Шиа фирқалари

0

Муқаддима

Шиалар бир неча тоифага бўлиниб кетишган. Баъзи олимлар бу фирқаларнинг сони етмишга етишини айтишади. Шиалар фирқаларини ўрганар эканмиз шунга амин бўламизки, уларнинг баъзилари ғулув кетганлари сабабли диндан чиқиб кетган. Шунга қарамай улар ўзларини мусулмон деб билади. Баъзилари эса тўғри йўлдан адашган бўлса-да, уларни кофир деб бўлмайди. Биз келгусида шиаларнинг ислом оламида муҳим рол ўйнаган асосий тўрт фирқаси ҳақида сўз юритамиз. Улар:

1) Сабаийлар;
2) Кайсонийлар;
3) Зайдийлар;
4) Рофизийлар.

Бугунги кунимизда шиаларнинг, жумладан, Эрон ва Ироқ шиаларининг асосий қисмини рофизийлар ташкил қилади. Бу фирқалар ҳақида сўз юритишдан олдин шиалар нима сабабдан бунчалик кўп фирқаларга бўлингани ва уламолар бу фирқаларнинг сони тўғрисида турлича фикр билдиришининг боиси ҳақида бироз тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Шиалардаги бўлиниш сабаби

Шиалар ҳам бошқа фирқалар сингари ақл ва ҳавои нафсга таянган ҳолда Қуръон ва ҳадис йўлини ташлаганлари сабабли улар ўртасида хилоф авж олиши ва бу хилофларга барҳам бериб бўлмаслиги табиий ҳол. Уларнинг бир неча фирқага бўлинишларига бундан бошқа сабаблар ҳам бор, жумладан:

  • Шиалик тушунчасига бўлган муносабатларининг турли хил экани. Чунки баъзи шиалар имомларини пайғамбарлик даражасига кўтариб, мухолифларни кофир дейишса, баъзилари ўзларини мўътадил кўрсатишади ва мухолифларни кофир дейишмайди.

  • Али розияллоҳу анҳунинг зурриётидан кимлар имом эканини аниқлаш борасидаги фикрлар хилма-хиллиги. Уларнинг имомий, зайдий, нусайрий ва ботинийлар имомлари ким эканини аниқлашда ихтилофлашгани келгуси мақолаларимизда янада батафсил ёритилади, иншааллоҳ.

  • Шиалик исломга зарар беришни истаган ҳар қандай маразлар учун энг қулай йўл экани. Шиалар тарихини ўқиганлар шуни яхши билишадики, ислом ниқоби остида динга зарар беришни хоҳлаган барча душманлар шиалик остида кириб келишган. Аҳли байтга бўлган муҳаббат даъвоси билан инсонлар ишончини қозонган бу бадбахтлар инсонларни диндан чиқарадиган фикрларни тарқатишган. Бунга ботинийларнинг мусулмонларга келтирган зарари очиқ мисол бўлади.

Шиа фирқаларининг сони

Уламолар шиа фирқаларининг сони ҳақида турли хил фикр билдирганлар. Масалан, Ашъарий роҳимаҳуллоҳ шиаларнинг асосий фирқалари учта, қолганлари эса шу уч фирқа остига дохил, деган[1].

Бағдодий роҳимаҳуллоҳ эса сабаий ва рофизий шиаларни рофизийлар номи остида бирлаштириб, шиаларни асосий тўрт қисмга, Шаҳристоний эса беш қисмга бўлиб, қолганлари иккинчи даражали эканини айтишган. Шиаларнинг энг кенг тарқалган ва бугунги кунгача давом этиб келаётган фирқалари имомий-рофизийлар ҳамда зайдийлардир.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, дин душманлари шиалик ниқоби остида исломга ҳужум қилишгани, шиаликнинг асли ҳавои нафсга қурилгани, бинобарин, вақт ўтиши билан шиалар ўртасида турли хил фирқалар пайдо бўлавергани сабабли уламолар бу фирқаларнинг сонини аниқ айта олишмаган. Шунингдек, баъзи фирқалари тарихда маълум вақтларда пайдо бўлиб, вақт ўтиши билан йўқолиб кетишгани, баъзи фирқалар вақт ўтиши билан ўз фикрини ўзгартирган ҳолда бошқа фирқалар билан бирлашгани ҳам уларнинг сонини аниқ айтишга тўсқинлик қилади.

Келгуси мақолаларимизда сабаийлар фирқасидан бошлаб, шиаларнинг асосий тўрт фирқалари ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

[1] “Мақолотул исломиййин” (1\65).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг