Саффоҳ: Халифаликни эгаллаши (2)

0

Абул Аббос Саффоҳнинг хутбасидан ва амакиси Довуд ибн Алининг сўзларидан асосон учта нарсага урғу қаратганини илғаш мумкин:

  • Хилофатни ворислик деб қараш ва Бани Аббосни халифаликка бошқалардан кўра лойиқроқ деб билиш. Аслида, исломда халифалик отадан болага мерос қоладиган мулк эмас эди, афсуски, рошид халифалардан кейин шундай бўлди.

  • Бани Умайя шаънига ҳужум қилиш, уларни халифаликни ноҳақ эгаллаб олган ва зулм сиёсатини юргизган мустабид золим деб санаш. Бу эса ҳокимият тизгинини қўлга киритган ҳар бир янги ҳокимнинг йўли бўлиб, ўзини оқлаш ва ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олиш учун албатта ўзидан олдинги ҳокимни қоралаш керак бўлади.

  • Аллоҳ нозил қилган Қуръон билан ҳукм қилишга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашишга ҳамда саҳоба ва салафи солиҳ изидан юришга ваъда бериш. Аксарият халифалар ўзларидан илгариги ҳукмдорларни исломни тўла татбиқ этмаганликда айблаб, ўзларини шу фикр билан қаноатлантирганлар. Аслида, исломга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан кейин комил ҳаёт тарзи сифатида эргашилмади. Балки, унда ўзгартиришлар содир этилди. Лекин улар енгил ўзгартиришлар бўлиб, вақти-вақти билан йўлдан оғиш кучайиб ва камайиб турди. Бироқ умумий ташқи кўриниш исломий бўлиб қолаверди. Бутун халифаликлар даври мобайнида шундай бўлди. Халифалар умуман олганда ислом таълимотларига амал қилишарди ва бу билан фахрланишарди. Шунинг учун улар ўзларидан бошқаларни айблаб, ўзларини биз исломни яхшироқ татбиқ қиламиз ва унга яхшироқ амал қиламиз, деб гумон қилишарди. Дарҳақиқат, аббосийлар дастлабки даврларида умуман олганда, умавийларга қараганда диндорроқ ва исломга яхши амал қилувчироқ бўлди, лекин уларнинг умматга хизмати камроқ тегди. Бу нарса Довуд ибн Алининг биринчи куни сўзлаган: “биз бу ишга дарёлар қазиш учун кирмадик” деган сўзларида яққол кўринади. Бунинг маъноси – умавийлар дин ишларини умуман ташлаб қўйишган, аббосийлар эса раият ишларини умуман тарк қилишди дегани эмас, балки нисбатан шундай бўлди, дейилмоқчи холос. Аслида, умавийлар ҳам, гарчи улардан баъзиларининг даврида айрим ноҳақликлар ва ножоиз ҳодисалар содир бўлган эсада, умуман олганда улар фазилат ва дин аҳли эдилар. Уларга нисбат берилган ишларнинг ва улар ҳақида айтилган гапларнинг кўпи ёлғон ва душманларнинг уйдирмалари, холос.

Довуд ибн Али Кўфа жомеси минбари узра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги халифалар ичидан Али ибн Абу Толибдан бошқа бирорта ҳам халифа хутба қилмаганини, фақат у киши Кўфани ўз халифалиги маркази қилганини, ундан кейин Кўфа қаровсиз ва эътиборсиз ташлаб қўйилганини, энди мана бу халифа Саффоҳ унинг шавкатини яна қайта тиклаяжагини сўзлади. Бу сўзлари билан у кўфаликларнинг янги ҳукуматни қўллаб-қувватлашларига эришиш учун уларнинг ҳиссиётларини уйғотишни истади. Зеро, уларнинг шаҳри энди бутун исломий хилофатнинг пойтахтига айланмоқда эди.

Иккинчи куни Саффоҳ Ҳамом Аъян лашкаргоҳига жўнаб кетди ва Кўфага амакиси Довуд ибн Алини бош қилиб қолдирди. Амакиси Абдуллоҳ ибн Алини қўшинга бош қилиб, сўнгги умавий халифа Марвон ибн Муҳаммадга қарши жанг қилаётган Абу Авн Абдулмалик ибн Язидга мададга юборди.

Жияни Ийсо ибн Мусони[1] Воситда Язид ибн Умар ибн Ҳубайрани қамал қилиб турган Ҳасан ибн Қаҳтабага қўшимча куч билан юборди.

Яҳё ибн Жаъфар ибн Таммом ибн Аббосни Мадоин минтақасида аббосийларга даъват қилаётган ва қолган-қутган умавийларга қарши урушаётган Ҳумайд ибн Қаҳтабага кўмакка юборди.

Усмон ибн Урва ибн Муҳаммад ибн Аммор ибн Ёсирни қўшинга бош қилиб, Аҳвоздаги Бассом ибн Иброҳим ибн Бассомга ёрдамга юборди.

Абдуллоҳ ибн Али Зоб[2] жангида, Жумодул охира ойининг ўн биринчисида Марвон ибн Муҳаммадни мағлубиятга учратди. Марвон ўзининг бошкенти Ҳарронга қочиб бориб, у ерда йигирма кундан ортиқроқ турди. Сўнг Қансаринга[3] йўл олди. Абдуллоҳ ибн Али уни таъқиб қилиб борарди. Марвон Қансариндан Ҳимсга, ундан Дамашққа, ундан Урдунга, ундан Фаластинга ўтди. Сўнгра Мисрга қараб йўл олди. Мисрга етиб боргач, Бусирда яширинди. Сўнг у ҳижрий 132 йил 27 Зул-ҳижжа куни шу ерда ўлдирилди. Унинг ўғиллари Абдуллоҳ ва Убайдуллоҳ бир гуруҳ одамлари билан Ҳабашистонга қочдилар. Сўнгра Убайдуллоҳ ҳабашлар тарафидан ўлдирилди. Абдуллоҳ эса қочиб қутулди ва кейинчалик Муҳаммад Маҳдий халифалиги даврида таслим бўлиб келди. Марвоннинг қатл этилиши билан халифалик мансаби тўлалигича Саффоҳ қўлига ўтди. Чунки, ислом давлатида мусулмонлар учун фақат биргина халифа бўлиши жоиз эди.

Восит эса то унинг волийси Ибн Ҳубайрага Бани Умайянинг сўнгги халифаси Марвон ибн Муҳаммаднинг ўлдирилгани хабари етиб келгунича Абу Жаъфар Мансур ва Ҳасан ибн Қаҳтаба томонидан қамал қилинишда давом этди. Шундан сўнг Ибн Ҳубайра омонлик тилади ва барча тобелари билан бирга аббосийларга таслим бўлди. Дастлаб у Абу Жаъфарнинг яқинлари доирасида юрди, кейинроқ Саффоҳ Абу Муслимнинг маслаҳати билан уни қатл қилдирди.

Саффоҳ бир неча ой Ҳамом Аъяндаги лашкаргоҳда турди, сўнг Кўфага кўчиб ўтди. Бани Умайянинг сўнгги халифаси Марвон ибн Муҳаммаднинг ўлимидан сўнг Саффоҳ учун вазият барқарор ҳолга келди, деб айтиб бўлмайди. Чунки Шом диёрида Саффоҳга қарши қўзғолонлар бўлиб турди. Бошқа минтақаларда ҳам шундай ҳаракатлар бўлди.

Саффоҳ ҳижрий 134 йили Кўфадан Анборга кўчиб ўтди ва то вафот этгунига қадар шу ер халифалик маркази бўлиб қолди.

Ҳижрий 134 йилдан кейин Саффоҳга қарши деярли кучли қаршилик ҳаракатлари юзага келмади. Шу билан бирга, унинг давлати устунлари ҳали ўта бақувват ҳам эмасди.

[1] Ийсо ибн Мусо ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос – Бани Аббоснинг чавандози ва суғурилган қиличи деб танилган. Саффоҳ уни Мансурдан кейинги валиаҳд қилиб тайинлаган, бироқ Мансур унинг ўрнига ўз ўғлини валиаҳд қилди. Кўфада ҳижрий 168 йили вафот этган.
[2] Зоб – Мовсил яқинида Дижла дарёсига қуйиладиган дарё номи.
[3] Қансарин – Шомда, Ҳалаб атрофида жойлашган тарихий қишлоқ номи.

Изоҳ қолдиринг