Шайх мартабасига қандай эришилади?

0

Савол:

Шайх мартабасига қандай эришилади ва бу мартаба кимлар томонидан берилади?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Шайх сўзи араб тилида қария ва чол маъносини ифодалайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобалар даврида худди шу маънода ишлатилган. Масалан, Юсуф алайҳиссаломнинг акалари оталари Ёқуб алайҳиссалом ҳақида: “Отамиз ёши катта қари чол” – деб айтишганида айнан “шайх” сўзи ишлатилган.

Вақтлар ўтиши билан муҳаддислар шайх сўзини илмли инсон,  устоз ҳамда ибодатгўй диндор маъносида ишлата бошлашган. Илмли инсон бошқаларга нисбатан маълумоти ва тажрибаси кўп бўлгани учун шайх деб атала бошлаган. Чунки ёши катта инсон бошқаларга нисбатан маълумотли ва тажрибали бўлади, қолганлар эса унинг маълумот ва тажрибаларидан фойдаланиш учун доим ундан маслаҳат сўрашади. Шу жиҳатдан илмли инсон шайх деб аталади. Бу ҳақда Роғиб Асфаҳоний роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ёши кексайиб қолган киши шайх дейилади. Бизнинг замонамизда бу сўз илми кўп инсонга нисбатан ишлатилади. Чунки шайхнинг тажриба ва маълумотлари кўп бўлади” (“Ал-муфрадот фий ғарийбил Қуръон” китоби, 469-бет).

Хулоса шуки, шайх сўзи устоз, домла, олим маъносида бўлиб, илмни пухта эгаллаган, халққа ўз илми ва тажрибалари билан хизмат қилаётган  кишиларга нисбатан айтилади. Шайхлик бирон илмий муассаса томонидан тақдим этиладиган мартаба эмас, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг