Сафарда ўқилмаган намознинг қазоси муқим ҳолида қандай ўқилади?

0

Савол:

Мусофир одам сафарда бир неча намозларни ўқиёлмаса-ю, кейин юртига қайтса, сафарда ўқиёлмаган намозларининг қазосини қаср қилиб ўқийдими ёки тўлиқ қилибми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Сафарда қазо қилинган намозни муқим ҳолатида қаср ёки тўлиқ ўқиш масаласида уламолар ихтилоф қилишган. Ҳанбалий ва шофеий мазҳабида, шунингдек, Авзоий, Довуд Зоҳирийларнинг фикрича, сафарда қазо қилинган намоз муқим ҳолатида тўлиқ ўқилади. Ҳанафий ва моликий мазҳабида, шунингдек, Имом Шофеийнинг эски мазҳабида ва Суфён Саврийнинг фикрича, сафарда қазо қилинган намоз сафардагидек қаср қилиб ўқилади. Чунки қазо адога ўхшайди.

Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ мазкур масаладаги ҳанбалий мазҳабининг фикрини баён қилиб, ортидан шундай дейди: «Ҳанбалий мазҳабига кўра шундай. Аммо рожиҳ фикр бунинг тескарисидир. Сафарда қазо қилган намозини муқим ҳолатида эсласа, худди сафардагидек қаср қилиб ўқийди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким намоздан ухлаб қолса ёки унутиб қўйса, намозни эслаганида қазосини ўқисин», деганлар. Яъни қазо қилинган намозни аслида қандай ва неча ракаат ўқиши керак бўлса, шундай ўқисин дегани. Айтайлик, инсон сафарда пешин намозини ўқимаганини эслади. Маълумки, мусофир учун пешин намози икки ракаатдан иборат. Шундай экан, уни тўлиқ (тўрт ракаат) ўқиши шарт эмас»[1].

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ яна шундай дейди: «Шунга кўра, масаланинг тўрт хил кўриниши бор:

  1. Сафар намозини сафарда эслаган, қаср ўқийди.

  2. Муқим ҳолидаги намозни муқим ҳолида эсласа, тўлиқ (тўрт ракаат) ўқийди.

  3. Сафар намозини муқим ҳолида эсласа, рожиҳ фикрга кўра, қаср ўқийди.

  4. Муқим ҳолидаги намозни сафарда эсласа, тўлиқ ўқийди»[2].

    Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, рожиҳ фикрга кўра, сафарда ўқилмаган намозларнинг қазоси, худди сафардагидек, қаср қилиб ўқилади, валлоҳу аълам.

[1] «Аш-шарҳул мумтеъ», 4/367.
[2] «Аш-шарҳул мумтеъ», 4/383.

Изоҳ қолдиринг