Шиа фирқалари: зайдийлар

0

Шиаликни даъво қиладиган аксар фирқалар Ҳусайн розияллоҳу анҳу қатл қилинганидан сўнг пайдо бўлиб, бу тушунча борасида одамлар чуқур кета бошладилар. Шиалар Али ибн Ҳусайнни (унинг лақаби Зайнулобидин бўлган) ўзларига қўшиб олишга қаттиқ ҳаракат қилишган. Бироқ Зайнулобидин шиалик фикридан буткул йироқ, умавий халифага берган байъатига содиқ бўлган[1]. Ҳатто халифа Язид ибн Муовиянинг шахсан ўзи Зайнулобидинни қаттиқ ҳурмат қилган.

Али ибн Ҳусайннинг фарзандлари

1) Зайд ибн Али ибн Ҳусайн: бир гуруҳ шиалар Зайдни имом деб эътироф этганлари учун зайдийлар номини олишган. Зайдийларга кўра, имомларнинг тартиби қуйидагича: биринчи имом Али розияллоҳу анҳу, иккинчи имом Ҳасан розияллоҳу анҳу, учинчиси Ҳусайн розияллоҳу анҳу, жорудийлар фикрига кўра, шундан сўнг имомлик Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумонинг фарзандлари орасида маслаҳат билан танланади. Кейинги имом деб Зайнулобидин Али ибн Ҳусайнни, ундан кейин Зайд ибн Алини, сўнг ўғли Яҳё ибн Зайдни, сўнг эса Яҳёнинг ўғли Исо ибн Зайдни биладилар. Бундан кейинги имомлар Ҳасан розияллоҳу анҳунинг ёки Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг фарзандларидан бўлишидан қатъий назар, қилич билан чиқиши шарт деб эътиқод қиладилар.
2) Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн: Муҳаммаднинг куняси Абу Жаъфар Боқир бўлган. Бошқа бир гуруҳ шиалар Али ибн Ҳусайндан кейинги имом Зайд эмас, балки Муҳаммад бўлган, дейишади. Улар ҳақида келгусида батафсил сўз юритамиз.
3) Умар ибн Али ибн Ҳусайн. Бугунги мавзумиз зайдийлар ҳақида бўлгани учун қуйида уларнинг эътиқодлари ҳақида сўз юритамиз.

Абу Зуҳра зайдийларни шундай таърифлаган: “Улар шиа фирқаларининг аҳли суннат ва жамоатга энг яқини ва энг тўғрироғидир. Уларнинг имомларига нисбатан бўлган тарафкашликлари чегарадан чиқмаган. Улар имомларини шунчаки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги энг афзал инсонлар бўлишган, деб эътиқод қилишади. Улар саҳобаларга нисбатан ҳам мўътадил фикрдалар. Шунинг учун саҳобаларни, хусусан, Али розияллоҳу анҳуга байъат бериб, имомлигини тан олганларини кофирга чиқармайдилар”[2].

Абу Зуҳра зайдийларни эътиқод жиҳатидан икки гуруҳга: мутақаддим ва мутааххирларга (илгаригилар ва кейингиларга) бўлган.
1) Мутақаддимлар: улар Зайднинг гапларига эргашганлар. Улар рофизийлардан саналмайди. Улар Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг халифалигини тан олишади.
2) Мутааххирлар: улар рофизийлардан саналади. Улар Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг халифалигини тан олишмайди, уларни ҳақорат қилиб, халифаликларини тан олганларни кофир деб билишади.

Умуман олганда, зайдийларга кўра, имомлар (халифалар) фақат Фотима розияллоҳу анҳонинг фарзандларидан чиқади. Улар Фотима розияллоҳу анҳонинг фарзандларидан шижоат, саховат, зоҳидлик каби имомлик шартлари топилган ва ўзини имом деб эълон қилган ҳар қандай фотимийга итоат қилиш фарз, деб эътиқод қиладилар. Бу имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг ёки Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг фарзандларидан экани муҳим эмас. Имомийлар эса имомлар фақат Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг фарзандларидан чиқиши керак деб билишади. Иншааллоҳ, келгуси мақоламизда Зайд ибн Али ва унинг эътиқоди ҳақида сўз юритамиз.

[1] “Аш-шиа ват ташайюъ” (204-бет) ҳамда “Ал-адяну вал фироқ вал мазааҳибул муаасиро” (154-бет) китобларига қаралсин.
[2] “Тарихул мазааҳибил ислаамийя” (1\47).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг