Рўза: Умрбод рўза тутиш ҳукми

0

(6) Умрбод рўза тутиш ҳукми

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким абадий (умрбод) рўза тутса, рўза ҳам тутмаган, оғзи очиқ ҳам юрмаган бўлади»[1].

Ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Абадий (умрбод) рўза тутган киши рўза тутмабди (ҳисоб)»[2].

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадис мазмуни шундай: умрбод рўза тутган инсон суннатга хилоф қилгани боис рўза тутиш ажрига ҳам эришмайди, умрбод рўза тутиб юргани учун ўзини еб-ичишдан ҳам маҳрум қилган бўлади»[3].

Умрбод рўза тутиш ҳукмига келсак, бу борада уламолар турлича фикр билдиришган.

Биринчи фикр:

Бу фикрга кўра, умрбод рўза тутиш мутлақ макруҳдир. Бу Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ва зоҳирийлар мазҳаби, шунингдек, имом Аҳмаддан нақл қилинган фикрлардан бири ҳамда моликийлардан Ибн Арабийнинг фикридир. Шунингдек, шайх Албонийнинг фикрига кўра ҳам умрбод рўза тутиш жоиз эмас.

Иккинчи фикр:

Бу фикр эгалари умрбод рўза тутишни жоиз деб биладилар. Уларнинг айтишича, умрбод рўза тутишдан қайтарган ҳадислар ҳайит ва ташриқ кунлари ҳам рўза тутган кишиларга қарата айтилган. Бинобарин, улар икки ҳайит ва ташриқ кунлари (яъни зулҳижжанинг 11–13-кунлари)дан ташқари умрбод рўза тутишни жоиз санашади.

Учинчи фикр:

Бу фикрга кўра умрбод рўза тутиш учун жисмоний имкониятга эга ва рўза тутиш бошқаларга нисбатан зиммаларида бурчларини бажаришга халақит бермайдиган инсонларнинг умрбод рўза тутиши мустаҳабдир. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисни далил қилишади. Унда келишича, «Ҳамза ибн Амр Ал-Асламий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Мен кетма-кет рўза тутаман. Сафарда ҳам рўза тутсам бўладими?” – деб сўрайди. Шунда у зот: “Истасанг рўза тут, истасанг тутма” – деб жавоб берадилар[4]. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамза Ал-асламийнинг кетма-кет рўза тутишига индамадилар. Демак, бу умрбод рўза тутиш мустаҳаблигига далолат қилади.

Бироқ энг рожиҳ фикр биринчи фикрдир. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай дейдилар: «Бир кун рўза тутиб, бир кун тутма. Бу Довуд алайҳиссаломнинг рўзаси бўлиб, у энг мўътадил (аъло) рўзадир». Мен айтдим: «Мен ундан ҳам афзалроғига қодирман». «Ундан афзалроғи йўқ», деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам»[5]. Шунингдек, юқорида зикр қилинган «Абадий (умрбод) рўза тутган киши рўза тутмабди (ҳисоб)» ва «Ким абадий (умрбод) рўза тутса, рўза ҳам тутмаган, оғзи очиқ ҳам юрмаган бўлади» деган ҳадислар ҳам умрбод рўза тутиш жоиз эмаслигига далолат қилади. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким умрбод рўза тутса, уни жаҳаннам мана бундай қисади», дея муштларини қисдилар». Шунингдек, мазкур ҳадис «мавқуф» ҳолатда, яъни Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг сўзи сифатида ҳам собит бўлган[6].

Энди Ҳамза Асламийнинг «Мен кетма-кет рўза тутаман», деган сўзига келсак, кетма-кетликдан умрбод рўза тутиш келиб чиқмайди.

Ибн Абу Шайба саҳиҳ санад билан Абу Амр Шайбонийдан ривоят қилади: «Умар розияллоҳу анҳуга бир кишининг умрбод рўза тутиб юрганлиги ҳақида хабар келди. Шунда Умар унинг олдига бориб қамчиси билан савалар экан: «Ол, е, эй умрбод рўза тутадиган!», дер эди»[7].

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан умрбод рўза тутиш ҳақида сўралганида, бундай рўза тутишни макруҳ деб билган.

[1] Саҳиҳ: Ибн Можа (1705), Насоий (4/205), Аҳмад (2/189) ривояти.
2] Бухорий (1977), Муслим (1159), Ибн Можа (1706), Насоий (4/204) ривояти.
[3] «Фатҳул Борий» (4/261).
[4] Бухорий (1943), Муслим (1121), Абу Довуд (2402), Термизий (711), Насоий (4/187) ва Ибн Можа (1662) ривоят қилишган.
[5] Бухорий (1875), Муслим ривояти.
[6] Саҳиҳ: Насоий (4/207), Аҳмад (4/24), Ибн Ҳиббон (3584) ривояти.
[7] Саҳиҳ: Ибн Абу Шайба (2/328) ривояти.

Изоҳ қолдиринг