Шаввол ойидан олти кун рўза тутиш

0

(2) Шаввол ойидан олти кун рўза тутиш:

Абу Айюб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан ҳам олти кун рўза тутса, гуёки бир йил рўза тутгандек бўлади[1].

Мазкур олти кун рўзани шаввол ойи мобайнида кетма-кет ёки тарқоқ ҳолда тутиш жоиздир. Фақат бундан шаввол ойининг биринчи куни, яъни ҳайит куни мустасно бўлиб, бу кунда рўза тутиш ҳаромдир.

Юқоридаги ҳадисда рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутиш фазилати зикр қилинар экан, унинг бир йиллик рўзага тенг келиши айтилади. Дарҳақиқат, бу фазилатнинг шарҳи Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда баён қилинган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Рамазон рўзаси ўн ойга, ундан кейинги (шаввол ойида тутилган) олти кун рўза икки ойга, шундай қилиб, иккиси бир йиллик рўзага тенг келади[2].

Демак, Аллоҳнинг марҳаматига қарангки, инсон мукаллаф (яъни балоғат ёшига етиб, шариат аҳкомларини бажаришга мажбур) бўлганидан бошлаб, то вафот этгунига қадар рамазон рўзаси ва шаввол ойидан олти кун рўзани қолдирмай тутиб келган бўлса, гуёки бир умр рўза тутгандек бўлар экан.

[1] Муслим (1164), Термизий (759), Абу Довуд (2433) ва Ибн Можа (1716) ривоят қилишган.

[2] Саҳиҳ. Имом Аҳмад (5/280) ва Ибн Хузайма (2115) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний “Саҳиҳул жомеъ”да (3851) саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг