Саҳобий бўлинг: Нодир авлод (7)

0
  • Саҳобайи киромларнинг Қуръони карим билан яшаганлари (давоми)

Келинг, Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуга боғлиқ яна бир мисолга назар ташлайлик. Бу улуғ саҳобий ҳақида Абаса сурасининг аввалги оятлари индирилганини ҳаммамиз биламиз. У кишининг ушбу ва ундан кейинги оятларни ўқиётган ҳолатини хаёлингизга келтиринг: “У (пайғамбар алайҳиссалом) ўзининг олдига кўзи ожиз киши келгани учун қош чимирди ва (ундан) юз ўгирди. (Эй Муҳаммад), сиз қаердан биласиз, эҳтимол у (сиздан ўрганадиган илму маърифати ёрдамида нафси) покланар” (1–3-оятлар). Қандай қилиб намозда бу кишининг хаёли сочилиши, қироатида хушуъ қилмаслиги мумкин?! Бу ақлга сиғмайди! Масжидда у кишининг ёнида ушбу оятларни тинглаб намоз ўқиётган, ушбу оятларда кўзда тутилган киши айни пайтда у билан бир сафда эканини билиб турган бошқа саҳобийнинг ҳолатини-да бир тасаввур қилинг.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қуйидаги оятларни ўқиётганидаги иймоний мартабасини, Аллоҳ азза ва жаллага бўлган яқинлигини хаёлингизга келтиринг: Ўзи покдомон бўлиб, мол-давлатини (яхшилик йўлида) сарф қиладиган тақводор зот ундан (дўзахдан) йироқ қилинур. У (тақводор зот) ҳузурида – зиммасида бирор кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. У фақат энг олий Зот бўлмиш Парвардигорининг юзини – розилигини истаб (мол-давлатини сарф қилур). Ва яқинда (Аллоҳ жаннатда унга ато этадиган мукофот – жаннат неъматларидан) рози бўлгай (Вал-лайл сураси, 17-21). Ушбу оятларни тиловат қилар экан, улар шахсан ўзи ҳақида нозил этилганини билиб турган кишининг ҳис-туйғулари қандай бўлади?!

Ажабо, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг: “Қачонки Зайд аёлидан беҳожат бўлгач (уни талоқ қилгач ва иддаси тугагач), Биз сизни унга уйлантирдик. Токи, мусулмонларга асранди болалари хотинларидан ҳожатларини адо қилишгач (талоқ қилишгач), уларга уйланиш ҳақида ҳеч қандай танглик ва гуноҳ йўқ эканини билдириш учун (шундай қилдик)” (Аҳзоб сураси, 37), оятини ўқир экан, Аллоҳ азза ва жалла уни исми билан атаганини билиб турган ҳолатида қандай ҳис-туйғуларни бошдан кечирган экан?! Мўминлар онаси Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо Аллоҳ таолонинг: Қачонки Зайд аёлидан (яъни Зайнаб бинти Жаҳшдан) беҳожат бўлгач, сизни унга (яъни Зайнабга) уйлантирдик, оятини ўқиган пайтидаги ҳиссиётларини тасаввур қилинг! Зайнаб розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа аёлларига фахрланиб, шундай дер экан: “Сизларни Расулуллоҳга аҳли-оилаларингиз узатган бўлса, мени Аллоҳ таолонинг ўзи етти қават осмон устидан никоҳлаб берган”.

Хуллас, саҳобалар тамоман Қуръон билан бирга яшар эдилар, ҳар бир оятга, ҳар бир калимага ўзгача муносабатда бўлардилар, илоҳий хитобни бошқа мусулмонларнинг қулоқларидан фарқли қулоқ билан, бошқа қалблардан ўзгача қалб билан тинглар эдилар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг