Савдо-сотиқ: “Нажш” қилмаслик

0

(2) “Нажш” қилмаслик

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам нажшдан қайтардилар»[1].

Арабча нажш сўзининг асл луғавий маъноси «бирон нарсани ўрнидан қўзғатиш» демакдир. Бу ўринда нажшдан мақсад бир инсон одамлар эътиборини жалб қилиш ва уларни қизиқтириш учун ўзи сотиб олишни истамаган товар-маҳсулот нархини оширишидир[2].

Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Нажш дегани бир киши сотувга қўйилган товар олдига келиб, гарчи уни сотиб олиш нияти бўлмаса ҳам харидорларни қизиқтириш учун баланд нарх айтиши, натижада харидорлар унинг гапига учиб одатда айтадиган нархларидан кўра баландроқ нарх айтишларидир»[3].

Масалан, бир киши автоулов сотяпти, харидорлар унинг нархи хусусида савдолашяптилар. Шунда автоулов сотиб олиш нияти бўлмаган бир киши келиб, автоуловга катта нарх айтади. Буни эшитган бошқалар автоулов чиндан ҳам бу нархга арзир экан деб ўйлаб қолишади. Бу одамнинг иши шариатда нажш дейилади.

Ибн Баттол роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар нажш қилган киши осий-гуноҳкор бўлишига ижмо қилишган»[4].

Нажш қилган киши бу ишини сотувчи билан келишмаган ҳолда ўзича қиладими ёки у билан келишган ҳолда қиладими, барибир гуноҳкор бўлади. Агар сотувчи билан келишган ҳолда қилса, унда сотувчи ҳам гуноҳкор бўлади.

Нажш аралашган савдонинг ҳукми:

Уламолар нажш аралашган савдонинг ҳукми хусусида турлича фикр билдирганлар:

  1. Зоҳирийларнинг фикри ва имом Моликдан нақл қилинган бир ривоятга кўра, бундай савдо ботил саналади.

  2. Ҳанбалийлар наздидаги машҳур фикрга кўра, агар сотувчи билан келишилган ҳолда нажш қилинган бўлсагина савдо ботилдир.

  3. Моликий мазҳабига оид машҳур фикрга, шунингдек, шофеийлардаги бир фикрга кўра, бу тариқа амалга оширилган савдода харидорга савдони бузиш ҳуқуқи собит бўлади.

  4. Шофеий мазҳабидаги мўътабар фикрга, шунингдек, ҳанафий мазҳаби фикрига кўра, нажш қилган кимса гуноҳкор бўлса-да, бундай савдо дуруст бўлаверади.

 Бу борадаги рожиҳ фикр учинчи фикрдир. Бу фикрни Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ рожиҳ деб билган. Чунки Аллоҳнинг ҳаққига эмас, балки одамларнинг ҳаққига риоя қилиш учун нажш қилишдан қайтарилган. Бинобарин, харидор хоҳласа савдони бузади, хоҳласа савдога рози бўлади[5].

Эслатма:

Айрим уламоларнинг фикрича, нажш қилган киши товарнинг ҳақиқий нархидан ортиқча нарх айтсагина қилган иши ҳаром саналади. Аммо инсон сотувчи товарини бозордаги нархидан паст нархда сотаётганини кўриб, чинакам нархига етказиш учун нажш қилган бўлса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки мазкур ҳолатда унинг бу иши насиҳат қабилидан бўлади. Бироқ бу фикрга Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ эътироз билдириб шундай дейди:

«Бу фикр тўғри эмас. Зеро, насиҳат қилиш учун ўзи сотиб олмайдиган нарсасини сотиб оладиган қилиб кўрсатиши шарт эмас. Насиҳат қилишни истаган кимса сотувчига сотаётган товарининг қиймати айтаётганидан кўпроқлигини билдириб қўйиши кифоя. Шундан сўнг сотувчининг ўзи истаган нархни ихтиёр қилади. Қолаверса, то сотувчининг ўзи маслаҳат сўрамагунча, унга буни билдириб қўйиши ҳам шарт эмас. Зеро, ҳадисда «Одамларни ўз ҳолларига қўйинглар; Аллоҳ бирларини бошқаларидан ризқлантираверсин. Қачон биронтангиз биродаридан насиҳат сўраса, насиҳат қилсин»[6], дейилади. Валлоҳу аълам»[7].

[1] Бухорий (2142), Муслим (1516), Насоий (7/258), Ибн Можа (2173) ривояти.
[2] Қаранг: «Мажмуул фатово» (29/384-385).
[3] «Ал-ум» (3/133).
[4] Қаранг: «Фатҳул Борий» (4/355).
[5] Қаранг:  «Мажмуул фатово» (29/282-284).
[6] Муслим (1522), Аҳмад (3/418), Байҳақий (5/347), Ибн Ҳиббон (4960) ривояти.
[7] «Фатҳул Борий» (4/356).

Изоҳ қолдиринг