъбдан марфуъ – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилган ҳолда ҳам ривоят қилинган[4].

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қадр кечасини охирги кечада топасизлар»[5].

Олтинчидан: Қадр кечасининг махфий қилиниш сабаби

Убода ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга Қадр кечасининг (вақтини) билдириш учун чиқдилар. Шунда мусулмонлардан икки киши жанжаллашиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен сизларга Қадр кечасининг вақтини билдириш учун чиққан эдим. Бироқ фалончи билан фалончи жанжаллашиб қолиб, бу кечанинг вақти тўғрисидаги билим ёдимдан кўтарилди. Шояд, бу сизлар учун яхшилик бўлса. Бу кечани (йигирма) тўққизинчи, (йигирма) еттинчи ва (йигирма) бешинчи кечалардан излангиз»[6]. Баъзи ривоятларда «охирги ўн кунликдан излангиз», дейилади.

Ушбу ҳадис Қадр кечасининг вақтини унутишга жанжал сабаб бўлганига далолат қилади.

«Саҳиҳи Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Тушимда менга Қадр кечасининг вақти билдирилди. Сўнг аёлларимдан бири мени уйғотганида Қадр кечасининг вақтини унутиб қўйдим»[7].

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу – (Қадр кечаси вақтини) унутишнинг бошқа бир сабаби. Бинобарин, воқеа икки бор такрорланган бўлиши мумкин. Унга кўра, Абу Ҳурайранинг ҳадисидаги «кўриш» тушда содир бўлган ва унутишга уйғотиш сабаб бўлган бўлса, ундан бошқаларнинг ҳадисларидаги «кўриш» уйғоқликда юз берган ва унутишга жанжал сабаб бўлган. Шунингдек, аслида унутишлик воқеаси бир бор юз берган бўлиши, бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур икки сабабдан келиб чиқиб, икки бор унутган бўлишлари ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Аёлларимдан бири мени уйғотди ва мен икки кишининг ўзаро жанжалини эшитдим. Улар иккисининг ўртасини ажратиш учун ўрнимдан турган эдим, бу икки иш (яъни уйғотиш ва жанжал) билан машғул бўлиб, (Аллоҳ менга билдирган) Қадр кечасининг вақтини унутдим», деган маънони назарда тутган бўлишлари ҳам мумкин»[8].

  • Қадр кечасининг махфий қилиниши ҳикмати

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар айтади: «Одамлар Қадр кечасига мушарраф бўлиш йўлида тиришишлари учун бу кеча махфий қилинди. Агар бунинг учун муайян кеча белгиланганида фақат шу кечага чекланиб қолинган бўлур эди»[9].

Саккизинчидан: Қадр кечасининг аломатлари

Қадр кечасининг аломатларини баён қилган талай ҳадислар келган. Мен қуйида улардан саҳиҳ бўлганларинигина келтириб ўтаман:

(1) Қадр кечаси эссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган мўътадил ва порлоқ кечадир.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Менга тушимда Қадр кечаси қайси кеча экани айтилган эди, сўнг унуттирилдим. Қадр кечаси охирги ўн кечаларда яширинган. У иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган порлоқ ва ёқимли кечадир[10].

(2) Қадр кечаси тонгида қуёш шуъласиз, қизариб чиқади.

Зир ибн Ҳубайшдан ривоят қилинади: “Биз айтдик: “Эй Абул Мунзир (яъни Убай ибн Каъб), Қадр кечаси нимаси билан ажралиб туради?” У деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган белги ёки аломат билан ажралиб туради: ўша куни қуёш чиқаётган пайтда (кўзни қамаштирадиган) шуъласи бўлмайди[11].

[1] Бухорий (2017), Муслим (1167) ривояти.
[2] Бухорий (2018, 2027), Муслим (1167), Абу Довуд (1382), Насоий (3/79) ривояти.
[3] Саҳиҳ: Ибн Хузайма (2185), Муслим (1165) ривояти. Муслим ривояти юқорида Абу Саид розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга ўхшаб кетади, фақат унда «йигирма биринчи кеча» ўрнига «йигирма учинчи кеча» дейилган.
[4] Ҳасан: Ибн Хузайма (2187), Аҳмад (10/286, «Ал-фатҳ Ар-раббоний») ривояти.
[5] Саҳиҳ: Ибн Хузайма (2189) ривояти.
[6] Бухорий (2023) ривояти.
[7] Муслим (1166), Аҳмад (2/291) ривояти.
[8] «Фатҳул Борий» (4/268).
[9] «Фатҳул Борий» (4/315).
[10] Саҳиҳ: Ибн Хузайма (2190, 2192, 2193), Ибн Ҳиббон (3688) ва Аҳмад (5/324) ривояти.
[11] Муслим (762), Абу Довуд (1378), Термизий (793) ривояти.

Изоҳ қолдиринг